Бугун ҳарбий бўлинмаларининг Тошкент кўчалари бўйлаб тантанали юриши бўлиб ўтади

    8 май куни Тошкент шаҳрининг асосий кўчаларида Мудофаа вазирлиги қўшинлари ҳарбий бўлинмаларининг намойишкорона пиёда юришлари ташкил этилади. Пиёда юриш соат 14:00 да Ғалаба боғи мажмуасидан бошланади.

    8 май куни Мудофаа вазирлиги ҳарбий бўлинмаларининг Тошкент кўчалари бўйлаб тантанали юриши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар қилди.

    Тадбирдан кўзланган мақсад — Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган барча уруш ва фронт орти меҳнат фахрийларига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, юрт ҳимоячиларининг Ватанга садоқатини намойиш этиш ҳамда аҳоли, айниқса, ёшларда фахр ва ифтихор туйғуларини оширишга қаратилган, дейилади хабарда.

    Ҳарбий хизматчилар ҳаракатланиш йўналиши қуйидача ташкил этилади: Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуаси (Сағбон ва Зарқайнар кўчалари орқали) — Чорсу бозори — Тошкент цирки (Зарқайнар кўчаси) — Халқлар дўстлиги санъат саройи (Ўзбекистон шоҳ кўчаси ва Фурқат кўчаси) — Magic City парки (Фурқат кўчаси).

    Ҳарбий хизматчилар юриш пайтида тўхтайдиган Magic City паркида ҳарбийлар ва оркестрнинг кўргазмали чиқишлари бўлади.

    Пиёда юриш соат 14:00 да Ғалаба боғи мажмуасидан бошланади.