Соғлом халқ — юртнинг асл бойлиги. Шу боис, мамлакатимизда аҳоли саломатлигига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юртдошларимизга сифатли тиббий ва ижтимоий-тиббий хизмат кўрсатиш, оила саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар қилинмоқда.

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова билан суҳбатимиз шу хусусда бўлди.

— Юртдошларимизни соғлом турмуш тарзига ўргатишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш давр талаби бўлиб қолмоқда. Шу боис, аҳолида соғлом турмуш тарзи кўникмасини шакллантириш, тиббий маданият ва малакани ошириш борасидаги энг устувор вазифалар нималардан иборат?

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, инсон саломатлигига таъсир этувчи омиллар орасида тиббий таъминот 10, ирсий омиллар 15, атроф-муҳит ҳолати 20 фоизни ташкил этади. Энг муҳими, инсон турмуш тарзининг (жисмоний ҳолат, овқатланиш тарзи, зарарли одатлар) унинг саломатлигига таъсир этиш улуши 55 фоизгачадир. Демак, узоқ ва саломат яшашнинг асосий шарти тиббий маданиятни ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя этишдир. Тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзи, энг аввало, шахсий гигиена қоидаларини мукаммал ўзлаштириш, атроф-муҳит тозалигининг аҳамиятини англаш ва саломатликни сақлашга қаратилган ҳаракатлар, демакдир.

Кун тартибига риоя қилиш, фаол ҳаракат асосида организмни чиниқтириш, спорт билан шуғулланиш, тўлақонли ва сифатли овқатланиш, овқатланишнинг гигиеник қоидаларига риоя қилиш, мулоқот ва экология маданиятига эришиш, зарарли одатлардан ўзини тия билиш инсон саломатлигида муҳим омиллар саналади.

Жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг олдини олиш, гиподинамия — камҳаракатлиликка қарши оммавий курашиш, кенг аҳоли қатламларини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш борасида муайян ишлар қилинмоқда. Аммо бутун дунё бўйича ногиронлик ва барвақт ўлимнинг етакчи сабаби бўлган юрак-қон томир тизими касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали хасталиклари ва қандли диабет каби юқумсиз касалликларнинг юртимизда ҳам тобора кўп учраётгани кишини ўйлантирмай қўймайди. Бундай касалликлар, асосан, юқори қон босими, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш, қондаги холестериннинг юқори даражаси, ортиқча вазн, мева-сабзавотларни етарлича истеъмол қилмаслик ва камҳаракатлилик каби хавфли омиллар туфайли юзага келади.

Хаста бўлмаслик учун ҳар бир киши соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг жуда оддий усулини билиб олиши лозим. Энг аввало, зарарли одатлардан тийилиш, унинг оқибатини тасаввур қилиш ва танқидий баҳолаб бориш керак.

— Соғлом турмуш тарзининг асосий тамойиллари хусусида тўхталсангиз.

— Жисмоний фаоллик соғлом турмуш тарзи ва тананинг тўғри ишлашини таъминлашда зарур омилдир. Фақат у зўриқишларсиз ва мунтазам  бўлиши керак. Жисмоний фаолликнинг пасайиши ички органлар фаолиятида турли патологик ўзгаришларга, бўғимлар ҳаракатланиши сусайиши эса мушаклар ва скелет тизими касалликлари ривожланишига олиб келади. Жисмоний сустлик, гиподинамия жамиятнинг ўткир муаммосидир. Транспорт, хизмат кўрсатиш соҳаси, меҳнатни автоматлаштириш, кам ҳаракат саломатликдаги муаммоларни келтириб чиқаришда катта улушга эга.

Овқатланишда меъёрга амал қилиш, хилма-хилликни таъминлаш соғлом турмуш тарзи кафолатидир. Ҳаёт ва меҳнат тарзимизнинг фаоллиги, саломатлигимиз кўп жиҳатдан қандай овқатланаётганимизга боғлиқ. У инсон иш қобилиятига, ҳаёт сифати ва давомийлигига сезиларли таъсир кўрсатади. Тиббиёт илми султони Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида тўғри овқатланиш ва унинг аҳамияти тўғрисида тўхталиб, “Кимки соғлом турмуш тарзига эришмоқчи бўлса, ўз соғлиғини сақламоқчи ва мустаҳкамламоқчи бўлса, овқатланиш тартибига, истеъмол қилинаётган овқатнинг сифати, миқдори, овқатни истеъмол қилиш вақти ва унинг ҳазм бўлиш жараёнига асосий эътиборини қаратмоғи лозим”, деб таъкидлаган. Қуёшли заминимизда етиштириладиган мева-сабзавотларни бутун дунё севиб истеъмол қилса-да, ўзбекистонликларнинг 67 фоизи кунига 400 грамм мева-сабзавот истеъмол қилиш мустаҳкам саломатлик гарови эканидан бехабар. Натижада турли хасталиклар инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, эрта ўлим ҳолатларига сабаб бўлади.

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини текшириш мақсадида 2017 йилда ўтказилган лаборатория таҳлиллари янада ҳушёр бўлишга ундайди. Санитария-гигиена лабораторияларида озиқ-овқат маҳсулотларининг 265 минг 332 та намунаси текширилганда, уларнинг 9 минг 302 таси санитария-гигиена меъёри талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. Жумладан, техник пальма мойи ҳаётий муҳим органларни ишдан чиқариши билан бирга, онкологик касалликларга сабаб бўлади. Афсуски, бу модда озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида кўп учрайди. Мазкур маҳсулотларнинг хавфсизлигини, организмга ижобий ёки салбий таъсирини ўрганиш ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлиши лозим.

Тана вазни меъёрида бўлишига эришиш керак. Ортиқча ва режимсиз, палапартиш овқатланишга чек қўйиш, керакли миқдордаги оқсил, ёғ, углевод, минерал модда ва витаминларга бой таомларни истеъмол қилиш саломатликнинг энг муҳим омилларидан саналади.

— Касалликни даволашдан кўра унинг олдини олган яхшироқ. Бу борада шифокорлар ва аҳолига юкланадиган вазифа, масъулият нимадан иборат?

— Аҳоли саломатлиги профилактикаси, аввало, қишлоқлардан бошланиши ва бунга жавоб берадиган яхлит тизим бўлиши керак. Масалан, сувнинг ифлосланиши буйрак, ошқозон-ичак хасталикларига, атмосферадаги радиация, озиқ-овқат маҳсулотларида кимёвий воситаларнинг кўплиги онкологик, нотўғри турмуш тарзи қон томирлари, юрак, эндокрин, асаб касалликларига сабаб бўлмоқда.

Шу боис, ҳар бир хонадон, таълим муассасалари ва ташкилотларга бориб, аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш, дам олиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш ишларини ташкиллаштириш, уларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш зиммамиздаги масъулиятдир.

Ўзаро муомала ва муносабатда иззат-ҳурмат, ахлоқ-одоб меъёрларига, жамият қонунларига риоя қилиш ҳам соғломлик кафолати эканини тушуниш лозим. Руҳий саломатликни асраш керак. Оилавий жуфт танлашда асосий талаб тиббий-биологик ва ижтимоий-психологик саломатликка қаратилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Шу билан бирга, кун тартибини тўғри режалаштириш, ҳар куни эрта уйқуга ётиб, эрта туришни одатга айлантириш ҳам саломатликка кони фойда. Ўқиш ва ишда танаффусларга риоя қилиш, очиқ ҳаводаги сайр, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишнинг аҳамияти беқиёслигини ҳар бир юртдошимиз англаб етиши зарур.

Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди