2019 йилда Президентимиз фармони билан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси тасдиқланган эди. Унда қатор устувор йўналишларга эътибор қаратилиб, вазифалар қўйилган. Қишлоқ хўжалигида илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш алоҳида вазифа сифатида белгиланган. Демак, 10 йил соҳада энг муҳим ва долзарб ишлар амалга ошириладиган давр сифатида аҳамиятли бўлади.

Мен мамлакатдаги бу ислоҳотларга ўзимни дахлдор биламан. Айни пайтда Германияда қишлоқ хўжалиги йўналишида таҳсилни давом эттиряпман. Тошкент давлат аграр университетида олган билимларимни мустаҳкамлаяпман. Мақсадим — илғор мамлакатлар тажрибасини юртимизга олиб бориш ва соҳани ривожлантириш.

Давлатимиз раҳбари ёшлар масаласи, илм-фанга рағбат ҳақида кўп гапиради. Деярли ҳар нутқида мамлакат келажаги билимли ёшларга боғлиқ эканини таъкидлайди. Жорий йил 14 июль куни Шавкат Мирзиёевнинг ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқи билан биз ҳам танишдик. Унда белгиланган вазифалар, Президент ва халқ олдига қўйилган мақсадлар мени руҳлантирди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ҳар биримизнинг кундалик қоидамизга айланиши шарт бўлган бир шиорни айтди: “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак пойдевори”.

Бундан ташқари, қонун ва одамларни менсимайдиган, уларга қўпол муносабатда бўладиган раҳбарлар ўрнига Ватан ва халқ ташвиши билан яшайдиган ёш-ёш йигит-қизларни тайинлашини таъкидлади. Бу биз – ёшларга берилган катта баҳо. Демакки, давлатимиз раҳбари ёшларнинг салоҳиятига, закосига ишонмоқда.

Мени таъсирлантирган яна бир жиҳат Президентимизнинг ёшларга қарата “Дунёга ўз сўзингизни айтинг!” дея изланиш ва интилишдан тўхтамасликка чақиргани, руҳлантиргани бўлди. Бу, айниқса, илм-фан ортидан катта мақсадлар билан хорижга йўл олган ёшларни сергак торттирди. Қийинчиликларни енгишга, яна ва яна билим олишга, кашфиётлар қилишга, дунёга Ўзбекистон номини кўрсатишга ундади.

Ўз навбатида, менинг мақсадим ҳам янада қатъийлашди. Соҳада билим олиб, яхши тажриба тўплаб, Ўзбекистонга янги ғоя ва ташаббуслар билан боришни мақсад қилиб қўйдим.

Бунёд МАННОБОВ,

Вайнштефан-Трисдорф университети

халқаро агроменежмент йўналиши магистранти

(Германия).