Шаҳрилло Холов Ҳарбий тиббиёт академиясининг ҳарбий врачлар тайёрлаш факультети курсанти. Куни кеча у иқтидорли тенгдошлари қатори “Тиббиёт моҳирлари” 3-халқаро олимпиадасида қатнашди. Олимпиада натижалари эълон қилинганида курсантнинг қувончи чексиз эди. Чинакам меҳнат натижасини кўрсатди. Шаҳрилло бизга интервюсида ўтиб бораётган йил омадли келганини таъкидлаб, интилиш ва мақсадлари ҳақида сўзлаб берди.

— 2023-йил феврал ойлари. Ўшанда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти 4-курс талабаси эдим. Институтимизга Қуролли Кучлар ҳарбий тиббиёт академиясидан масъул шахс келиб, бизга академия ҳақида маълумот берди ҳамда ўқишга қабул бошланганини айтиб қолди. Ёшлигимдан ҳарбий сохага қизиқишим борлиги туфайли бу мен учун яхши имконият эди. Мен ҳам қабул учун ариза топширдим. Оиламиз аъзолари танловимдан хурсанд бўлиб, мени қўллаб қувватлади. Июнь-июль ойларида жисмоний, психологик ва мутахассислик фанларидан имтиҳон топширдик, — дейди интилувчан курсант. — 4 июлда имтиҳондан ўтганим тўғрисидаги хабарни эшитдим. Ўша вақтдаги хурсандлигимни сўз билан таърифлаб беролмайман. Юртимизда барча касблар масъулиятли. Лекин улар ичида фақат икки касб эгалари хизмат фаолиятини бошлашдан олдин қасамёд қабул қилади: бири шифокорлик бўлса, иккинчиси ҳарбийлик. Менга шу икки қасамёдни ўқиш, шу икки касб эгаси бўлиш, икки касб либосини кийиш бахти насиб этди.

Шу билан мен 28 июлда академияга келдим. Взвод командиримиз ва сафдошларим билан танишдим. Биргаликда академияда қандай шарт-шароитлар яратилганлигига гувоҳ бўлдик. Академиямиз замонавий талабларга тўла жавоб беради. Бизга ўз касбининг етук мутахассислари, профессор-ўқитувчилар дарс ўтяпти. Ўқув биномиздаги симуляция маркази замонавий, энг сўнгги тиббиёт жиҳозлари ва роботлар билан таъминланган. Ҳеч бир олийгоҳда бизнинг ётоқхонадай қулай, шинам ва замонавий ётоқхона бўлмаса керак. Курсантлар дам олиши учун барча шароит яратилган. Академиямиз Марказий ҳарбий клиник госпитал рўпарасида жойлашгани ҳам амалий билимларга эга бўлишимизда катта қулайликдир.

15 декабрда Самарқандда халқаро тиббиёт олимпиадаси бўлиб ўтди. Унда қатнашиш катта масъулият талаб этади. Чунки олимпиадага борган курсант Ҳарбий тиббиёт академияси номидан қатнашади. Tўғрисини айтсам, бу олимпиадада қатнашиш учун ўзимга ишонч етмади. Бир гуруҳ курсантлар қатнашиб, умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади. Бу академиямиз учун катта ютуқ эди. Кейин мен бу олимпиадада қатнашмаганимдан бироз афсусландим.

18 декабрда факультетимиз раҳбари Комил Эшқувватов хонасига чақириб, Тошкент тиббиёт академиясида бўлиб ўтадиган “Тиббиёт моҳирлари” 3-халқаро олимпиадасида қатнашишимни айтди. Мен бундан хурсанд бўлдим, лекин тайёрланиш учун вақт жуда оз эди. Эртаси куни Тошкент тиббиёт академиясига бордик. Олимпиада 8 мутахассислик бўйича беллашдик. Тиббий профилактика йўналиши бўйича қатнашиб, 2-ўринни олдим. Умумжамоа ҳисобида гуруҳимиз 4 та 2-ўрин, 3 та 3-ўринни эгалладик. Тақдирлаш жараёни кўтаринки кайфиятда ўтди. Тақдирлангандан сўнг “Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан”, дейишимиз залдаги барчада бизга нисбатан ҳавас уйғотганини сездик. Бундан жуда катта фахр туйдим.

Биз умумжамоа ҳисобида барча олийгоҳлар ичида фахрли 3-ўринни олдик. Академиямиз раҳбари алоҳида ташаккур билдириб, биздек курсантлар билан фахрланишини айтди. Бувим, ота-онам ва оиланинг бошқа аъзолари бу ютуғимдан жуда хурсанд бўлди. Бу ютуқларга эришишимга сабабчи бўлган устозларим, академия раҳбарияти ва оиламиз аъзоларига раҳмат айтаман. Халқимиз ва давлатимиз раҳбари билдирган ишончни оқлашга, бор салоҳият ва имкониятларимни Ватан равнақи учун сарфлашга ва албатта Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қилишга ваъда бераман.

Тошкент тиббиёт академияси

ахборот хизмати раҳбари

Гулчеҳра МИРЗАЕВА ёзиб олди.