Бу гўшада яшайдиганлар ўз қувончу ташвишларини, ютуқ ва камчиликлари, яхши ва ёмон кунларини биргаликда баҳам кўради. “Маҳалла еттилиги” ташкил қилиниши ва аниқ вазифалари белгилаб берилиши ҳам бу мўъжаз гўшанинг янада равнақ топиши йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
“Маҳалла еттилиги”нинг боши бўлган раис эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойини яхшилашга, ҳоким ёрдамчиси ишсизларнинг иш топишига кўмаклашса, ёшлар етакчиси йигит-қизларни турли тўгаракларга чорлайди, хотин-қизлар фаоли аёлларни самара берадиган ишларга жалб қилади. Солиқ ва ижтимоий ходимлар аҳолининг турмуш шароити яхшиланишида бевосита иштирок этади. Шу тариқа “Еттилик” фуқароларнинг энг яқин кўмакчисига айланмоқда.
Хўш, “маҳалла еттилиги” томонидан ҳамжиҳатликда бошланган ишлар шиддати бугун қай йўсинда кетяпти? Одамлар бундан мамнунми, деган саволларга жавоб топиш ва маҳаллада бўлаётган ўзгаришларни бевосита кузатиш учун ижодий жамоамиз билан Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Тошкент вилояти бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Маҳфуза Оқбоева ҳамроҳлигида Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги маҳаллаларда бўлиб, маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси вазифаларига бир қур назар солдик.
Дастлабки манзилимиз Зангиота туманидаги тарихи олис ўтмишга бориб тақаладиган “Олмазор” маҳалласи бўлди.
Икки мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган маҳалланинг ҳар бир қарич ери обод, саришта, уйлар олдига экилган гуллар ифори ён-атроф бўйлаб таралиб туради. Маҳалла аҳлининг бири боғбон, бири деҳқон, гулчи, тикувчи. Хуллас, ҳар бир хонадонда ишлаб чиқариш ёки деҳқончилик авжида. Баъзи хонадонлар дарвозалари тепасига “Саришта хонадон”, “Намунали хонадон”, “Маҳалла фидойиси” ёзувли пештахталар илиб қўйилган. Маҳалла раиси Зоҳида Масланованинг айтишича, бу ердаги кексаю ёш бирдай меҳнаткаш. Байрамлар арафасида ўтказиладиган турли танловлар натижасида ғолиб хонадон эгаларига қимматбаҳо совғалар берилар, яшаб турган хонадони дарвозаси тепасига шундай ёзувлар илиб қўйилар экан.
Ойпошша холанинг ҳикояси
“Намунали хонадон” ёзуви осилган уйга кириб борганимизда, маҳалла раисининг “маҳалламизда кексаю ёш бирдай меҳнаткаш”, деган сўзининг исботини ўз кўзимиз билан кўрдик. Ёши улуғ онахон, 8 фарзанд, 27 невара, 40 чевара ва бир этак эвараларнинг бувиси бўлган 84 ёшли Ойпошшо Сайдиғозиева ҳовли ўртасидаги экинлар тагини юмшатаётганига гувоҳ бўлдик. Унинг суҳбатини олиб, “Меҳнатнинг таги роҳат” нақлининг асл рўёсини айнан шу хонадон мисолида кўрдик. Онахоннинг фарзандлари ва невараларининг барчаси деҳқончилик билан шуғулланар, орттирган даромадлари эвазига тўкин ва фаровон яшар экан.
Онахоннинг турмуш ўртоғи Саидусмон ота ҳам Олмазор маҳалласида тўй ва маъракаларнинг бошида турувчи, ҳаммани ҳамжиҳатликка чорлайдиган фидойи инсон бўлган. Бир вақтлар Саидусмон отанинг саъй-ҳаракатлари натижасида ҳашар йўли билан маҳаллада масжид қад ростлаган. 2012 йилдан маҳаллалардаги кичик масжидларни ёпиш ишлари бошланганида отахон ўша йилларда маҳалла раиси бўлган С.Муҳиддинов ва фидойилар билан елиб-югуриб, масжидни маҳалла гузари сифатида сақлаб қолишга муваффақ бўлган.
Аҳиллик ва оқибат бўлса, пул ҳам, йўл ҳам топилади
Зоҳида Масланованинг бобоси, раҳматли Зокир Муҳиддинов ҳам узоқ йиллар Олмазор маҳалласида жамоатчилик асосида маҳалла раиси бўлиб ишлаган. Маҳаллани ободонлаштиришда, газлаштириш ва ичимлик сув билан таъминлашда жонбозлик қилган. Шу маҳаллада туғилиб вояга етган Зоҳида опа эса 2016 йилда маҳаллада хотин-қизлар мутахассиси, 2019 йилдан бошлаб маҳалла раиси лавозимида ишламоқда. Таҳсинга сазовор жиҳати, мазкур маҳалла на давлат, на вилоят ва на туман дастурларига кирмаган, то бугунги кунгача ҳеч қандай иқтисодий ёрдам ва пул олмаган, олишга эҳтиёж ҳам бўлмаган. Бу эса шу ерда яшаётган одамларнинг тили ва дили бирлигидан, аҳиллиги ва мустаҳкам оқибатидан дарак беради.
2020 йилда маҳалла “Очиқ бюджет” портали лойиҳасида иштирок этиб, 150 миллион сўм ютиб олган ва шу маблағ эвазига Саккиз оға-ини кўчасидаги барча эски симёғочлар янгисига алмаштирилиб, кўчага видеокамералар ўрнатилган. 2021-2022 йилларда маҳалла аҳли яна “Очиқ бюджет” портали орқали жами 3 миллиард 200 миллион сўм ютиб олган. Кўчалар тўлиқ асфальтланиб, болалар ўйингоҳлари бунёд этилган, ички ариқлар тозаланиб, бетон лотоклар ўрнатилган, маҳалла биноси капитал таъмирланган ва энг асосийси, маҳалла кутубхонаси ташкил этилган. 2023 йилдаги “Очиқ бюджет” порталидан
1 миллиард 300 миллион сўм ютиб олиниб, маҳалла инфратузилмасидаги барча муаммолар бартараф этилган. Маҳалладаги электр, ичимлик сув ва табиий газ таъминоти яхшиланиб, аҳолининг фаровон яшаши учун барча шароитлар бадастир қилинган.
Аслида, бу каби ишлар маҳалла аҳлининг бир ёқадан бош чиқариб, бамаслаҳат иш кўриши самарасидир.
Кўпга нафи тегаётган опа
— Оиламизда 4 фарзанд эдик. Мен ўқишга кира олмаганман, кетма-кет совчилар келишни бошлаган. Ота-онамнинг розилиги билан синфдошимга турмушга чиқдим, — дейди Олмазор маҳалласи раиси Зоҳида Масланова. — Келин бўлиб тушган хонадоним деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланарди. Бу орада бирин-кетин фарзандларимиз туғилди. Уларнинг ҳам суяги меҳнатда қотди. 2016 йилда ёши улуғлар хонадонимизга келиб, маҳаллада ишлашни таклиф қилди. Дастлаб хўжайиним жуда қарши бўлган. Мен эса “Адаси, ўқишга кира олмаганим юрагимда армон бўлди, бир имкон беринг, маҳаллада ишлаб, ўзимни синаб кўрай”, дея рухсат олиб, ишга чиқиб кетдим. Дастлаб хотин-қизлар билан ишладим. 2019 йилда маҳалла раиси этиб сайлашди. Маҳалламизда ҳар бир иш фуқаролар маслаҳати билан йўлга қўйилади, балки ютуқларимиз ҳам шундан бўлса керак. Шу йил туман бўйича ўтказилган “Намунали маҳалла раиси” кўрик-танловида биринчи, вилоят миқёсидаги танловда 5-ўринни эгалладим. Пул мукофотлари ва совғалар билан тақдирландим. Ўтган йили “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонига ҳам сазовор бўлдим. Гап ютуқларда эмас, маҳалламиз тинчлигида, хонадонларнинг аҳиллиги ва меҳнатсеварлигида. Бугун ён-атрофимга назар солар эканман, инсон бахти унинг ён-атрофидагиларга кераклигида эканини чин дилдан ҳис қиламан. Аслида, хотин-қизларга шунча имкониятлар яратиб берилмоқдаки, булардан фойдаланмасликнинг ўзи гуноҳ. Олий таълим олиш учун 47 ёшимда ўқишга кириб, талаба бўлдим. 455 та хонадон мавжуд маҳалламизда бирорта ишсиз, даромадсиз одам йўқ. Маҳалламиз фуқаролари помидор, бодринг, сабзавотлар, турли кўкатлар етиштиради, “ўсиш драйвери”миз деҳқончилик ва тикувчилик. Ҳамма хонадонларда иссиқхоналар бор, деярли барча оилалар ойига миллионлаб сўм даромад олади.
Ибратли оила
Мазкур маҳалладаги ибратли оила мақомига эга бўлган, деярли 50 йилдан буён биргаликда умргузаронлик қилиб келаётган Баҳром Муҳаммадиев ва турмуш ўртоғи Анора опанинг хонадонига кириб бордик. Улар томорқасидаги 8 сотих иссиқхонада йилнинг 12 ойида ҳам турли кўкатлар етиштириб, соф фойда олиш борасида кўпчиликка намуна экан.
— Аслида, томорқачилик ва иссиқхона сердаромад бизнес. Меҳнатимиз орқали фарзандларимни ўқитиб, уйли-жойли қилдим. Ички бозорга йилнинг тўрт фаслида ҳам кўкатлар етказиб берамиз. Очиғи, уйимиздан келиб ўзлари олиб кетишади, — дейди Б.Муҳаммадиев. — Қаердаки аҳиллик, ҳалоллик ва меҳнат билан даромад топилса, ўша ерда ҳузур-ҳаловат бўлади. Фарзандларим давлат ишида ишласа ҳам кафтдеккина томорқасида деҳқончилик қилади. Бу соғлиққа фойда, ақлий меҳнатдан кейинги чарчоқни ердаги ҳаракат олади ва одамни бардам қилади. Келинларимиз ҳам чевар ва пазанда, қўли қўлига тегмайди. Хуллас, меҳнатимиз самараси ва роҳатини кўриб, бағри бутунликда ҳаёт кечиряпмиз. Қарийб 30 йил ички ишлар тизимида ишлаб, ўша ердан нафақага чиққанман. Анора опангиз эса фарзандлар ва неваралар тарбияси билан банд бўлган. Айтмоқчиманки, қайсики оила фарзандлари меҳнатдан қочмаса, ота-онасининг дуосини олиб, хизматларини қилса, ўша хонадонда, албатта, фароғат ва файзу барака бўлади.
Қарор ва ижро
2023 йилда Тошкент вилояти маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчилари кўмагида 353,2 мингдан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланган. Тадбиркорликка жалб қилиш, меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар олиб бериш учун 2216 фуқарога 11,2 миллиард сўм субсидия ажратилган. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда.
— Авваллари маҳалламизда атиги тўртта тадбиркор бўлган. Ҳозир улар 82 нафарга етди. Кооперация асосида 800 дан зиёд фуқаро ҳудуддаги етакчи тадбиркорларга бириктирилган. Ишсиз ва доимий даромадга эга бўлмаган фуқаролар бандлигини таъминлаш, мавжуд камчиликларни ўрганиб, муаммоларни бартараф этишга имкон қадар тез киришишга ҳаракат қиламан, — дейди Зангиота тумани Қиргузар маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Асия Қудайбергенова. —
“Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида маҳалламиздаги 32 фуқарога 33 миллион сўмдан имтиёзли кредитлар берилди. Кредит ажратилганлар орасида ижтимоий дафтарларда рўйхатда турувчи фуқаролар ҳам бор. Маҳалладаги ишсиз ёшлардан 52 нафарига касб-ҳунар ўрганиш учун тумандаги мономарказга йўлланма берилди.
Қиргузарлик Дилобар Ортиқова оилавий шароити ва муҳити яхши бўлмагани боис, 10 йил чет давлатда яшаган. Асия Қудайбергенова Дилобар билан боғланади. Дилобар унга тадбиркорлик қилиши учун кредит олиб берса, юртга қайтишини, бу ерда ҳам анча қийналиб қолганини билдиради. Ҳоким ёрдамчиси саъй-ҳаракати билан Д.Ортиқова ватанга қайтиб келади, унга 33 миллион сўм кредит ажратилиши ва ўз ишини йўлга қўйишига кўмаклашилади. Ҳозир бу аёл қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорга айланган.
Асиянинг ёрдами билан Нусратилла Ниғмонхўжаевга мебель ишлаб чиқариш учун 33 миллион, Нигора Дадаевага тикувчиликни йўлга қўйиши учун 6 миллион, Дилобар Иброҳимовага турмуш ўртоғи Дониёр билан дарвоза ва панжаралар ишлаб чиқариш учун 33 миллион сўм кредит олиб берилди. Натижада маҳаллада қўшимча 7 та янги иш ўрни яратилди.
“Юрагимда ҳамиша соғинч бўлган”
— Узоқ йиллар оиламдан олисда — чет элда ишлаб юрдим. Топган даромадим билан оиламни ва фарзандларимни таъминлаб турган бўлсам-да, ҳамиша юртга, яқинларимга бўлган соғинч ҳисси қалбимни ўртаб келган, — дейди Қиргузар кўчасида яшовчи Дониёр Иброҳимов. — Маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси менга қўнғироқ қилиб, фарзандларим олдига қайтишимни, бу ерда ҳам пул топиш учун шароитлар яратиб беришга кўмаклашишини айтганида, тўғриси, ишонмадим. Аммо бугун бу қизга раҳмат айтаман. Ёш бўлса ҳам маҳалла аҳли учун жони ҳалак. Мен ҳам 33 миллион сўм кредит олиб, ўзим яхши кўрган соҳада иш бошладим. Турли дарвоза ва панжаралар ясайман. Энг асосийси, оилам ва фарзандларим бағридаман, хотиржамман.
Мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар самараси, ўзгаришлар аҳоли кайфияти, аввало, маҳаллаларда ана шундай акс этмоқда.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири