Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов мавзу юзасидан маъруза қилди.

2007 йилдан буён ўтказиб келинадиган ушбу Конгресс ҳар йили 20 дан ортиқ хорижий давлатдан 1500 дан зиёд иштирокчини жамлайди. У Евроосиё маконидаги энг йирик ҳуқуқий форумлардан бири бўлиб, ЕОИИ, БРИКС+, ШҲТ каби ташкилотларга аъзо мамлакатларнинг олимлари ва амалиётчи ҳуқуқшуносларини, шунингдек, сиёсатчилар, давлат ҳокимияти органлари ҳамда бизнес вакилларини бирлаштиради.

Конгресс иштирокчилари технологияларни ҳуқуқий тартибга солиш ва рақамли трансформация соҳасидаги Ўзбекистоннинг миллий тажрибаси билан таништирилди.

ХIХ сессия доирасида жами 41 та тадбир ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик қонунчилигини кодификациялаш ва такомиллаштириш бўйича кенгашнинг сайёр йиғилиши, ялпи мажлис, панель мунозаралари, давра суҳбатлари, IX Алексеев ўқишлари, БРИКС Ҳуқуқ институти Мувофиқлаштирувчи кенгашининг IX сессияси, «Европа-Осиё ҳуқуқ университети» консорциуми иштирокчиларининг умумий йиғилиши ва V Европа-Осиё ёшлар ҳуқуқий форуми ўтказилади.

Ишбилармонлик дастурининг асосий қисми «Техно-регуляторика» стратегик технологик лойиҳасига бағишланди. Бунда Россиянинг технологик етакчилигини таъминлашда ҳуқуқнинг ўрни, юридик таълим ва амалиётга АКТ, сунъий интеллект, Big Data каби замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, юридик фаолиятда ижтимоий технологияларни қўллаш каби масалаларни қамраб олинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати.