Бу сўзларни мураббий сифатида шогирдларимга қайта-қайта таъкидлашдан эринмайман.
Мен 2007-2011 йилларда Наманган давлат университетининг Жисмоний тарбия ва жисмоний маданият факултетини тамомладим. 2012-2014 йилларда таҳсилнинг магистратура босқичини ҳам мазкур олий ўқув юртида давом эттирдим. 2014 йилда Наманган муҳандислик-технология институти, жисмоний тарбия ва спорт кафедраси ўқитувчиси бўлиб ўз меҳнат фаолиятимга илк қадамни қўйдим.
Ўтган йиллардаги фаолиятим давомида спортнинг муай-тай тури бўйича 14 нафар Ўзбекистон спорт устасининг етишиб чиқишига эришган бўлсам, шогирдларим орасидан 2 нафар жаҳон, 4 нафар Осиё, 50 дан ортиқ Ўзбекистон чемпионларини ҳам тайёрладим. Улар ва 122 нафардан зиёд Ўзбекистон Республикаси чемпионати совриндорлари бўлган шогирдларим – тинимсиз меҳнат, шуғулланиш, ўзимизга бўлган қатъий ишончимиз ва ҳаракатимиз самараси, албатта.
Бугун шогирдларим орасида Ўзбекистон чемпионлари Жавлонбек Юлдашев, Муяссар Қамбаралиева, Хуршидбек Нуруллаев, Паризода Ҳабибжонова, Фотима Қамбарова, Дилнавоз Ғойиббердиева, Зуҳриддин Жумаев, Одилжон Мирзаумаров, Гулчеҳра Умароваларнинг номларини алоҳида эътироф этишим жоиз. Одина Набижонова, Диёрбек Комилов, Собир Исроилов, Анвар Мамаюсупов, Шодия Қутбиддинова, Шоҳрух Турдалиев, Гулмира Тўлқинова, Мақсуджон Азимов, Рўзимуҳаммад Тусматов, Шоҳруза Ғофуржонова, Сарвиноз Аҳмедова каби ёш спортчиларимиздан ҳам умидим катта. Уларнинг спортга бўлган кучли меҳри ва ўзига нисбатан талабчанлигидан қувонаман, олдиларига қўйган катта мақсадларга, албатта етишларига ишонаман.
Муай-тай жанг санъатлари орасида энг қийини, техникаси спортчига узоқ, ўрта ва яқин масофада тенг даражада яхши жанг қилиш имконини беради. Ўзим ҳам 20 йил давомида спортнинг муай-тай тури билан шуғулланганман, ёшлар ўртасида ўтказилган мусобақаларда уч карра, катталар ўртасида икки карра мамлакат чемпиони бўлдим. Буларни нега айтаяпман. Чунки спортнинг ҳар бир ғалабаси катта тажриба демак. Спортчи ҳатто, мағлубиятидан ҳам сабоқ олмоғи керак. Устозларимнинг бу каби ўгитларига амал қилиб, кам бўлмаяпман.
Мураббийлик фаолиятим билан биргаликда Наманган муҳандислик-технология институтида талабаларга сабоқ бериб келмоқдаман. Ҳаётимдаги энг катта ютуқларимдан бири - 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси Наманган муҳандислик-технология институти кенгашининг тавсиясига кўра, “Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси” ихтисослиги бўйича илмий ишимни муваффақиятли ҳимоя қилиб, доцент илмий унвонини олишга муяссар бўлдим.
Одатда, спорт деганда инсонлар кўз олдига фақат машғулотлар ва спорт мусобақалари келади. Бироқ бу жараённинг ҳам ўзига хос назарияси ва методикаси борлигига ва бу бошқа фанлардан сира фарқ қилмаган ҳолда жуда мураккаб, изланиш ва ўқиб-ўрганишни талаб қилишига кўп ҳам эътибор қаратилмайди. Жисмоний тарбия ва спорт йўналишида мамлакатимиз ўзига хос тажрибага эга. Бу йўналишда ҳали кўп илмий тадқиқотлар ўтказилиши зарур ва бу соҳа ривожига хизмат қилади.
Менинг мақсадим – илмий изланишда давом этиш, бор билим ва тажрибамни соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлод камолоти йўлида сарфлаш, ёшларнинг спортга бўлган қизиқиши ва меҳрини янада кучайтиришга эришишдан иборат. Бу мақсадларимга эришишимга ишонаман. Чунки олий таълим даргоҳимизда биз учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Айниқса, сўнгги йилларда институт моддий-техник базасининг кескин даражада мустаҳкамлангани жисмоний тарбия кафедраси ўқитувчилари ва талабалар учун катта имкониятларни туҳфа этмоқда.
Талабалар йилнинг тўрт фаслида улзуксиз спорт машғулотларига қатнашади. Талабалардан ташқари, институтга бириктирилган маҳаллалардан ҳам йигит-қизлар спорт секциялари иштирокчиси ҳисобланади. Улар орасидаги уюшмаган ёшларга кўпроқ эътибор қаратамиз. Чунки улар шу йўл орқали ҳаётда ўз йўлларини топиб олишлари мумкин. Ана шундай ёшлардан айримлари спорт билан шуғулланиб, унга қаттиқ меҳр қўйиб, шу йўналишда олий таълим олишаётгани ниҳоятда қувонарли.
Шуни алоҳида айтиб ўтишни истардимки, касбга садоқат ҳам аслида ватанпарварлик. Фаолиятим давомида эришаётган ютуқларимда мени қўллаб-қувватлаб келаётган институт жамоаси, устозларим, яқинларимга алоҳида миннатдорчилик билдираман.
Юқорида таъкидлаганимдек, ҳали олдинда режаларим кўп, мақсадларим катта. Айниқса, мураббий учун шогирдлари ғалаба қозониб, шу муносабат билан жаҳон ареналарида Ватан байроғининг кўтарилишидан ортиқроқ бахт бўлмаса керак. Мен бундай ҳаяжонли лаҳзалардаги ҳолатимни сўз билан ифодалаб бера олмайман.
Муҳими, ҳаётим бесамар ўтмаяпти. Ана шунинг ўзиёқ менга катта куч бағишлайди!
Улуғбек ҚЎЧҚАРОВ,
Наманган муҳандислик-технология институти
Жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи, доцент.