Шоличилик истиқболлари глобал иқлим ўзгариши шароитидаги муаммолар, илм-фан ва инновацияга асосланган ечимлар

    Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тобора қийинлашиб бораётган ҳозирги шароитда шоличилик амалиётида катта имконият мавжуд.

    Чунки шоли бошоқли донли экинлари ичида энг кўп ҳосил берадиган ўсимлик. Масалан, Хитойда экиладиган ҳар гектар шолидан 200 центнердан ҳосил олиниб, жаҳон рекорди янгилангани сўзимиз тасдиғидир. унинг юқори ҳосилли ва гибрид навларини экиб, сув ва ресурстежамкор ҳамда илғор илм-фан ютуқларини, янги инновацион технологияларни ўз вақтида жорий қилиш асосида шоли асосий экин сифатида экилганда гектарига 90-100, буғдойдан кейин такрорий экилганда 50-60 центнердан ҳосил олиш, бир йилда 2 марта дон етиштириш мумкин.

    Ҳозирги сув танқис шароитда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сирдарё вилоятлари ва Фарғона водийсида буғдойдан кейин такрорий экин сифатида қўшимча ерга шолини кўчат усулида экиш тўғрисида топшириқ берилган. Шу асосда гуруч етиштириш ҳаж мини кўпайтириб, аҳолини ўзимизда етиштирилган гуруч билан таъминлаш имконияти яратилади.

    Ердан самарали фойдаланиш зарурати

    Мамлакатимизда аҳолининг гуручга эҳтиёжи тиббиёт меъёри бўйича жон бошига йилига 9,8 килограммни ташкил қилишини ҳисобга олсак, йилига ўртача 350 минг тоннадан ортиқ гуруч талаб қилиниши белгиланган. Кейинги 3 йилда юртимизда шоли ҳосилдорлиги ҳар гектар ердан 40-50 центнерни ташкил қиляпти. Бу ҳолат ички эҳтиёжни тўла қондириш учун етарли эмас. Шунинг учун Покистон, Қозоғистон, Россия каби давлатлардан гуруч импорт қилинган. Ҳозир эса бу мамлакатлар ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида гуруч экспортини тақиқлаган. Шу боис, келажакда аҳолини ўзимизда етиштирилган гуруч билан таъминлаш жуда муҳим вазифалардан.

    Ер ресурсларидан самарали фойдаланиб, сув ва бошқа манбаларни тежайдиган, пишиш даврини тезлаштириб, бир йилда икки марта ҳосил олиш учун қўлланадиган шолини кўчат қилиб экиш усули синалган технологиядир. Ушбу технология энг кўп сув талаб қиладиган шоли экинини етиштиришда тежамкор ва самарали усул ҳисобланади. Ҳозир дунё бўйича шоли майдонининг 90 фоизида кўчат қилиб экиш технологияси қўлланмоқда.

    Сув тежамкорлиги — муҳим мезон

    Гуруч етиштириш учун ажратилган ердан самарали фойдаланиш ирригация ва мелиорация соҳасидаги ишларнинг бажарилишига бевосита боғлиқ. Шолипояларни ҳар йили жорий ва капитал ремонт қилиш, ариқ-зовурларни тозалаш, насос станциялари ҳамда гидротехник иншоотларнинг мавсум давомида узлуксиз ишлашини таъминлаш зарур. Шоли экиш технологиясига риоя қилмай, фақат фойда олишни кўзлаган шахсларнинг хатоси туфайли ер ости гурунт суви муайян даражада кўтарилиб, ернинг шўрланишига олиб келмоқда. Шолипояларда сув сатҳининг вегетация давомида қай даражада бўлиши учун зарур тавсиялар берилган. Шоли экиладиган ерда, албатта, коллектор-зовур системаси қурилган бўлиши керак. Бундай шароит бўлмаса, шоли майдонида ер ости гурунт суви кўтарилиб, сифатсиз, кам ҳосил олиниши билан бирга, ернинг шўрланиши, қайта шўрланиш, ботқоқланиш жараёни юзага келади. Шундай ҳолатларга йўл қўйилиши натижасида ер яроқсиз ҳолга келиши билан бирга давлат бюджетидан салмоқли маблағ беҳуда сарфланади.

    Ҳозир бундай камчиликларнинг олдини олиш учун имконият мавжуд. Қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, шоли етиштиришда ердан фойдаланиш тизимини кўриб чиқиб, берилган тавсияларнинг белгиланган тартибда бажарилишини доимий назорат қилиш асосида ундан тўғри фойдаланиш мумкин. Бунинг учун, биринчидан, лазерли ускуналар ёрдамида назорат қилинадиган техникалар орқали ерни текислаш лозим. Лазерли қурилмалар ерни текислаш ишлари сифатини тубдан яхшилаб, технологик фойдали иш коэффициентини оширади. Жараёнда геодезия иши 80 фоиз камайиб, агрегатлар иш унуми 20-30 фоиз ошади. Ер 3-5 сантиметргача текисланиб (анъанавий усулда 15-25 сантиметр ва ундан ортиқ), ҳосилдорлик 40 фоизгача ортади, сув сарфи эса 50 фоизгача тежалади. Энди шоли экишдан олдин майдонни 100 фоиз лазерли ускуналар ёрдамида текислашни кун тартибига киритиш ва назорат қилиш керак. Ер ушбу технология билан текисланганда 3-4 йил давомида фойдали иш коэффициенти юқори бўлиб, сув ва бошқа ресурслар тежамкорлиги кафолатланади.

    Иккинчидан, ҳозирги сув тақчиллиги шароитида кластер, фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликлари ерида шоли экишдан бошлаб, пишиб етилгунгача сарфланаётган сув миқдорини аниқлаб, ҳисоботини юритиш мақсадга мувофиқ. Бу фермерлар ариғининг бош қисмида, асосий “қулоғи”да сув ўлчаш иншоотлари (гидропостлар) қуриш орқали бажарилади.

    Шоли бошқа экинларга нисбатан йил давомида энг юқори ҳажмда, яъни 6 баробаргача кўп сув талаб қилади. Мамлакатимизда шолининг 90 фоиздан кўп қисми уруғи экилгандан пишиб етилгунга қадар 100-130 кун давомида сувга бостириб етиштирилади. Шолини бостириб суғорганда йил давомида ҳар гектар ер учун 24 минг куб метрдан зиёд сув сарфланади. Ҳосил пишиб етилгунига қадар шоли ушбу сувнинг 30-40 фоизинигина ўзлаштиради. Қолган 60-70 фоизи эса буғланиб тупроққа шимилиб кетади. Бу шоли экилган майдоннинг ҳар гектарида йил давомида 10-15 минг куб метр сув беҳуда кетади, деганидир. Демак, ҳозир инновацион ишланмалар, илм-фаннинг илғор ютуқлари, сув ва ресурстежовчи технологиялар, янгича ёндашувлар мазкур тармоқ учун жуда муҳим.

    Стандарт талабларига жавоб берадиган гидропостлар қуриш ва ундан мунтазам фойдаланиш, шу асосда сув ҳисоботини юритиш учун Сув хўжалиги вазирлиги, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг олим ва мутахассислари хўжаликларнинг ўзига бориб ўқитиш, ўр гатиш, тавсиялар беришни ҳозирдан режалаштирган. Гидропост ларни хўжаликларнинг ўзида қуриш мумкин. Бунга кўп маблағ талаб қилинмайди. Шунингдек, Сув хўжалиги вазирлиги, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг олим ва мутахассислари томонидан фермер, деҳқон, томорқа ерларида асосий ва такрорий экин сифатида шолини кўчат қилиб етиштириш технологияси ҳамда унинг иқтисодий самарадорлиги тўғрисида илмий асосланган тавсиялар тайёрланган. Хўжаликларда ушбу технологияни ўқитиб ўргатиш ва юқори ҳосил етиштириш бўйича амалий ишлар бошланган.

    Гибрид ва янги биотехнологик навлар — соҳа келажаги

    Президентимиз топшириғига асосан, Хитойда етиштириладиган гибрид шоли навларини етиштириш тажрибасини ўрганиш ҳамда ички истеъмол бозорини сифатли ва арзон гуруч билан таъминлаш масалалари, мавжуд муаммолар таҳлил қилинди.

    Хитой гибрид шоли етиштириш технологиясини жорий этган биринчи мамлакат бўлиб, жаҳонда етакчи бўлиб келмоқда. Бунга шолининг гектарига ҳосилдорлиги 200 центнердан ортиқ бўлган гибрид навларини етиштириш орқали эришилган. Хитойлик олим, академик Юан Лонгпинг бошчилигидаги тадқиқот гуруҳи етиштирган учинчи авлод гибрид шолиси ҳосилдорлик бўйича жаҳон рекордини янгилади. Яъни учинчи авлод гибрид шолиси экилган ҳар бир гектар майдондан 200 центнердан ортиқ ҳосил олинган.

    Ўзбекистонда Хитой шолисининг дурагай (гибрид) навларини синовдан ўтказиш бўйича илмий тадқиқот ишлари ўтказилган. Жумладан, “Хай-Тек ЛТД” компанияси ва Ўзбекистон шоличилик илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида очилган Ўзбекистон — Хитой лабораториясига шолининг гибрид навларидан 14 таси олиб келинди. Улар юртимиз тупроқ иқлим шароитида экилиб, синовдан ўтказилди. Илмий тадқиқотлар натижасида ушбу навларнинг юқори ҳосил бериши, 15 июлгача экилиши, сув, кимёвий гербицидлар, уруғлик материаллари каби асосий ресурслар тежалиши ва 20-25 кун аввал пишиб етилиши аниқланди. Шунингдек, ушбу гибрид шоли навларининг пояси кучли, тик ҳолатда ўсиши, ётиб қолмаслиги, ҳосилни нобуд қилмай, ўриб-йиғиб олишгақулайлиги, шунингдек, қурғоқчиликка чидамли, бошоқдаги донлари йирик бўлиб, таркибидаги крахмал миқдори кам, фойдали, шифобахш глюкоза ҳамда оқсил моддалари кўп бўлиши кузатилган.

    Кейинги йилларда Япония, Хитой ва бошқа мамлакатларда шоли геномини ўрганиш бўйича кўп тадқиқотлар олиб борилди. Натижада шолининг А витаминига бой, крахмал моддаси кам, шўрланиш, қурғоқчилик, касаллик ҳамда ҳашаротларга чидамли, биотехнологик навлар яратилиб, ишлаб чиқаришга кенг татбиқ қилинмоқда. Геномика ва биоинформатика марказида академик Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигида буғдойнинг қўшимча ҳосилдор поялари кўпайиб, ривожланиши учун муҳим бўлган РHVA 1 генининг РHК интерференцияси орқали буғдойнинг янги биотехнологик “Баркамол” номли нави яратилди. Шоли ҳам буғдой каби бошоқли донли экинлар туркумига киради.

    Шунинг учун шолининг янги навларини яратишда ҳам буғдойда қўлланган мазкур технологияни амалиётга жорий этиш мумкин. Тадқиқотнинг биринчи босқичида Геномика ва биоинформатика марказида мавжуд бўлган РHVA 1 гени учун яратилган генетик конструкция трансформация қилинади. Иккинчи босқичда трансформантлар молекуляр скрининг орқали танлаб олиниб, аввал лаборатория шароитида, кейин дала синовидан ўтказилади. Натижада ҳозирги глобал иқлим ўзгариши шароитида шолининг инсон организмидаги юрак, буйрак, жигар, ўпка каби барча касалликларни даволашда энг кўп фойдаланадиган А витаминига бой, сувсизлик, шўрланиш, қурғоқчилик, касаллик ҳамда ҳашаротларга чидамли, ҳосилнинг пишиш даврини 20-25 кун тезлатиб, сифатли ва ҳосилдорлиги юқори бўлган янги биотехнологик шоли навлари яратилади. Бу тадқиқот ҳозир назарий ва амалий жиҳатдан Европа ҳамда Осиё мамлакатларида тан олинган ҳамда уларда ушбу тадқиқот қўлланмоқда.

    Шуни ҳисобга олиб, биринчидан, Шоличилик илмий-тадқиқот институтида Геномика ва Биоинформатика маркази тажрибасини ўрганиб, институт шароитида лаборатория ташкил қилиш, шолининг биотехнологик навларини яратиш бугуннинг муҳим вазифаларидан.

    Иккинчидан, Хитойдан шолининг серҳосил, юртимиз тупроқ иқлим шароитига мос гибрид навларини олиб келиб, тадқиқотлар ўтказиш, шолининг юқори ҳосилли гибрид навларини яратиш, уларнинг комплекс агротехнологияларини ўзлаштириш ва кенг жорий қилиш зарур.

    Учинчидан, шолини кўчат усулида экиш мақсадга мувофиқ. Шоли кўчатлаб экилганда ҳар гектар ердан сувнинг йиллик меъёри — 40, уруғлик шоли материаллари— 60, кимёвий гербицидлар — 50, минерал ўғитлар — 25, меҳнат сарфи (механизмлар билан экилганда) 60 фоизгача тежалиши, ҳосилнинг эрта пишиб етилиши 25-30 кунгача эрта бўлиши аниқланган.

    Ҳам шоли, ҳам балиқ етиштирилади

    Вьетнамдаги нам ва иссиқ иқлим шароити шоли етиштиришга энг қулай шароит ҳисобланиб, маҳаллий деҳқонлар ҳар йили шолидан 2-3 марта ҳосил олишни ва шолипояларда шоли билан бирга балиқ етиштиришни йўлга қўйган. Шолидан олинадиган ҳосил бўйича Вьетнам дунёда биринчи ўринда туради.

    Ҳозир Вьетнамда етиштирилган гуруч формаси, ўлчами дунё стандартига мослиги, айниқса, биокимёвий таснифига кўра, эндоспермасида амилозалар (крахмал формаси) кам бўлгани учун дунё бозорида энг харидоргир. Истеъмол қилинадиган озиқ-овқатлар, жумладан, буғдой, картошка ва гуручда крахмал ҳамда унинг формаси меъёрдагидан кўп бўлса, одам организмида иммунитет даражаси пасайиб, турли касалликларни келтириб чиқаришга сабаб бўлади. Шунинг учун Ўзбекистон иқлим шароитида ҳам юқоридаги талабга жавоб берадиган шоли навларини яратиб, экишга жорий қилиш лозим.

    Шолипояларда шоли билан бирга балиқ етиштириш, ҳозир дунё бўйича қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ҳар бир соҳа ва тармоқда аниқ ҳисоб-китоб билан ишлатилиши талаб қилинаётган, экинлар учун сувдан унумли фойдаланиш, бир вақтнинг ўзида қимматбаҳо балиқ ва гуруч маҳсулотларини етиштириш куннинг энг долзарб масалаларидан. Шолипояларда балиқ етиштиришда шоли ҳосилдорлиги гектаридан 40-50 центнердан бўлиб, балиқ ҳосилдорлиги эса 180 килограмм ва ундан ортиқ бўлиши Ўзбекистон иқлим шароитида ўтказилган тадқиқотлар, таж рибаларда бир гуруҳ ихтиолог олимлар томонидан ўрганилган.

    Шу билан бирга, замонавий ихтиологияга боғлиқ билимли, ёш кадрларни, шоличилик ва у ерда балиқ етиштириш бўйича мутахассислар тайёрлаш мумкин. Бунинг учун Тошкент давлат аграр университетида шоличилик факультети ёки кафедрасини ташкил қилиб, шоли билан бирга балиқ етиштириш бўйича дарс соатлари ва амалий методик машғулотларни кенгайтириш керак бўлади.

    Малакали илмий кадрлар, ахборот муҳити ва рақамлаштириш

    Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, соҳа илмини пухта эгаллаган, тажрибали кадрлар етишмайди. Шоличилик илмий-тадқиқот институти фаолият бошлаганига 80 йилдан ошганига қарамай, соҳада олим ва мутахассислар жуда кам. Бундан ўн-ўн беш йил олдин бир қанча олим, мутахассислар айнан шоличилик илм-фани амалиёти бўйича Филиппиндаги Халқаро шоличилик илмий-тадқиқот институти(IRRI) га, Японияга, Жанубий Кореяга, Хитойга ва бошқа давлатларга малака оширишга юборилган. Афсуски, ушбу кадрларнинг билимларидан, халқаро миқёсда ўрганиб келган тажрибаларидан етарли даражада фойдаланилмаяпти. Натижада бугунги кун талаби — қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгариш шароитларида ҳам экинлардан юқори ҳосил етиштириб, ўз аҳолисини таъминлаб, четга ҳам экспорт қилаётган дунё мамлакатларининг илғор илм-фан, инновацион технологияларини, тажрибаларини ўрганиш ва мамлакатимизда жорий қилиш ишлари суст кетмоқда.

    Бинобарин, давлатимиз раҳбари озиқовқат хавфсизлигини таъминлашда, республикамиз аҳолисини ўзимизда етиштирилган маҳсулотлар билан тўла таъминлаш, нархларни тушириш тўғрисидаги масалаларга жуда катта эътибор бериб, қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида эртанги кунни, келажагини ўйлаб иш кўриш устувор вазифа сифатида қаралаётгани бежиз эмас. Ҳозирги вақтда биз бутун куч-қувватимизни сарфлаб, соҳаларга илмий ёндашувни тўғри ташкил этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш биринчи даражали вазифаларимиздан.

    Шу соҳанинг вакили сифатида айтмоқчиманки, шоличилик илм-фани амалиётини ривожлантиришда мавжуд муаммолар ва уларни инновацион технологияларга асосланган ечимларда фидойи олим ҳамда мутахассисларнинг ўрни бўлакча.

    Ҳозирги вақтда замонавий қишлоқ хўжалигини илғор илм-фан ва замонавий технологияларсиз тасаввур қилиш қийин. Юқори ва сифатли ҳосил етиштириш, озиқовқат хавфсизлигини таъминлаш учун ана шу икки жиҳатни уйғунлаштириш зарур. Олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, яратилаётган илғор технологик ишланмалар замирида ана шу мақсад мужассамдир.

    Ғиёсжон РАҲИМОВ,

    Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти бош илмий ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates