Қонунларда ёшларнинг фикри

    Мамлакат ҳуқуқий тизимида ёшларнинг ўз ўрнига эга бўлиши ва улар томонидан олиб чиқлаётган ташаббусларнинг амалда қўллаб-қувватланиши, давлат ислоҳотларининг имиджи ва сифатига янги руҳ олиб кирилишига асос бўлади.

    Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ярим йиллик фаолияти ва халқаро майдондаги соҳага оид мавжуд вазиятларнинг таҳлилига тўхталиб ўтамиз.

    Ўзбекистон Республикасида Ёшлар парламентлари Олий Мажлиснинг ҳар икки палаталари ҳузурида ҳам ташкил этилиши ортидан бугун ёшлар жамоаси қонун ижодкорлиги билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлмоқда. Ёшларга хос бўлган тажрибасизлик, айрим ҳолатларда устозларнинг билим ва кўникмаларига эҳтиёж сезиш каби ҳолатлар Ёшлар парламенти аъзоларининг жамоатчилик фаолиятини олиб боришида тўсиқ эмас, аксинча катта ҳаёт мактаби сифатида хизмат қилмоқда.

    Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилда амалга оширишга оид ишлар ва жамоатчилик вакиллари, айниқса ёшларнинг иштирокини сиёсий жараёнларда кенгайтириш вазифаларининг қўйилаётганлиги муҳим ва қувонарли. Давлат раҳбари 2020 йил сўнгида Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва 2021 йил Бухоро, Фарғона, Наманган каби вилоятларига бориб, у ердаги ёшлар билан учрашганликлари ҳам бугун ҳар қандай раҳбар ходимларнинг ёшлар қизиқишлари билан ҳисоблашишлари ва уларга муносиб шароитлар яратиш каби вазифаларни диққат марказидан туширмасликлари лозимлигини исботлаб турибди.

    Сўнгги йилларда амалга оширилаётган янги ислоҳотлар ва таҳлилий-танқидий ёндашувлар натижасида муаммолар мавжудлигини ва уларни тан олган ҳолда замонавий ечимлар топиш давр талабига айланди. Айниқса аҳоли, хусусан, ёшлар орасида ишсизлик масаласини ҳал этишга доир муаммога ечим топишда замонавий ёндашувлар талаб этилмоқда. Шу мақсадда, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан жорий йилда 500 минг нафар ёшни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш вазифаси қўйилди. “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ўғил-қизларни тадбиркорларга бириктириб, уларда бизнес кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар ажратиб, ўз фаолиятини бошлашга кўмаклашиш зарурлигига эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд. Бу – аҳолининг қарийб 55 фоизи дегани. Бугунги кунда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз экани қайд этилган.

    2020 йилнинг 25 декабрь санасида Президент ёшлар билан қилган очиқ мулоқотида кўп масалалар айнан ёшлар фикрлари билан мамлакат раҳбарига етказилганлигини демократик ислоҳотларнинг кўринишларидан бири деб, баҳолаш мумкин. 2021 йилнинг 3 февраль санасида “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” 6155-сонли ПФ қабул қилинди. Дастлаб 276 банддан иборат лойиҳа 18 январдан бошлаб халқ муҳокамасига қўйилиши ортидан якунда 274 бандга туширилиб, оптимал кўринишга олиб келинди.

    Бугунга қадар Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари томонидан 10 га яқин маҳаллий қонун ҳужжатлари лойиҳасига, 1 та халқаро Конвенция ва 1 та Давлат дастури лойиҳаларига таклифлар юборилди. 10 дан ортиқ мавзуларда давра суҳбатлари, форум, конференциялар ўтказилди. Ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаларимизга келаётган мурожаатлар сони мингдан ошди. Қизиқ томони, ёшлар томонидан юборилаётган ҳар қандай таклифлар Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўрганилиб, муҳокамаларга қўйилмоқда.

    Юқорида айтилганидек, 2021 йил учун Ёшлар парламенти аъзолари ҳам ҳудудларда амалга оширишга оид ишлардан келиб чиқиб, ўз дастурини қабул қилди. Дастурга таклифлар эса 1 ярим ой давомида аъзолар, ёшлар ва мутасадди ташкилотлардан олиниб, биргаликда қилиниши керак бўлган ишлар белгилаб олинди. Жумладан, январь ва февраль ойлари давомида Ўзбекистоннинг фавқулотта ва муҳтор элчилари билан Тошкент шаҳрида бўлган йиғинда Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этиб, уларни аниқ мақсадлар йўлида ҳамкорликка чорлаш бўйича таклифлар берилди, шунингдек, “Терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда ёшларнинг ўрни” мавзусидаги халқаро конференция, Мудофаа вазирлиги тизимидаги офицерларнинг ўқув-семинарларида аъзолар ўз таклиф ва маърузалари билан иштирок этди. Қолаверса, жамиятдаги муаммоларга ечим топиш ва уларни янги механизмлар асосида ҳал этиш мақсадида Ёшлар парламенти Кенгаши, Комиссия ва аъзоларидан иборат таркиб жойларда тенгдошларимизнинг таклифларини “маҳаллабай” ўрганмоқда. Бу учун биринчи ҳудуд сифатида Жиззах вилояти танлаб олинган бўлиб, 20 февраль санасида вилоятнинг чекка ҳудудларига бориб, хусусан, Шароф Рашидов, Дўстлик, Зафаробод туманларидаги реал ҳолатни ўрганиш, сўровноалар ўтказиш, таҳлилий материаллар асосида таклифлар тайёрлаш вазифаси устида ишланди ва бу бошқа вилоятлар кесимида ҳам амалга ошириш режага киритилган. Шунингдек 2021 йилнинг январь ойида Сайлов қонунчилигига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётганлиги сабабли аъзолар томонидан 10 га яқин таклиф ва 80 дан ортиқ таҳлилий муносабат тўғридан-тўғри Қонунчилик палатасининг тегишли қўмитасига юборилди.

    2020 йил Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо сифатида қабул қилиниб, 2021 йил 22 февраль санасида унинг 46-сессиясида Давлат раҳбари нутқ сўзлади. Бу нутқда ҳам ёшлар ва аёллар масаласи муҳим вазифа сифатида қаралиб, уларнинг ҳуқуқлари юқори бўғиндан қаралди. Маълумот ўрнида: БМТ Янгиликлар маркази маълумотига кўра, 15 давлат 2021 йил 1 январдан бошлаб уч йиллик муддатга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши аъзолигига сайланган. Улар — Боливия, Хитой, Кот-д'Ивуар, Габон, Куба, Франция, Малави, Мексика, Непал, Покистон, Россия, Сенегал, Украина, Ўзбекистон ва Буюк Британия. БМТ Бош ассамблеяси органи ҳисобланган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга 47 та давлат аъзо ҳисобланади ва Кенгаш аъзолари уч йиллик муддатга яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, шу қаторда, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. 46-сессияда ҳам бир қанча вазифалар, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласини киритишга тайёргарлик кўрилаётганлиги хусусида айтиб ўтилди. Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳаси устида Ёшлар парламенти аъзолари ҳам иш олиб бораётганлиги бизга берилган масъулиятли вазифалардан.

    Ёшлар парламентларининг халқаро майдонлардаги фаолиятига ҳам тўхталиб ўтсак. Бугун айрим давлатларда ёшларнинг сиёсий жараёнларда иштирокини рўёбга чиқарадиган асосий тузилма – Ёшлар парламентларини кўрадиган бўлсак, масалан, 2001 йилдан ўз фаолиятини бошлаган Буюк Британия Ёшлар парламенти. Улар жамоатчилик асосидаги фаолиятга асосланган бўлиб, Шимолий Ирландия, Уэльс ва Шотландия ёшларини ҳам ўз ичига олган.

    Замонавий Германияда эса Ёшлар парламенти йилда бир маротаба – ноябрь ойида сайлаб олинади ва мамлакатдаги турли ташкилотлар орасидан 2 нафардан иборат делегатлардан шакллантирилиб, умумий 70 тани ташкил этади. Сайлаб олинган делегатлар 4 та асосий гуруҳда иш юрита бошлашади:

    • ёшларга оид стратегик сиёсат;
    • атроф муҳитга оид муаммолар;
    • таълим соҳасидаги муаммолар;
    • ёшлар орасидаги ички муаммолар (масалан, ёшлар орасида зарарли ичимликларнинг тарқалишини олдини олиш ва уларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш).

    Польшада эса Ёшлар парламентини шаклланиши Германиядан бироз фарқланади. Бу давлатда фаол талабалар орасидан ушбу тузилма шакллантирилиб, унинг мажлислари Варшава шаҳрида бўлиб ўтади. Умумий сони 400 нафардан иборат бўлиб, буларниг 17 нафари Ёшлар парламенти президиумини ташкил этади. Ёшлар парламенти Польшада Таълим вазирлиги қошида ўз фаолиятини олиб боради.

    Хулоса сифатида айтсак, бугун ёшлар сиёсати замонавий маконда янги кўринишга кириб бормоқда. Қувонарлиси, бугунги янги Ўзбекистон нафақат ўз ёшларини, балки жаҳон ёшларининг ҳуқуқларини ҳам фаол тарғиботчиси, ташаббускори сифатида майдонга чиқмоқда. Бунга жавобан Ёшлар парламенти аъзолари ҳам ёшларга оид сиёсатнинг олиб борилишида янгича таклифлари ва жамоатчилик назоратлари билан иштирок этишлари тизимнинг сифат жиҳатидан юқорилашига сабаб бўлиши, шубҳасиз.

    Жамшид БОБОЕВ,

    Қонунчилик палатаси ҳузуридаги

    Ёшлар парламенти раиси

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates