Президентимиз жорий йил март ойида Самарқанд вилоятига ташрифи давомида жамоатчилик вакиллари билан Нарпай туманига айнан ушбу поездда борган ва давлатимиз раҳбарига унинг имкониятлари шу тарзда тақдим қилинган эди.
Бугун юртимизда бўлаётган ўзгаришлар кўлами кенг. Халқимиз ҳаётини
фаровон этишга қаратилган лойиҳалар кўп. Шунга яраша қулайликлар ҳам кам эмас.
Тошкентдан Хивага тезюрар электропоезднинг қатновга қўйилиши ҳам шундай
саъй-ҳаракатлар самараси.
...Эрталаб соат 6:30. Тошкент марказий темир йўл вокзалидамиз.
Вокзални инсон ҳаётининг муҳим нуқталаридан бирига, айтайлик, умр чорраҳасига
ўхшатиш мумкинми? Менимча, мумкин. Чунки инсон ҳам ҳаётда йўловчи. Умри
давомида айнан йўловчи сифатида у ёқдан-бу ёққа югуради, елади. Ҳаётнинг ширин
ва аччиқ ташвишларини бошдан кечиради. Баъзан иш ва саёҳат баҳонасида йўлга
отланади. Йўлда турли одамлар билан учрашади, мулоқот қилади. Шу боис, вокзаллар
доим гавжум.
Тошкент марказий темир йўл вокзали ҳам шундай. Доим йўловчилар билан
тўла. Кимдир у, кимдир бу манзилга шошади. Вокзалларимиз гавжумлигининг
сабабларидан яна бири мамлакатимиз темир йўл тизимида йўловчиларга яратилаётган
қулайликлар, айниқса, ҳудудларни боғловчи “Жалолиддин Мангуберди”дек тезюрар
поездларнинг халқ хизматига қўйилиши бўлмоқда. Буни Тошкент ва Хивани боғловчи
мазкур поезднинг илк қатнови муносабати билан ташкил этилган тадбир
иштирокчилари ҳам кўп таъкидлади.
Темир йўл тизимидаги йирик лойиҳалар тақдимотида кўп иштирок этганман.
Уларнинг деярли барчаси тантанали тус олади. Нега? Ушбу саволга жавоб топиш
учун яқин ўтмишга назар ташлашнинг ўзи кифоя. Ахир поездга чипта тополмай,
вагон йўлакларида йўлхалта устида навбат билан дам олиб ёки тик туриб манзилга
етиб олганлар кам эмас орамизда. Транспорт тизимидаги оқсоқликлар туфайли
пойтахтни қўя турайлик, вилоят ёки туман марказига бориш учун бир кун йўлда
юрилгани ҳам одамлар эсидан чиққани йўқ. Шундай шароитда бутун мамлакат транспорт
тизимига қаратилган эътибор, хусусан, янги темир йўллар қурилиши,
электрлаштирилиши натижасида бугун манзилимизга аввалгидан тез ва қулай
шароитда етиб оляпмиз. Танлов имкониятимиз кенгайяпти. Қисқаси, мамлакатимиз
тараққиёти бугунги ўзгаришларда, одамлар ҳаёти ва турмушида бўй кўрсатмоқда.
Шундай экан, тизимдаги каттаю кичик лойиҳани ҳар қанча хурсандчилик билан қарши
олсак арзийди.
Агар бундан ўн-ўн беш йил аввал, дейлик, Урганч ёки Хивага тезюрар
поезд келади десангиз, сизни камида хаёлпарастга чиқаришлари мумкин эди. Аммо
бугун ҳақиқат шуки, ана шу тасаввур рўёбга чиқмоқда. Орзулар ушалмоқда.
Ўзгаришлар ҳамманинг кўз ўнгида содир бўлмоқда.
Шу ўринда темир йўл соҳасига оид баъзи рақам ва далилларга тўхталиб
ўтсак. Тизимдаги ислоҳотлар эпкинини, айниқса, кейинги йилларда сеза бошладик.
Буни янада теран англаш учун давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 10 октябрдаги
“Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига эътибор қаратиш жоиз.
Чунки ушбу қарор асосида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти
тизимида кенг кўламли трансформация ишлари бажарилмоқда. Янги темир йўл
лойиҳалари амалга оширилди. “Самарқанд — Ургут”, “Байтқўрғон — Паркент”,
“Навоий — Бухоро” йўналишларида электрлаштирилган участка йўллари бунёд
этилиб, фойдаланишга топширилди. Айниқса, соҳада йўловчи ташишни янада
ривожлантириш, аҳолига ҳар томонлама қулай қатнов шароити яратиш мақсадида
тизимга замонавий технологияларни жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Хорижий давлатлардан замонавий электровоз ва тепловозлар харид қилиниб, йўловчи
вагони парки йилдан йилга янгиланмоқда. “Жалолиддин Мангуберди” электропоезди
бунинг яққол мисоли.
2026-2030 йилларда “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи”
акциядорлик жамиятида ишлаб чиқариладиган 200 та янги, замонавий йўловчи
вагонини сотиб олиш режалаштирилган. Унга кўра, ҳар йили 40 та вагон етказиб
бериш кўзда тутилган.
Йўловчилар чиптани онлайн харид қилиши мумкин. Қолаверса, қўшимча
қулайликлар яратиш мақсадида барча вокзал ҳудудларига босқичма-босқич
инфокиосклар ўрнатилмоқда. Натижада замон талабларидан келиб чиқиб,
йўловчиларга рақамлаштириш тизими орқали хизмат кўрсатишдан ташқари, навбатлар
қисқариб, вақт тежалади. Бу тизим йўловчилар гавжум пайтларда — байрамлар,
таътиллар ёки иш вақтидан кейин жуда самарали. Хизмат кўрсатиш сифати ҳам
ошади.
Соат 7:00. “Жалолиддин Мангуберди” поезди буюк саркарда юрти — Хоразм
сари йўл олди. Биз жойлашган вагонда, умуман, бутун поездда ҳамманинг кайфияти
аъло. Барча янги лойиҳа, янги поезд билан бир-бирини табриклайди. Камига
хоразмлик санъаткорлар куй-қўшиқлар билан кўнгиллари кўтаради.
Транспорт қанчалик тез ҳаракатланмасин, йўл танобини суҳбат тортади.
Шу боис, ёнимдаги йўловчи — узоқ йиллар темир йўл тизимида меҳнат қилган Ҳасан
Маҳмудовни гурунгга чорлайман.
— Бугун юртимиз учун яхши кун, — дейди суҳбатдошим. — Нимага
темирйўлчилар учун демаяпман, биласизми? Сабаби, лойиҳа тизимники бўлиши
мумкин, лекин поезд — халқники. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бунинг
ортида катта меҳнат турибди. Давлатимиз раҳбарининг халқни ўйлаб юритаётган
сиёсати маҳсули бу.
“Ишни шиддат билан бошласанг, енгил кўчади” деган гапни ёшлигимда жуда
кўп айтишган. Шунинг учун ҳеч эсимдан чиқмайди. Темир йўл тизимидаги ишларга
ҳам шундай баҳо бераман: шиддатли. Бундан эса барчамиз баҳраманд бўляпмиз.
— Ҳозирги шароит билан сиз меҳнат қилган даврлардаги фарқни нималарда
кўрасиз? — деб сўрайман суҳбатдошимдан.
— Битта фарқини айтаман. Илгари ишимиз Хоразмда дейилса, юрак безилларди.
Чунки, биринчидан, масофа узоқ. Иккинчидан, йўллар электрлаштирилмаган,
поездларда шароит деярли йўқ эди. Бир сафар чўлда тепловозимиз бузилиб қолган.
Чўлда саратоннинг иссиғини тасаввур қилаверинг. Шундай шароитда уч соат қолиб
кетганмиз. Энди бугунги поездларга қаранг: одамлар учун қулай қилиб ишлаб
чиқарилган. Буларни кўриб биз — кексалар, албатта, дуо қиламиз.
— Хивагача борасизми? — деб сўрайман тағин.
— Йўқ, Самарқандгача бораман. Биз, бир гуруҳ нуронийлар Имом Бухорий
мажмуасини зиёрат қилиш учун йўлга чиқдик. Фарзандларим, невараларим айтди:
аждодимиз мажмуаси жуда муҳташам бўлибди. Шундай зиёратгоҳларга замонавий
поездларда боришга нима етсин!
Ислоҳотлар шиддатига мос ҳаракатлар, аввало, одамларга қулайлик
яратиши билан аҳамиятли. Юртимиз темир йўл транспорти тарихида муваффақиятли
лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилаётган мазкур лойиҳа юртимизнинг тарихий
шаҳарларини бир-бири билан боғлайди. Самарқанд, Бухоро каби қадимий шаҳарларга
йўловчи тушириб, йўловчи олади. Бу нафақат маҳаллий аҳоли, балки юртимизга
келаётган сайёҳлар учун ҳам айни муддао. Ким билан гаплашманг, фикр сўраманг,
шу гапларни айтади. Юртимиздаги ўзгаришларни мамнуният билан таъкидлайди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг
январь-февраль ойларида 156 мамлакатдан 1 миллион 776 минг 336 чет эллик саёҳат
мақсадида мамлакатимизга келган ва бу кўрсаткич ортиб бораётир.
Энди поезд имконияти ва қулайликлари ҳақида. Ҳозир поездларимиз
Тошкентдан Хивагача бўлган масофани 14 соатда босиб ўтади. “Жалолиддин
Мангуберди” эса мазкур масофа вақтини икки баробар қисқартиради. Яъни у 1022
километрли масофани 7,5 соатда босиб ўтади.
Соатига 250 километр тезликда ҳаракатлана оладиган замонавий поезд
Ўзбекистон шароитига мослаштирилган. Яъни 50 даража иссиқ ҳамда 40 даража
совуқда ҳам ишончли ҳаракатланади. Вагонларга чанг кирмайди, юқори ва паст
ҳароратларга, қум бўронларига чидамли тизимлар билан жиҳозланган. Узоқ
масофаларга саёҳат қилиш учун мўлжалланган. Йўловчи ўриндиқларни хоҳишига
қараб, икки йўналиш бўйича буриши мумкин. Вагонларда кузатув камералари мавжуд.
Махсус экранларда ҳаракат харитаси ва тезлик кўрсатиб борилади. Поезд таркиби
узунлиги 175 метр, 7 та вагондан иборат, ўриндиқлар сони 389 та.
Янги авлод поездининг юртимизга олиб келиниши соҳадаги ислоҳотлар
ифодаси бўлиб, аҳолига қулайлик яратиш баробарида туризм имкониятларини
оширади.
Ушбу поездларни йўлга қўйиш учун темирйўлчилар 450 километрли “Бухоро
— Урганч — Хива” участкасини тўлиқ электрлаштирди. Шунингдек, “Навоий — Бухоро”
участкасида юқори тезликда ҳаракатланадиган поездларга мослаштирилган 92,12
километрли иккинчи темир йўл қурилиши лойиҳаси якунига етказилди. Натижада
поездлар соатига 250 километргача тезликда ҳаракатланиш имконига эга бўлади.
Поезд манзил сари илдамлайди. Деразадан далалар, тоғлар, боғлар,
қишлоғу шаҳарлар манзараси бир-бир ўтади. Манзара хаёлларни узоқларга олиб
кетади. Шу аснода маълумотларни ҳам таҳлил қиламан. Хаёлимда поезд тезлигини
бугун мамлакатимиз темир йўл тизимида рўёбга чиқарилаётган лойиҳалар,
ўзгаришларга қиёслайман. Бинобарин, тизимдаги ишлар шиддатли. “Жалолиддин
Мангуберди” поезди манзили аниқ бўлганидек, улар ҳам мақсадли лойиҳаларга
асосланган.
Халқимизда “От — йигитнинг йўлдоши” деган гап бор. Менимча, бу бежиз
айтилмаган. Садоқатли тулпори бўлмаганида, эҳтимол, Жалолиддин Мангуберди
Чингизхон қўлига асир тушмаслик учун дарёга сакрамаслиги, жангу жадалларда
ғалаба қозонмаслиги мумкин эди. Назаримизда, ушбу поездга “Жалолиддин
Мангуберди” номи берилишида ҳам ўзига хос маъно бор. Биринчиси, поезднинг миллий
қаҳрамонимиз улғайган юрт — Хоразмга қатнаши бўлса, иккинчиси — у қулай ва
хавфсиз.
Поезд тезлиги Бухоро чўлларида янада ошади: энг юқори нуқтага —
соатига 250 километрга етади. Манзил сари яқинлашяпмиз. Ниҳоят, муайян вақт
ўтиб, аввал Урганчга, кейин белгиланган вақт — соат 14:30 да Хивага етиб
бордик.
Чингизхондай қудратли кучга қарши тура олган, мардонавор курашган
Жалолиддин Мангуберди қаҳрамонлигидан фахрланамиз. Буюк саркарда номи билан
аталган ушбу поезд мамлакатимизга етказиб берилиши режалаштирилган олтита
“Hyundai Rotem” поездларидан биринчиси. Поезд таркибининг Ўзбекистон байроғини
эслатувчи мовий, яшил ва қизил рангли чизиқлар билан бойитилгани кишида фахр
уйғотади. Поезд ва йўловчилар тантанали кутиб олинди. Хива вокзали байрамона
тус олди. Куй-қўшиқлар янгради.
“Жалолиддин Мангуберди” поезди “Тошкент — Хива — Тошкент” йўналишида
пойтахтимиздан эрталаб 07:00 да жўнаб кетади. Хивага етиб бориш вақти соат
14:31. Хивадан эса эрталаб 07:20 юриб, Тошкентга соат 14:51 да етиб келади.
Қатнов кунлари Тошкентдан сешанба, пайшанба, шанба кунларига, Хивадан чоршанба,
жума, якшанба кунларига тўғри келади.
Бу ҳаммаси эмас. Айни пайтда темирйўлчиларимиз 196,2 километрли
“Мискин — Нукус” участкасида электрлаштириш ишларини бажаряпти. У муваффақиятли
якунлангач, келгуси йилдан
“Тошкент — Нукус — Тошкент” йўналишида ҳам “Hyundai Rotem” компанияси
поездлари ҳаракатлана бошлайди. Демак, олдинда туҳфалар бисёр.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири