Унга кўра, Зулфия номидаги Давлат мукофоти талабгорларини танлаш, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва тақдим этиш тартиби ҳамда йўналишлар бўйича талабгорларнинг ютуқлари, илмий-ижодий ва амалий ишларини баҳолаш мезонлари белгиланди.

Талабгорлар 8 та йўналиш — фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти бўйича танловлар орқали сараланади.

Мукофот ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли хотин-қизларга ўқиш ва меҳнат фаолиятидаги ютуқлари учун берилади.

Йўналишлар бўйича ҳар бир ўринга муносиб талабгорларни танлаш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

  • туман (шаҳар) босқичи — 2 сентябрдан 20 октябрга қадар;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи — 21 октябрдан 30 ноябрга қадар;
  • республика босқичи — 1 декабрдан 31 декабрга қадар ўтказилади.

Мукофот ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2 нафардан вакилларига — жами 28 нафар талабгорга берилади.

Совриндорларга мукофотланганлик ҳақидаги диплом, кўкрак нишони ҳамда БҲМнинг 50 баравари миқдоридаги пул мукофоти ҳар йили 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида тантанали вазиятда топширилади.