Зангиота туманининг «Эркин» ҳудудида Хитойнинг халқаро логистика маркази «Jieshite Logisties Co. LTD.» компанияси томонидан «SU SHI KUN» хорижий корхонаси ташкил этиляпти.
Замонавий усулда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қадоқлаш ва қайта ишлаш, ташиш ва етказиб бериш, логистикаси фаолияти йўлга қўйилган мазкур лойиҳа ишга туширилиши учун Хитой компаниясининг 21 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияси жалб этилади. Бунинг натижасида 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Мазкур корхона жорий йил якунига қадар тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, йилига ўртача 6 миллион доллар миқдорида қайта ишланган маҳсулот Марказий Осиё, Россия, Хитой ва Европа давлатларига экспорт қилинади, деб хабар беради Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.