"Туронбанк" активлари 23,8 фоизга ошди

    Ўзбекистон молия бозорида 33 йилдан буён самарали меҳнат қилиб келаётган “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки бугунги кунда 622 минг нафардан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.

    Ўтган 2023 йилда тижорат банки фуқароларнинг молиявий эҳтиёжларини қондириш, бизнес эгаларининг истиқболли лойиҳаларини қўллаб – қувватлаш, янги маҳсулотларни амалиётга тадбиқ этиш бўйича самарали ишларни олиб борди.

    2024 йилнинг 1 январ ҳолатига банкнинг жами капитали 1 трлн. 897 млрд. сўмни ташкил этди. Айни шу даврда активлар 15 трлн. 939 млрд. сўмга етиб, 23,8 фоизга ошди. Шунингдек, ўтган 2023 йилда юридик ва жисмоний шахслардан жалб қилинган депозитлар миқдори 4 трлн. 661 млрд. сўмга етди. Бу ўтган йил билан солиштирганда 33,5 фоиз кўп демакдир. Жами кредит қўйилмалари эса 11 трлн. 894 млрд. сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 26%га ўсди.

    Бундан ташқари, ҳисобот даврида бизнес эгаларини молиявий қўллаб – қувватлаш мақсадида банк томонидан 3 трлн. 202 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди. Шундан кичик бизнес субъектларига 1 трлн. 437 млрд. сўм, аёллар тадбиркорлигига 86 млрд. сўм, ёшларнинг стартапларини амалга ошириш учун 82 млрд. сўм ва бошқа қатор йўналишларнинг маблағлар йўналтирилди.

    Йирик корпоратив мижозларнинг истиқболли бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун эса Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Туркиянинг Эксимбанки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Хитойнинг Эксимбанки, Германиянинг “АКА” банки, Чехиянинг CSOB банки ва бошқа халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик янада фаоллаштирилди.

    Улар орқали “Қишлоқ хўжалиги”, “Чорвачиликни ривожлантириш”, “Озиқ – овқат маҳсулотларини қайта ишлаш”, “Тўқимачилик ва текстил”, “Мева – сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш”, “Туризм”, “Хизматлар соҳаси” ҳамда “Ҳунармандчилик” каби ўнлаб йўналишларга хорижий кредит линиялари ўзлаштирилди. Хусусан, ҳозирги кунга қадар 1000 дан ортиқ лойиҳаларга 270 млн. АҚШ долларлик маблағ ажратилди.

    “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки ўтган 2023 йилда эндигина ўз бизнесини бошлаётган ёки капиталлашув даражасини ошириш истагида бўлган кичик бизнес субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам бир қатор манфаатли хизматларни таклиф этди.

    Хусусан, “Айланма маблағларни тўлдириш”, “Ишлаб чиқаришни қўллаб - қувватлаш”, “Микрокредитлаш”, “Инвест лойиҳаларни ривожлантириш”, тендер савдоларида қатнашишлари учун “Банк кафолати”, “Экспорт амалиётларини бажариш” ҳамда қуёш панеллари учун “Eko panel” номли маҳсулотлари шулар жумласидандир.

    Шу билан бирга, юридик шахсларнинг бўш турган сармояларини юқори фойда билан хавфсиз кўпайтириш мақсадида миллий валютада 20%дан, хорижий валютада эса 7%дан депозитлар таклиф этилмоқда. Қолаверса, ишбилармонларимизнинг вақтлари ва маблағларини тежаш мақсадида, банк томонидан улар учун ҳисобрақамларга масофадан хизмат кўрсатувчи махсус “TuronBusiness” мобил иловаси, “SMS ва Internet banking” хизмати ҳамда “One Touch” сингари инновацион дастурлар ҳам ишга туширилган. Бугунги кунда мазкур кулайликдан қарийб 48 минг нафар юридик мижозлар фойдаланишмоқда.

    Қолаверса, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ва пластик карточкалар эмиссиясини кўпайтириш бўйича 2023 йилда 599 минг 162 дона миллий валютадаги пластик карточкалар муомалага чиқарилган бўлиб, шундан 371 минг 710 донаси “UzCard” ва 227 минг 452 таси “Humo” тизимидаги пластик карточкалар ҳисобланади.

    Шу билан бирга, “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки 3 мингга яқин “Visa” ҳамда 15 минг 299 та “MasterCard” халқаро пластик карточкаларини ҳам фуқароларга очиб берди. Мазкур пластик карточкалардаги пулларни нақдлашитириш, кирим қилиш ва бошқа амалиётлар учун бутун Республика бўйича 144 та “UzCard”, 132 та “Humo” ва 63 дона валюта айирбошлаш хусусиятига эга банкоматлар ишлаб турибди.

    Яна бир жиҳатни қўшимча қилиш лозим. “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда 2022 йилда банкнинг янги “MyTuron” мобил иловасининг янгиланган талқинини ишлаб чиқди. Янги дизайн, замонавий интерфейс ва кўплаб банк хизматларини ўзида жамлаган иловани 2023 якунлари бўйича 150 мингдан ортиқ фойдаланувчилар юклаб олишди ва индентификациядан муваффақиятли ўтишди.

    “MyTuron” мобил иловасида бир неча дақиқа ичида онлайн микроқарз олиш, “UzCard”, “Humo”, “Visa” ва “Mastercard” пластик карталарига буюртма бериш, “Humo Virtual” картасини бепул очиш каби кўплаб функциялар мавжуд.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates