Бироқ қиш қаҳратони ёки ёз чилласида ҳам ўчоқда чой қайнатган, таом пиширган хонадон соҳибалари учун ўчоқнинг ўрнини буриқсиб тутамайдиган газ плита, ёғоч ўтин ўрнини суюлтирилган газ эгаллашининг ўзи катта қулайлик.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида бошқа тармоқлар қатори нефть-газ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳолига газ маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш юзасидан ҳам тегишли чора-тадбирлар белгиланган.
4 минг 688 метр баландликдаги қишлоқ
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида Хушхабар деган мўъжазгина қишлоқ бор. Тоғ қишлоғида автомобиль йўли бўлмагани боис, эртаклардаги сингари сув омбори ва сўқмоқ йўллардан, тубсиз жарлик ва даралардан эҳтиёткорлик билан юриб борилади.
Яқинда мазкур қишлоққа суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш йўлга қўйилди. Қишлоқда жами 60 нафардан зиёд киши истиқомат қилади. Тўғри, аҳоли жуда кам, лекин улар ҳам сизу биз каби жамият аъзолари.
Сариосиёлик ҳамкасбимиз Азиз Машрабовнинг айтишича, қишлоққа етиб бориш учун “Тўпаланг” сув омбори орқали моторли қайиқларда узоқ йўл босилгач, қуруқликка чиқиб, у ёғига фақат от-уловда ёки яёв борилади. Гўзал табиат қўйнидаги бу гўша Ҳисор тоғ тизмаларининг 4 минг 688 метр баландликдаги Ҳазрати Султон чўққиси этакларида, Маланд, Карч, Вочах каби тоғ қишлоқларидан ҳам юқорида жойлашган.
Инсон қадри улуғланаётган мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга қаратилаётган эътибор юртимиздаги ана шундай бориш қийин бўлган чекка тоғли ҳудудлардаги кам сонли аҳоли яшайдиган масканларни ҳам қамраб олиб, уларнинг маиший масалаларини ҳал этишга катта аҳамият берилмоқда. Бу жараёнда ўчоққа олов ёқиб, таом пиширган, чой қайнатган Хушхабар қишлоғидаги хонадонларга ҳам маиший газ баллони етиб боргани ўзига хос байрамга айланди.
Аҳоли мурожаат қилмаса ҳам...
Энг муҳими, бундай хайрли ишни амалга ошириш учун қачон қишлоқ фуқаролари бизга мурожаат этаркин, дея кутиб турилгани йўқ. Бориш қийин бўлган қишлоқлар аҳолисининг эҳтиёжлари, суюлтирилган газни етказиб бериш йўллари обдон ўрганилиб, газ баллони билан таъминланмоқда.
— Вилоятдаги олис ва бориш қийин бўлган тоғли қишлоқлар аҳолисини суюлтирилган газ билан таъминлаш осон иш эмас. Бунинг учун тоғу-тошлар оралаб, от-уловда юришга, яёв йўл босишга тўғри келади. Биргина Хушхабар қишлоғига бориш учун “Тўпаланг” сув омборида қайиқлар билан бир соат йўл босиб ўтиш керак, — дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали матбуот хизмати раҳбари Азиз Машрабов. — Яъни, сувда 15 километр сузиб борилади. Чунки ушбу манзилга олиб борувчи бошқа йўл йўқ. Сувдан чиқиб қишлоққача тоғ сўқмоғи бўйлаб 3 соат пиёда юрилади. Газ баллонларини тоғ йўлида ташиш учун эшаклардан фойдаланилди. Табиийки, кам сонли Хушхабар қишлоғи аҳолисининг ҳам яхши турмуш кечиргиси, бошқалар сингари ўз хонадонида мавжуд замонавий қулайликлардан фойдалангиси келади. Масаланинг шу жиҳатлари эътиборга олиниб, қишлоқ хонадонларини суюлтирилган газ баллони билан таъминлашни йўлга қўйдик.
Газдан фойдаланиш ушалмас орзу эди
Яқин йилларда ҳам Сариосиё туманидаги Маланд, Карч, Вочах, Кундаи жувоз сингари тоғли қишлоқлар аҳолиси учун суюлтирилган газдан фойдаланиш ушалмас орзу бўлган. Уларнинг бу ниятлари фақат сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида амалга ошди.
Маълумотларга қараганда, бундан 3 йил аввал Сариосиё туманининг 500 йиллик тарихга эга Малан ва олис Карч қишлоқларига ҳам маиший газ баллони етказиб бериш йўлга қўйилган. Суюлтирилган газ “Тўпаланг” сув омборининг кун чиқар тарафидаги тоғлар қўйнида жойлашган Кундаи жувоз қишлоғига ҳам етиб борган.
Маланд билан Карч қишлоғи аҳли учун тоғу қияликлар оша автомобиль йўли барпо этилган. Вочахга эса ёз ва куз фаслларида “Камаз”, “Нива” каби машиналар қатнайди. Кундаи жувоз қишлоғига “Тўпаланг” сув омбори ёқалаб йўл қурилмоқда. Бироқ, Хушхабар қишлоғига транспорт қатнайдиган йўл бунёд этиш жуда мушкул иш бўлгани боис, у ерга газ баллонларини фақат от ва эшакда олиб бориш мумкин экан.
“Қишлоқ одамларига ҳавасим келади”
— Назаримда, бу ҳудудга транспорт қатнайдиган йўл бунёд этишнинг ўзи бўлмайди-ёв. Шунинг учун ҳам газ баллонларини фақат от-уловда олиб борамиз, — дейди “Сариосиётумангаз” газ таъминоти бўлими ходими Азиз Тоғаев. — Юқорига қараб кетган паст ва қия жарликлардан ўтувчи сўқмоқ йўллар қийинчилик туғдирса-да, манзилга етиб боргач, қишлоқ одамларининг қувончига шерик бўлганимизда барча қийинчиликларимиз эсдан чиқиб кетади. Қишлоққа биринчи марта борганимда ўзим ҳам газсиз қандай яшашар экан деб, ҳайрон бўлгандим.. Энди эса ҳавасим келади. Қишлоқ аҳли бир-бирига жуда меҳрли, иноқ, хушмуомала. Чироғимиз йўқ, газ уланмайдими, деган гапларни сира эшитмадим. Шундай бағри кенг, қалби тоза одамларни зангори олов билан таъминлаб, қувонч улашаётганимдан хурсандман.
Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги арафасида олис Хушхабар қишлоғига суюлтирилган газ етиб боргани, албатта, катта янгилик. Бу қишлоқ аҳолисининг турмуш шароити яхшилаш баробарида уларнинг тоғ қўйнидаги яшил бойликларга муносабатини ҳам ўзгартиради. Дарахтлар, атрофга тароват бағишлаб турган арчаларнинг ўтин сифатида ёқиб юборилишига чек қўйилди.
“Бунинг иложи йўқ деб юрардик”
Қишлоқ аҳолиси билан телефонда боғланишимизга ҳамкасбимиз Азиз камарбаста бўлди. Унинг ёрдамида баланд тоғлар чўққисида яшовчи хушхабарликлар билан телефон орқали мулоқот қилдик.
— Биз ҳам газдан фойдаланамиз, деган фикрни хаёлимизга ҳам келтиролмас эдик. Бунинг иложи йўқ, деб юрардик, — дейди хушхабарлик Ҳусин Муҳибуллаев. — Газ плита ва баллонлар олиб келингач, гапнинг рости, ҳайрон қолдик. Қувончимизнинг-ку, чеки йўқ. Бу ишга бош бўлганлардан беҳад миннатдормиз. Газ таъминоти ходимлари газдан фойдаланишнинг хавфсизлиги ва қандай ишлатиш кераклиги-ю, ошхонага ўрнатиш тартибларигача тушунтириб беришди. Барака топишсин.
Қишлоқ отахони Жонмаҳмат ҳожи билан телефон орқали мулоқотимиз янада қизғин кечди:
— Бу қишлоқнинг таърифи йўқ. Тоза ҳаво, зилол сувлар, яшил арчазор, турли гиёҳлар ва ҳатто ёввойи ҳайвонлар ҳам бор. Бу ерга келган кишининг баҳри-дили яйрайди. Ҳамма нарса табиий. Шунинг учун хасталик деган нарсани билмаймиз. Асосан, чорва билан шуғулланамиз. Мана, газимиз йўқ эди, буям келди. Сизга бир гапни очиқ айтсам, аёлларимиз газни ишлатишни билишмайди, кўришмаган-да. Газ таъминоти ходимларига раҳмат, барчасини ўргатишди. Синглим, сиз бир айланиб келинг, бу ерлар Швейцариянинг энг сўлим жойларидан-да гўзал...
Отахон Хушхабар қишлоғининг табиий булоғи ҳақидаги афсонани ҳам айтиб бераётган чоғида, афсуски алоқа узилиб қолди. Нима бўлганда ҳам, биз юртимизнинг шундай ажойиботларга тўла маскани борлигини билдик, одамларининг бир-бирига бўлган меҳру оқибати ҳақида эшитдик. Асосийси, уларнинг газ билан боғлиқ қувончларига узоқдан бўлса-да, шерик бўлдик.
Хушхабар қишлоғи туман марказидан 60 километр олисда жойлашган. Аммо, суви жуда тотли, табиий булоқнинг борлиги қишлоқ кишиларининг омади. Булоқнинг суви август, сентябрь ойларида минутига 1 литр, бир соатда 60 литр сув чиқариб бераркан.
Ношукурлик бўлмаган жойда
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, “Тўпаланг” сув омборининг юқори қисмида бугунги кунда йўл қурилиш ишлар жадал олиб борилмоқда. Яқин келажакда цивилизациядан узилиб қолган Хушхабар, Карш ва Вочак каби тоғ қишлоқлари, энг ривожланган туризм объектига айланишига ҳеч шубҳа йўқ.
Биз бу ёзганларимиз орқали олис ҳудудлардаги аҳолига газ баллонлари етказиб берилаётган қулайлик ҳақида эмас, ҳар қандай шароитда ҳам ўз гўшасини севиб, унга меҳр қўйиб яшаётган бағри бутун одамларнинг ҳаёт тарзини ибрат сифатида кўрсатмоқни мақсад қилганмиз. Зеро, одамийлик ва оқибат ришталари мустаҳкам бўлган, ғийбат, нолиш ва ношукурлик бўлмаган жойда ҳар нарсанинг иложи ва ҳар бир муаммонинг ечими бор.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири