Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли насос станцияларида электр энергиясини тежаш ва ундан самарали фойдаланиш доимий эътиборда.

– Ҳудудлардаги насос станцияларига реактив қувватни компенсация қилувчи конденсатор қурилмалари, замонавий энергиятежамкор светодиодли лампалар, қуёш батареялари, частота ўзгартирувчи қурилмаларни ўрнатиш ишлари бажариляпти, – дейди бошқарма бошлиғи Мурод Тиллаев. – Ўтган йили ҳудудлардаги насос станцияларида 7 та конденсатор қурилмаси, 4 та частота ўзгартирувчи диод ва 1 та қуёш батареяси, 10 та насос ҳамда 15 та электродвигатель ўрнатилди. Шунингдек, 2 минг 250 метр турли кучланишдаги кабеллар ва 30 та сув сарфини ўлчовчи онлайн қурилма модернизация қилинди. Ушбу замонавий техникалар нафақат электр энергиясини тежаб қолади, балки сув сарфи камайишининг ҳам олдини олади.

2021 йилда насосларни таъмирлаш дастурида кўрсатилган таъмирлаш режаси 91 дона бўлиб, амалда 94 донага бажарилди.

Суғориш ва мелиоратив қудуқларни таъмирлаш режаси 15 дона бўлиб, амалда 100 фоизга бажарилди. Шу вақт давомида насосларга бириктирилган 43 минг 639 гектар майдондаги қишлоқ хўжалиги экинларига жами 379,3 миллион куб метр сув чиқарилди.

Вилоятдаги насос станцияларини замонавий техникалар билан жиҳозлаш, айримларини жорий таъмирлаш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

Тошкент вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати