Унда Қорақалпоқ давлат университети, Тошкент давлат юридик университети, Андижон давлат тиббиёт институти, Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали, Тошкент давлат педагогика университети, Наманган давлат университети ҳамда ягона нодавлат Олий таълим муассасаси сифатида Урганч инновацион университети фаол иштирок этди.
Ёшларнинг тарихий тафаккурини оширишга қаратилган ушбу танлов 4 босқичда ташкил этилди.
Иштирокчи жамоалар финалда ҳам 3 та шарт асосида беллашувга киришдилар. Танлов низомига кўра 1-шартда ўзбек миллатига хос бўлган миллий қадриятларимизга мансуб қадимги урф-одатларга асосланган театрлаштирилган композициялар саҳнага олиб чиқилди. Урганч инновацион университетининг «Иннаватор» жамоаси бу шартда «Бешик тўй» ҳамда «Лачак тўй» маросимларини ўз ичига олган 30 тадан зиёд расм-русумлар ҳамда урф-одатларни намойиш этдилар. Даставвал бешик тўй маросими таркибига кирувчи «Бак-бавак айтиш», «Чақалоқни бешикка белаш», «Бешта ош тарқатиш» каби бир қанча урф-одатлар, шунингдек, Хоразм воҳасига хос бўлган удумлардан бири қиз фарзандлар 12-13 ёшларда киядиган «Гул лачак» ҳамда 35 ёшларда аёл кишига кийгизиладиган «Кайвони лачак»нинг моҳияти, 63 ёшларда ўраладиган «Давроний лачак»нинг аҳамияти белгиланган 30 дақиқа вақт ичида талаб даражасида саҳналаштирилди.
– Бу танлов ўзбекона урф-одатларимизни чин маънода улуғлаб, тараннум этишда муҳим аҳамият касб этди, — дейди Урганч инновацион университети ўқитувчиси Ойшажон Отажонова. – Шу билан бир қаторда бунда ёшларимизни миллий ва умуминсоний, ижтимоий-ахлоқий, маданий ва маънавий қадриятларимиз, анъана ва урф-одат, миллий санъатимиз билан яқиндан таништириш, уларга жадидларимиз ҳаётини чуқур ўргатиш орқали талаба-ёшларимизнинг тарихий тафаккурини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
2-шартда эса «Иннаватор» жамоаси томонидан Хоразм лазгисининг яралиш тарихига алоҳида аҳамият қаратилиб, ушбу чиқишга узвий боғланган ҳолда қадимий фольклор санъати намуналаридан бири бўлган «Рўмолим бор» қўшиғи қойилмақом ижро этилди. Бундан ташқари, «Чаноқ рақси» ҳамда «Сурнай лазги»сига намойиш этилган рақс иштирокчи жамоалар ҳамда бутун томошабинларни лол қолдирди, барчани рақсга чорлади.
3-шарт асосида иштирокчи жамоалар Жадидлар ҳаёти ҳамда фаолияти бўйича савол-жавобга киришдилар. Қизғин баҳсларга сабабчи бўлган беллашувда билимдонлар берилган 10 та саволга деярли тўлиқ ва батафсил жавоб қайтардилар.
Урганч инновацион университетининг «Иннаватор» жамоаси ягона нодавлат олий таълим муассасаси сифатида ушбу танловда илк маротаба иштирок этиб, якунда фахрли 3-ўринни қўлга киритди.
Гулноза УМИРОВА,
Урганч инновацион университети масъул ходими, журналист.