Ички ишлар вазирининг ўринбосари, Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов маълум қилишича, 2026 йилнинг дастлабки уч ойида мамлакатда 6 211 та олди олиниши мумкин бўлган жиноят содир этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 596 тага камдир.
Шу билан бирга, ходимлар ташаббуси билан 9 544 та жиноят аниқланиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 37 фоизга яхшиланган.
Гиёҳвандликка қарши кураш доирасида 4 080 та жиноят иши қўзғатилиб, 872 кг гиёҳвандлик воситалари, жумладан, 33 кг синтетик моддалар ва 296 мингдан ортиқ кучли таъсир қилувчи дорилар мусодара қилинган.
Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида 670 та жиноят аниқланиб, 80 та жиноий гуруҳ ва 211 нафар улар таркибидаги шахслар ушланган.
Коррупция ва иқтисодиёт соҳасида 1 076 та жиноят аниқланиб, улар орқали етказилган 199,5 млрд сўмдан ортиқ зарарни қоплаш чоралари кўрилмоқда.
Ахборот-коммуникация технологиялари орқали содир этилган жиноятлар сони 18 мингдан ошган бўлиб, уларнинг 97 фоизи электрон тўлов тизимлари орқали пулларни қўлга киритиш билан боғлиқ.
Ҳисобот даврида 2 193 нафар қидирувдаги шахс ушланган, 171 нафар бедарак йўқолган фуқаро топилиб, оиласига қайтарилган.
Умуман олганда, 7 309 та маҳаллада жиноят содир этилмаган бўлиб, бу жами маҳаллаларнинг қарийб 81 фоизини ташкил этган. Шу билан бирга, 1 497 та маҳалла «сариқ», 186 таси «қизил» тоифага киритилган.
Йўл-транспорт ҳодисалари бўйича 1 102 та ҳолат қайд этилган. Уларнинг 346 таси инсон ўлими билан якунланган. Асосий сабаблар сифатида тезликни ошириш, пиёдаларга йўл бермаслик ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик қайд этилган.
Шунингдек, «Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбири доирасида 43 931 та профилактик тадбир ўтказилиб, минглаб қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган, катта миқдорда гиёҳвандлик воситалари ва қурол-яроғлар мусодара қилинган.
Ҳисобот даврида 100 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушиб, уларнинг асосий қисми ижобий ҳал этилган.
Шу билан бирга, тизимда кадрлар салоҳиятини ошириш ишлари олиб борилиб, 25 629 нафар ходимнинг малакаси оширилган, 53 нафар аёл ходима раҳбарлик лавозимларига тайинланган.
Қайд этилишича, 60 та ҳолатда ходимлар пора таклифларини рад этиб, тегишли тартибда чора кўриш учун мурожаат қилган.
2026 йилда хизмат вазифасини бажариш чоғида 10 нафар ходим ҳалок бўлган, 39 нафари эса жароҳатланган.