Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатимизда режадан ташқари болаларни вакцинация қилишни кўриб чиқмоқда.

Юртимизда болалар орасида грипп ва пневмонияга қарши режадан ташқари вакцинацияларни амалга ошириш йўллари кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Барно Абдусаматова маълум қилди.

Вазирлик расмий вакилининг маълум қилишича, болаларни вакцинация қилиш куз-қиш мавсумида вирусли касалликларнинг олдини олиш ва касалликларнинг кириб келиш даражасини пасайтиришга қаратилган.

 “Болалар орасида грипп ва пневмонияга қарши режадан ташқари вакцинацияларни амалга ошириш йўлларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўриб чиқмоқда. Бу ишлар куз ойларида бажариш режалаштирилган”, – деди мутахассис.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, ўз вақтида вакциналашни ўтказмаган ота-оналар болаларнинг касалликлар олдида заиф бўлишига сабабчи бўлиши мумкин. Миллий эмлаш календарига 13 та касалликка қарши ишлаб чиқилган 10 та вакцина киритилган. Ўзбекистонда бу муҳим тиббий восита ишлаб чиқарилмайди. Барчаси импорт қилинади.