Томонларнинг тор доирадаги учрашувида кун тартибидаги асосий масала – таълим соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш ва манфаатли алоқаларнинг бошқа долзарб йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов Ўзбекистон ва Беларусь Республикаларининг ҳамкорлиги кўплаб соҳаларда жадал ривожаланиб бораётганини эътироф этди.
Мулоқот чоғида ўзаро алмашув (паритет) асосида Беларусь ва Ўзбекистон ИИВ Академиялари курсантлари учун бир ойлик ўқув-семинар машғулотларини ташкил этиш, долзарб мавзуларда икки томонлама маҳорат дарсларини ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси ИИВ академиясида криминалистик лабораториялар ташкил этиб, криминалистик экспертизаларни ўтказиш бўйича ўқитиш методикаларини яратиш, профессор-ўқитувчиларимиз учун Беларусь ИИВ академиясида ўн кунлик педагогик маҳорат ошириш курсларини ташкил этиш, курсантларни кибержиноятчиликка қарши курашиш ва ушбу турдаги жиноятларни тергов қилиш дастурлари бўйича ўқитиш, замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда масофавий илмий конференциялар, семинар-тренинг машғулотларини тизимли ташкил этиш, Беларусь Республикаси олий таълим муассасаларининг тажрибали профессор-ўқитувчиларини Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси ўқув жараёнига узоқ муддатли жалб этиш борасида фикр алмашилди. Томонлар ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини келишиб олди.
Шундан сўнг делегация аъзолари Ички ишлар вазирлиги академиясининг фаолияти билан яқиндан танишди. Ўқув жараёнини мониторинг қилиш марказининг замонавий имкониятлари мемҳонларда қизиқиш уйғотди. Павел Гридюшко криминология фанидан маъруза машғулотини тажриба тариқасида кузатиб, таълим сифатини инновацион методлар ёрдамида ривожлантиришга қаратилган ёндашувларга юқори баҳо берди. Шунингдек, меҳмонлар ўқув тезкор-тергов гуруҳлари учун махсус жиҳозланган автобусларни кўздан кечиришди. Сайёр синфхона ҳамда криминалистик экспертизаларни ўтказишга мўлжалланган мазкур автотранспорт воситалари зарур жиҳозлар ва инновацион технологиялар билан таъминланган. Бу эса курсантларнинг жиноий ҳодиса содир бўлган жойда амалиёт ходимлари билан ҳамкорликда касбий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Таълим жараёнига татбиқ этилган бу ёндашув хорижлик меҳмонлар учун янгилик бўлди.
Академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари учун ташкил этилган мастер-класс машғулотида Беларусь Республикаси ИИВ академияси бошлиғининг ўринбосари Павел Гридюшко ҳамда Жиноятларни тергов қилиш кафедраси бошлиғи, милиция подполковниги Татьяна Щерба терговчи фаолиятини ташкил этиш, банк-тўлов карточкалари ёрдамида талон-торож қилиш жиноятини тергов қилиш методикалари бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.