Қонун лойиҳаларини, энг аввало, халқ манфаатидан келиб чиққан ҳолда таҳлил қилиб, уларни танқидий кўриб чиқиш борасидаги ишларни кучайтиришга фаолиятимиз давомида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги вақтда қуйи палатада бир қатор қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишга тайёрлашда ана шу нуқтаи назардан чуқур ёндашиляпти.

Қўмитамиз ишчи гуруҳи ҳамда тегишли идоралар вакиллари билан биргаликда “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштиришда бир қатор муҳим нормалар қизғин муҳокамадан ўтказилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, қонун лойиҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий ғояси қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасидаги муносабатларни комплекс ҳуқуқий тартибга солади. Заргарлик буюмлари асиллик даражасини белгилаш ва тамғалаш тизимини, шунингдек, уларнинг сифатини назорат қилиш тартиб-таомилларини, шу жумладан, давлат-хусусий шерикчик механизмини қўллаган ҳолда такомиллаштиради.

Шунингдек, ушбу соҳа фаолиятини хуфиёна иқтисодиётдан чиқаришга ҳамда тармоқка инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шароит яратиш ва рақобат муҳитини яхшилашга хизмат қилади.

Бугунги кунда қонун лойиҳаси 7 боб, 64 моддадан иборат бўлиб шакллантирилмоқда. Депутатлар томонидан билдирилган таклифлар, фикр-мулоҳазалар асосида пишиқ-пухта ҳолатга келтирилмоқда. Айрим ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилмоқда.

Хусусан, қонун лойиҳаси боблар, бўлимлар ва моддалар мавзуи мантиқан ривожланиб боришини таъминлайдиган тарзда кетма-кет жойлаштирилди. Металларни эгасизлантирилган ҳисобварақлари тушунчасига аниқликлар киритилди ва тўғри талқинга олиб келинди. Қимматбаҳо металлар учун ҳисобга олиш нархларини белгилаш нормасига аниқлик киритилди ҳамда моддалардан аффинаж корхоналарида доимий давлат назоратини амалга оширишда ваколатли давлат органи вакилини доимий бўлиши нормаси чиқариб ташланди.

Шунингдек, депутатларнинг таклиф ва эътирозлари инобатга олинган ҳолда қонун лойиҳаси матнида умуман фойдаланилмаган қимматбаҳо металлар қуймаларини тамғалаш, қимматбаҳо металлар экспертизаси тушунчалари асосий тушунчалар қисмидан чиқариб ташланди.

Қонун лойиҳаси 19-моддасининг “Қимматбаҳо металлар аффинажи” номи “Аффинаж корхоналари” деган янги ном билан ўзгартирилди. Бунга сабаб “қимматбаҳо металлар аффинажи” тушунчасини асосий тушунчалар қисмида мавжудлигидир, бу билан эса тушунчани турли хил талқин қилинишини олди олинди.

Лойиҳани депутатлар билан муҳокама жараёнида, паст асиллик даражасига эга бўлган буюмларни реализация қилиш тақдири нима бўлиши билан боғлиқ саволларга ва бошқа таклиф ҳамда эътирозлар инобатга олиниб, лойиҳанинг 32-моддасига тўғридан-тўғри ишлайдиган нормалар киритилди.

Президентимизнинг  жорий йил 22 февралдаги “Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, аффинаж фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ўзлари ишлаб чиқарган ўлчовли ёмбиларни жисмоний ва юридик шахсларга сотишга рухсат берилади. Бунда, ёмбиларни сотиш нархи ҳисоб-китоб амалга оширилган санадаги Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг эрталабки фиксинг нархи ва Марказий банкнинг курсидан кам бўлмаган миқдорда ишлаб чиқарувчи томонидан мустақил белгиланадиган вазифалар қонун лойиҳасини такомиллаштириш босқичида ўз аксини топди.

Шунингдек, мазкур қарорда назарда тутилган заргарлик буюмларига асиллик даражаси тамғаси ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғаси механик (зарб) ёки лазер усуллари ёрдамида туширишга рухсат этиладиган, бунда заргарлик буюмларига лазер усуллари ёрдамида туширилган шахсий тамғани ишлаб чиқарувчининг зиммасига юкланадиган ҳолатлар ҳам қонун лойиҳаси билан мувофиқлаштирилди.

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси давом этмоқда. Қайд этиш жоиз, ушбу ҳужжат қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасидаги давлат органлари ва бошқа иштирокчиларнинг ваколатлари ва жавобгарлик ҳолатларини тартибга солади.

Ваҳобжон МУРОДҚОБИЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси