Фарзандингизни ўсмирликдан талафотсиз олиб чиқинг

    Оилада тиббий маданиятни ошириш — давр талаби. Айниқса, балоғат ёшидаги ўғил-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш долзарб аҳамиятга эга.

    Шу боис, мамлакатимизда болалар соғлиғини сақлаш ва мустахкамлаш, жисмоний баркамол қилиб тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда.

    Болаларнинг ўсиши уч даврга бўлинади: мактаб ёшигача бўлган давр — 7 ёшгача, мактаб даври — 7-14 ёш, ўсмирлик (балоғат) палласи — 15-18 ёш.

    Боланинг соғлиғи касаллиги бор-йўқлиги билан эмас, балки ривожланиши, ўсиши билан тавсифланади. Ўсиш ва ривожланиш бир-бирини тақозо қилади.

    Ўсиш — ҳужайра тўқималари ҳисобига тана вазни ва ҳажмининг ортиб бориши, ривожланиш эса сифат ўзгариши, орган ва тўқималарнинг функционал такомиллашувидир. Бунинг асосида модда алмашинуви, энергия ётади. Ўсиш ва ривожланиш бир хил кечмайди. Бу жараёнга биологик (генетик, наслий) ва ташқи ижтимоий омиллар, турмуш шароити, тўла қийматли овқатланиш, жисмоний тарбия ва бошқалар таъсир қилади. Айниқса, оиланинг моддий жиҳатдан таъминлангани, яшаш шароити, ота-она тарбияси катта аҳамиятга эга.

    Балоғат ёшигача ўғил-қизлар ривожланиши, ўсиши бир хил давом этса-да, балоғат ёшида ўзгаришлар юз беради.

    Ривожланишда икки давр — жинсий етилишнинг бошланғич даври бўлган муддат ва жинсий етилиш палласи назарда тутилади. Биринчи даврда қизиқиш катта, бироқ ички майл етилмаган бўлади. Бу пайтдаги суҳбатлар, тўғри тарбия катта аҳамиятга эга. Шу боис, ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил ва тўғри жавоб бериш керак.

    Иккинчи давр ўғил болаларда биринчи поллюция, қизларда эса ҳайз кўриш билан бошланади. Бу вақтда болалар тенгдошларидан кўпинча нотўғри маълумот олади. Шунинг учун бу палладаги мулоқот яхши натижа беради. Чунки бу пайтда ўсмирлар хулқ-атворида психологик ўзгаришлар юз беради.

    Балоғат ёшида кун тартибини тўғри тақсимлаш, шахсий гигиенага риоя этиш, тўғри овқатланиш, ўқиш, ишлаш, дам олиш, маданий ҳордиқ чиқариш, организмни чиниқтириш, саломатликни мустаҳкамлашга эътибор бериш керак. Ота-она, мураббий бола ҳаётини назоратда тутиши лозим. Тасодифий учрашувлар, бекорчилик, зерикиш, назоратсиз беҳуда вақт ўтказиш спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, кашандалик, бетартиб жинсий ҳаётнинг бошланишига сабаб бўлади.

    Эрта бошланган жинсий ҳаёт нафақат инсон саломатлигига, балки кейинги ривожланишига ҳам салбий таъсир этади Ақлий ривожланишни, организмнинг бошқа вазифалари бажарилишини издан чиқаради ёки секинлаштиради.

    Қизлар учун эрта жинсий ҳаёт ҳомиладор бўлиб қолиш ва туғиш билан хавфли. Жисмоний ва физиологик етилмаган организм учун бу оғир вазифа. Ўсмир қизнинг жисмоний ва психологик ҳолатига зарарли таъсир кўрсатади, оғир асорат қолдиради Ногирон, ақлий ривожланмаган фарзандлар дунёга келиши мумкин.

    Буларнинг олдини олишнинг энг яхши усули жисмоний меҳнат, турмуш қургунга қадар ўқиш, илм-фан, жамоат ишлари билан машғул бўлиш, маданий ҳордиқ чиқаришдир. Ёш авлодни жинсий тарбиялаш асосида жинсий ҳаёт ва севги, ҳаёт ва оила тушунчалари ётади.

    Ота-оналар, ўқитувчилар, тиббий ходимлар қизларни ғурурли, ор-номусли, ҳар қандай вазиятда ўзини бошқара оладиган, хушмуомала қилиб тарбиялаши керак.

    Ўсмирлар билан суҳбатларда жинсий ҳаётни эрта бошлаш зарарли экани, таносил касалликларга чалиниш хавфи борлигини тушунтириш, атроф-муҳитга теран назар билан қарашни уқтириш, бола эътиборини спорт, мусиқа, санъатга жалб этиш керак. Кейинги пайтда учраётган оғир касалликлар балоғат ёшидаги бошланғич хасталикдир.

    Гиёҳвандлик шулар жумласидан. Инсон бу касалга иродаси сустлиги туфайли дучор бўлади. Бундай ҳолат 18-25 ёшлилар орасида кўп учрайди. Биринчи марта таъсири сезилмагандек туюлади. Қайта қўллаш инсон иродасини зарарлаб, гиёҳвандлик моддасига қарамлик ҳиссини пайдо қилади. Ёшлар шуни билиши керак: наркотик ва психотроп модда кайфи узоқ чўзилмайди. Оқибати ўлим билан тугайди.

    Гиёҳвандлик жамиятга кўп муаммолар туғдиради:

    биринчидан, уни даволаб бўлмайди. Тиббиёт қарамликни жисмонан йўқ қилса ҳам, руҳий тобелик йўқолмайди. Бу дегани наркотиксиз юриш мумкин, лекин бу ҳолат буткул барҳам топмайди;

    иккинчидан, гиёҳванд аввал ҳаётий, кейин меҳнат фаолиятини йўқотади;

    учинчидан, гиёҳвандлик моддалари инсон руҳиятини бузади, онгини пасайтиради;

    тўртинчидан, ота-онаси гиёҳванд чақалоқлар ҳар хил аномалиядан азоб чекади, нормал болалар туғилмайди;

    бешинчидан, гиёҳвандлар жиноят содир этишга мойил бўлади. Ўзини, хатти- ҳаракатини идора этолмайди.

    Гиёҳвандлик моддасига ўрганиб қолиш сабабини болани ўраб турган оила аъзолари ва дўстлари, яқин инсонларидан қидириш лозим. Нотўғри тарбия, ота-она ўртасидаги низолар, руҳий сиқилишлар гиёҳвандликка сабаб бўлади. Оила йўқлиги, қаровсизлик ҳам асосий сабаблардан.

    Турли касалликларнинг олдини олиш, спиртли ичимлик ичиш, кашандалик, гиёҳвандлик, соғлиққа зарар келтирувчи бошқа хавфли одатларни узил-кесил йўқотиш ҳозирги жамиятимиздаги долзарб масалалардандир.

    Бенуқсон авлод туғилиши ва баркамол тарбияланишида оиладаги тотув, мусаффо муҳитнинг ўрни катта. Биз маънан етук, ақлан соғлом, қатъиятли ва сабр-матонатли, муҳаббатли, ватанпарвар, садоқатли фарзандлар тарбия килмоғимиз керак. Ўсмирлик боланинг эркин ва онгли ҳаракатланишига шароит яратиш учун жуда зарур пайт.

    Катталарнинг асосий вазифаси ёшларнинг илм-фанга, ҳунарга рағбатини кучайтириш, тинимсиз изланиш билан ҳаётда ўз йўлини топиб кетишига ишончини шакллантиришдан иборат. Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари ва муқобиллари, психотроп моддалар ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб этувчи маҳсулотлар тайёрлаш, тарқатиш, сотиш, бундай моддаларни истеъмол қилиш учун жалб этишга доир маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтириш муаммонинг олдини олишга хизмат қилади.

    Ф.АЗИЗОВА,

    Тошкент тиббиёт академиясининг

    илмий ишлар ва инновациялар

    бўйича проректори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates