Жиззах вилояти ривожланишининг яқин истиқболлари ва устуворлари

    Шу йил январь апрель ойларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг бир гуруҳ ходимлари Агентлик директори бошчилигида Жиззах вилоятининг иқтисодий-ижтимоий потенциали ва ўсиш нуқталари имкониятларини ўрганиб чиқди.

    Ўрганиш натижасида 105 та ташаббус тариқасида таклифлар ишлаб чиқилиб, улар қишлоқ хўжалиги, бизнесни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли билан мулоқотни ривожлантириш йўналишларини ўзида жамлади. Ўрганиш давомида вилоят мутасадди ташкилотлари раҳбарлари, туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда тегишли масъулларнинг жойлардаги аҳволдан келиб чиқиб берган таклифларига алоҳида эътибор қаратилди.

    Маълумки ҳар бир вилоятда ўрганилган ва кўтарилган масала нафақат бир вилоят, балки бутун иқтисодимизнинг кўп қирраларини қамраб олади.

    Божхона кодексининг 297-моддасининг 11-хатбошисида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига умумий суммаси 50 миллион доллар эквивалентидан ортиқ бўлган тўғридан-тўғри инвестицияни амалга оширган чет эллик юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга божхона божидан озод этиш тарзидаги тариф имтиёзлари қўлланилиши белгиланган. Муаммо шундаки, Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти учун бундай катта инвестициялар миқдори нисбатан табиий. Лекин бошқа вилоятлар ва ҳудудлар учун бу кўрсаткич жуда баланд. Шу жиҳатдан тегишли градация қилиб, божхона имтиёзларини бошқа ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятлар) учун икки баробар кам, яъни тегишли божхона тўловлари юзасидан имтиёз олиш учун инвестиция миқдорини 25 миллион доллар деб белгилаш мақсадга мувофиқ.

    Жиззах вилояти Янгиобод тумани Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти билан чегарадош ҳисобланади. Ана шу ҳудудда жойлашган божхона постига Халқаро божхона пости мақомини бериш ва халқаро «Эркин савдо ҳудуди»ни ташкил этиш вилоятнинг экспорт салоҳиятини 30-40 фоизгача оширишга шароит яратади.

    Янгиобод, Бахмал, Зомин, Зарбдор туманларидаги ҳали ишлаб чиқаришга жалб этилмаган аҳоли томорқаларида етиштириладиган минглаб тонна сабзавотлар ва полиз экинлари Тожикистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси орқали транзит йўналишида Эрон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспортга етказиб бериш имконияти янада ошади.

    Инжинерлик ва транспорт инфратузилма объектларини ривожлантириш истиқболлари

    Жуда кескин турган масалалардан бири Қозоғистон Республикаси Ҳукумати билан келишилган ҳолда Жиззах -Тошкент темир йўлининг Қозоғистон Республикаси Туркистон вилоятидан ўтувчи қатнов қисмини қайта тиклаш, темир йўлнинг таъмир талаб бўлган қисмини таъмирлашни ташкил этиш. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар яратиш, шунингдек автомобиль йўлларидаги тирбандликни камайтиришдир.

    Республикамиз ва Қозоғистон Республикаси чегара олди ҳудудларидаги темир йўлнинг бир қисми демонтаж қилинганлиги сабабли темир йўл қатнови тўхтаган. 2005 йилгача Ховос -Жиззах -Тошкент -Ховос йўналишида темир йўли қатнови бўлган. Ушбу темир йўли орқали Жиззах шаҳридан Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманларидан ўтиб, Қозоғистон Республикаси орқали Тошкент шаҳрига юк ва йўловчи қатнови амалга оширилган. Мирзачўл, Дўстлик ва Пахтакор туманларидан ўтувчи темир йўли орқали Тошкент шаҳригача бўлган масофа 184 километрга узоқлашганлиги туфайли саноат корхоналари учун юк ташиш муаммоларини ҳал қилиш муҳим. Ана шу Қозоғистон ерларидан ўтган темир йўл линиясини қайта таъмирлаш автомобиль йўлларида юк машиналари қатнови интенсивлиги ва тирбандликлар бўйича муаммоларини ечишга шароит яратади.

    Аҳолига қулайлик яратиш учун хусусий секторни жалб этган ҳолда Жиззах шаҳрида айланма автомобиль йўлини қуриш орқали транспорт воситаларининг тирбандлигини олдини олиш зарур. Бунда:

    а) қурилиши режалаштирилган йўл ўтадиган 110,0 гектар ер майдонининг тоифасини ўзгартириш;

    б) узунлиги 17 километр 4 тасмали цемент-бетон қопламали йўл қурилишини давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга бериш ҳамда сарф этилган (тахминан 92 миллиард сўм) маблағ эвазига йўл бўйида сервис ва инфратузилма яратиш шарти билан доимий фойдаланиш учун ер ажратиб бериш.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги ПҚ-330-сон қарорига асосан йирик шаҳарларни айланиб ўтувчи автомобиль йўлларини давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қуриш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш белгиланган.

    Жиззах шаҳридаги И. Каримов ва А. Навоий кўчалари 1-тоифали умумий фойдаланишдаги автомобиль йўли бўлиб, ўтказувчанлиги ШНҚ 02.05.02-07 нинг 1.2-бандига кўра 14 000 дона/сутка ҳаракатланишига мўлжалланган. Ҳозирги кунда юқоридаги автомобиль йўлида 1 кунда (24 соат) 35 450 дона автомобиль ҳаракати кузатилиб, тирбандликлар юзага келяпти.

    Ҳудудда истиқомат қилувчи 185 мингдан зиёд аҳоли учун муқобил йўлдан ҳаракатланишга қулайлик яратилади.

    М-39 «Тошкент -Термиз» автомобиль йўлидан «Учтепа -Фориш -Нурота -Навоий» йўналишида хусусий секторни жалб этган ҳолда юқори тезликда ҳаракатланувчи «пуллик» автомобиль йўлини қуриш имконияти бор.

    Таклиф қилинаётган йўналиш орқали ҳаракат ташкил этилса, М-39 автомобиль йўлининг кунлик ўртача қатновини (ҳаракат жадаллиги) 38 470 тадан 26 900 тага (11 570 тага камаяди) камайтиришга эришилади.

    «Учтепа -Фориш -Нурота -Навоий» йўналиши орқали Навоий вилоятига борилса, 278 километр йўлнинг 10 фоизи аҳоли пункти, 90 фоиз қисми аҳоли яшамайдиган ҳудуддан ўтишини инобатга олган ҳолда, 28 километр қисмида 70 километр/соатига тезликда ва 250 километр қисмида 100 километр/соатига тезликда юриш мумкин бўлади, яъни, 1 соат вақт тежалади.

    Шунингдек, вилоятнинг чекка ҳудуди ҳисобланган Фориш туманида йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш имконияти яратилади.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги ПҚ-330-сон қарори билан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини юқори тезликда ҳаракатланишга оид халқаро талабларга мувофиқ лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш ҳамда келгусида ушбу йўлларга муқобил йўллар мавжуд бўлганда, «пуллик йўллар» тоифасига ўтказиш белгиланган.

    Вилоят ҳудудидан ўтган умумий фойдаланишдаги М-39 автомобиль йўли, шунингдек Самарқанд шаҳридан М-37 автомобиль йўли орқали транспорт воситалари Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасига ҳаракатланиши натижасида тирбандликлар юзага келяпти.

    Қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш

    Қишлоқ хўжалиги соҳасида экспорт улушини кўпайтириш, хуфиёна иқтисодиётни камайтириш ҳамда тадбиркорлар экспортини қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий тадбиркорлар билан суҳбат ўтказилганда улар томонидан тез бузилувчан маҳсулотлар экспорт қилинганда товарларни транспортда ташиш ва сақлаш жараёнида томонларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлган қисмига чегирма қилиш тизими йўқлиги айтиб ўтилди.

    Мисол учун: «Agro green house» МЧЖ раҳбари тез бузиладиган маҳсулотларни (салат барглари, кўкат, укроп, сельдерей, спаржа, руккола, айсберг, монгольд, шпинад ва бошқалар) етиштириш ва экспорти қилиш билан шуғулланиб келади. Бироқ, маҳсулотнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган қисмига чегирма йўқлиги сабабли маҳсулотларни бошқа йўллар билан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлаётганини айтиб ўтди.

    Жиззах вилоятида экспорт корхоналарининг дебиторлик қарздорликлари ошиб кетяпти. Вилоятда 156 та экспорт амалга оширувчи корхоналар иш фаолият олиб боради, шундан 48 таси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти билан шуғулланади.

    2023 йил давомида Жиззах вилояти бўйича 201,3 миллион долларлик экспорт амалга оширилган бўлиб, шундан 31,3 миллион доллар қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келди ва экспортёр корхоналарининг ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги 5,3 миллион долларни ташкил этяпти.

    Мазкур муаммони ечиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 апрелдаги ПҚ-146-сон қарори қабул қилинди ва унда 2024 йил 1 апрелдан бошлаб мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 10 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланмаслик бўйича тизим яратилди.

    Соғлиқни сақлаш тизими юзасидан қилинадиган ишлар

    Давлат томонидан гепатит А касаллигига қарши эмлашни йўлга қўйиш зарурияти соҳа мутахассислари томонидан аллақачон тан олинган ва ечилиши лозим бўлган устувор масаллардан бири.

    Маълумот учун 1 та болани эмлаш учун 120-170 минг сўм маблағ талаб этилади ва ҳар ой вилоят бўйича 3 500 болаларни эмлаш эҳтиёжи мавжуд. Ҳар бир бола 2 маротаба эмланади (биринчи доза, иккинчи доза – бустер). Хусусий эмлаш клиникаларида битта вакцинанинг нархи 270-430 минг сўмгача.

    Аҳолининг вирусли гепатит А касаллигига қарши эмлаш учун вакциналар давлат томонидан ажратилмаганлиги сабабли аҳоли ўртасида мазкур касалликка чалиниш ҳолатлари ортиб боряпти.

    Вилоятда йилига 700-800 нафар 14 ёшгача бўлган болалар вирусли гепатит А касаллиги билан касалланяпти ва охирги 5 йилда 4 100 нафар болалар касалланган.

    Касаллик 2023 йилда 1,8 баробарга ошган. Жиззах шаҳрида (4,0), Ғаллаоролда (2,8), Зоминда (2,3) ва Янгиободда (2,0) баробарга ошган.

    Давлат бюджетидан 1 нафар беморни даволаш учун 3,3 миллион сўм, жумладан, дори-дармонга 158,7 миллион сўм маблағ сарфланяпти.

    Вирусли гепатит А касаллигига қарши эмлаш учун вакциналар давлат томонидан ажратилиши кўзда тутилмаган.

    Республика бўйича вирусли гепатит А касаллигига қарши эмлаш пуллик (хусусий клиникаларда) асосида амалга ошириляпти. Натижада кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари эмланмасдан қоляпти.

    Вилоятда ҳар йили мазкур касалликка чалинган болаларни даволаш учун давлат бюджетидан ўртача 2 миллиард 485 миллион сўм маблағ сарфланиб келиняпти. Ваҳоланки, давлат дастури доирасида мажбурий эмлатиш кўпгина касалликларни олдини олиб, аҳоли саломатлиги даражасини кўтариши, давлат харажатларини кескин камайтириши мумкин.

    Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бошқа ҳудудларнинг иқтисодий кўрсаткичлари ва ўсиш нуқталарини таҳлил этиш юзасидан ишларни давом эттиради ва натижалар юзасидан қўшимча маълумотлар бериб борилади.

    Рустам Холмирзаев,

    Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги

    Стратегик ислоҳотлар агентлиги

    Бош инспектори.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates