Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги “Чилтўғон” маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар етакчиси сифатида иш бошлаганимга унча кўп вақт бўлгани йўқ. Ёшлар балансини шакллантириш жараёнида маҳалла ёшлари билан яқиндан танишиб, уларнинг орзу-интилишлари, қувонч ва ташвишлари, муаммоларини ўрганишга ҳаракат қилдим. Бу жараён осон кечмаганини айтишим керак. Чунки тизим янги, унга одамларда, энг аввало, ёшларда ишонч уйғотиш зарур эди.

Энди иш бошлаб, уйма-уй юрган кезларим Мирмуслим исмли йигитнинг ўқишга иштиёқи баландлиги эътиборимни тортди. Унинг ниятлари, муаммолари билан қизиққанимда Мирмуслим: “Бу йил мактабни тамомлаб, олий таълим муассасасига тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилиндим, лекин шартнома пулини тўлашга қурбим етмаяпти. Бирор йил ишлаб турай, балки... келаси йили яна уриниб кўрарман”, деди. Мирмуслим қабул қилинган ўқув даргоҳи юртимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири эди.

Назаримда, ўқишни ташлаб кетса, ҳаёт ташвишлари билан андармон бўлиб, кейин олий ўқув юртига кириш фикридан узоқлашиши мумкин эди. Унинг оилавий шароити билан яқиндан танишарканман, ота-онаси иккинчи гуруҳ ногирони, Мирмуслим уларнинг яккаю ягона фарзанди, ишонган тоғи экани аён бўлди. Шуларни ўйлаб, ундан: “Укажон, кўриб турибсан, Худога шукр, юртимизда ёшларга катта эътибор қаратиляпти. Агар тўлов-шартнома суммасининг бир қисми “Ёшлар дафтари” жамғармасидан қоплаб берилса, университетда ўқийсанми?” деб сўрадим. Унинг кўзлари қувончдан порлаб: “Ҳа, албатта, ўқийман”, деди.

Мирмуслимни “Ёшлар дафтари” платформасига жойлаштириб, керакли ҳужжатларини тайёрладим. Орадан чамаси йигирма кунлар ўтиб, тўлов-шартнома пулининг ярми қоплаб берилди. Бу хабарни эшитганимда, аввало, ўзим қувондим. Дарҳол Мирмуслимнинг ёнига бориб, тўлов квитанциясини қўлига тутқазганимда кўзларида севинч ёши қалқиди. Ота-онаси ҳам ўзида йўқ хурсанд бўлиб, қўлини дуога очди. Бир йигитнинг орзуси рўёбга чиқишига ҳисса қўшиб қайтар эканман, қилаётган ишимдан кўнглим тўлди.

Ҳозирги кунда яна икки нафар талаба тўлов-контракт суммасининг бир қисми қоплаб берилиш арафасида. Бир неча ёшларни ахборот технологиялари ва хорижий тиллар бўйича ўқитиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратилмоқда.

Маҳалламизда йил бошидан буён “Ёшлар дафтари”га киритилганларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилиш учун 70 миллион сўмга яқин субсидия ажратилди. Субсидия ажратишдан олдин уларнинг оилавий аҳволи тўлиқ ўрганилди. Мана шу ташкилий ишлардан сўнг маҳалламиздаги турли касбдаги етти нафар ёшга субсидия ажратилди. Уларнинг оила аъзолари ҳам иш билан таъминланди. Мана шу саъй- ҳаракатларни, амалий ишларни кўрган йигит-қизларнинг янги тизимга ишончи ошмоқда.

Айни пайтда маҳалламиздаги Зиёда исмли тикувчи қиз “Ёшлар дафтари” орқали олган тикув машинаси ёрдамида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйди. Онаси ва опаси ясаган қўғирчоқларга либос тикади. Шундай қилиб, оила аъзолари ҳам ишли, ҳам даромадли бўлди.

Бундай мисоллар кўп. Масалан, оиласи иқтисодий мураккаб аҳволдаги икки нафар ёшнинг сафарбарлик чақирув резервини ўташ бадали “Ёшлар дафтари”дан тўлиқ қоплаб берилди. Шунингдек, маҳалладаги яна икки нафар йигитнинг автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш курси харажатларининг бир қисмини тўлашда кўмак кўрсатилди. Ишлаб чиқариш фаолиятини яхшилаш мақсадида бир нафар ёш тадбиркорга имтиёзли кредит ажратилди. Бундан ташқари, маҳалладаги истеъдодли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш учун ҳомийлик асосида икки нафар ёшга спорт анжомлари олиб берилди.

Маҳаллада таъмирталаб ҳолатга тушиб қолган футбол майдончаси туманнинг 2-сектор раҳбари ёрдамида тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Майдон универсаллаштирилиб, ҳозир волейбол бўйича машғулотлар ўтказиляпти.

Ўттизга яқин ёшнинг бандлиги таъминланди, ўндан зиёд ёшга уч ойлик ўқув курсларига бепул йўлланма берилди. Кам таъминланган оилаларнинг 60 нафар фарзандига ҳомийлар ёрдамида турли ўйинчоқлар тарқатилди, йигирмата хонадонга эса озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.

Маҳаллада ўтказилган “Беш ташаббус” олимпиадаси доирасида юзлаб янги истеъдод эгалари кашф этилди. Ҳар бир кўчада футбол, волейбол бўйича жамоалар ташкил этилди. Юртимиздаги кўзга кўринган ижодкорлар, жумладан, таниқли ёзувчи-шоирлар, актёрлар билан ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Бу учрашувлар маҳалламиз ёшларида унутилмас таассурот қолдирди.

Маҳаллада ватанпарварлик, китобхонлик ҳам ўз ўрнида ташкил этилмоқда. Ҳар бир маҳалла ёшлари ўртасида соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш борасида мусобақалар режали ўтказиб келинмоқда. Бир сўз билан айтганда, ёшлар етакчиси маҳалладаги ёшларнинг яқин дўсти, сирдоши ва ҳамфикрига айланди. Янги тизим мамлакатимиздаги юзлаб, минглаб Мирмуслимлару Зиёдаларнинг  ҳаётда ўз ўрнини топиши, касб-ҳунар эгаллаб, оиласи фаровонлигига ҳисса қўшишига сабабчи бўляпти.

Ёшлар камолоти, манфаати, ёруғ иқболи, бахту саодати Янги Ўзбекистон келажагини барпо этишдек улуғвор мақсадимизнинг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ёшлар Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинасидир. Зеро,  эътибор бор жойда ўсиш, рағбат бор жойда юксалиш бўлади.

Жаҳонгир НОСИРОВ,

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги “Чилтўғон” МФЙ ёшлар етакчиси