Давра суҳбатида талабаларга Беларусь миллий техника университети ҳақида батафсил маълумот берилди.  

— 2018 йилда Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида бир неча йўналишларда ҳамкорлик шартномалари имзоланган эди, — деди Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов. — Жумладан, олий таълимни ривожлантиришга катта эътибор қаратилди.  Қисқа муддатда Беларусь Республикасининг олий таълим муассасалари билан қатор ҳамкорлик алоқалари амалга оширилди. Дастлаб Тошкент давлат техника университети бешта йўналиш бўйича Беларусь миллий техника университети билан ўзаро қўшма дастурларни йўлга қўйди. Айни пайтда юздан ортиқ талабаларимиз автомобилсозлик ва тракторсозлик, машинасозлик технологияси, шу билан бирга биомуҳандислик инжинерияси, метрология стандартлаштириш ва сифат менежменти таълим йўналишлари бўйича қўшма дастурлар асосида таълим олишяпти.

2019 йилда Тошкент шаҳрида Беларусь – Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти ташкил этилди. Институтга пандемия шароитига қарамасдан 2020-2021 ўқув йилида дастлабки талабалар қабул қилинди. Ҳозирги кунда 350 нафардан ортиқ талаба мана шу олий таълим муассасасида 6 та таълим йўналиши бўйича таҳсил олмоқда.

Учрашувда кейинги ҳамкорлик дастурлари доирасида янги йўналишларни очиш хусусида сўз юритилди. Қуймакорлик технологияси йўналишида  қўшма таълим 2+2 дастури асосида бакалавр, 1+1 дастури асосида магистратурада таҳсил олиш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланди.  Шунингдек, келгусида малака ошириш, юқори салоҳиятли кадрлар тайёрлаш, илмий йўналишлар бўйича ҳам келишувларга эришилди.

Шу кунгача Тошкент давлат техника университетининг 100 га яқин ёш профессор- ўқитувчилари Беларусь миллий техника университетида малака ошириб қайтди. Ўнга яқин иқтидорли ёшларимизга Беларусь миллий техника университетининг профессор -ўқитувчилари таянч докторантурада илмий раҳбарлик қиляпти. Бу ишлар мунтазам давом этади.  Тошкент давлат техника университети профессор-ўқитувчилари ўзларининг илмий лойиҳаларини Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим қилиб, Беларусь илмий-техник қўмитаси билан ҳамкорликда янги илмий лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Беларусь милий техника университети билан ҳамкорликда 2+2 форматда ташкил қилинган қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган талабаларнинг 3-курсдаги ўқув жараёнлари бевосита Беларусь милий техника университетида ташкил этилади.