Бошланғич синфда ўқиб юрган жажжигина қизалоқ пайтимдаёқ мактабимизда ўтказиладиган тадбирларда Нодира, Увайсий, Зулфияхонимларнинг шеърларини юрагим ҳаяжонга тўлиб ўқиб берардим. Эҳтимол, бу буюк сиймоларга муҳаббат, издошлик туйғуси менда ўша даврларда пайдо бўлгандир. Кейинчалик ҳам уларнинг ибратли ҳаёти ва бемисл ижоди мени ўзига мафтун этиб келди. Aйниқса, Нодира ва Зулфияхонимларнинг тақдири ва ҳатто асарларидаги мотивнинг бир-бирига ўхшашлиги, садоқати ва матонати мени лол қилади. Буюк ўзбек аёллари деганда энг аввал мана шу сиймолар кўз олдимда гавдаланади.
Уйимиздаги иккита катта жавон китоблар билан тўла. Болалигимданоқ мен учун энг тинч, энг ёқимли жой ҳам китоб жавонининг ёнига ўрнатилган ўриндиқ бўлган. Энг яхши овунчоғим эса китоб эди. Саволлар билан тўлган қалбимни фақат китоблар тушунарди, тушунтирарди.
Мени муваффақиятлар сари етаклаган йўлчи юлдузим ҳам айнан мен ўқиган китоблар, аслида. 2018-йил Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Ёш китобхон” танлови менинг ҳаётимни мутлақо ўзгартириб юборди. Танловнинг илк ғолибаси, китоб ўқигани учун Давлат раҳбари автомобил совға қилган биринчи ёш мен бўлдим. Бу ютуқ мени келгуси мақсадларим сари олға интилишга ундади. Шу кунгача республика фан олимпиадаларида, кўплаб танловларда ғолиб бўлдим. Нуфузли Халқаро илмий-амалий конференсияларда ўз илмий мақолаларим билан иштирок этдим.
Бу йилги баҳор фасли мен учун улкан қувонч билан кириб келди. Президентимиз қарорига биноан таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, жамоатчилик йўналишларида 28 нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдилар. Мени ҳам таълим йўналиши бўйича бу мукофотга муносиб кўришгани унутилмас воқеа бўлди. Менга билдирилаётган юксак ишонч учун Президентимизга, она халқимга чексиз миннатдорчилик билодираман. Бу ишончга, бу меҳрга муносиб бўлишга ваъда бераман.
Моҳинисо ШОМУРОДОВА,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси