Хато қилсангиз, фақат устоз кечиради...

    Суҳбат 3 октябр 2023 1389

    Ўрта Осиёнинг олис тоғ қишлоғидан келган оддий йигитча Москванинг энг олий даргоҳларида таълим олишни бошлади.

    Биология фанлари доктори, профессор Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор СамДВМЧБУ ректори Худайназар Юнусов:

    Бу ўша пайт учун ҳам оддий ҳодиса эмасди – биров ишониб, биров ишонмасди. Тилни у даражада яхши билмасдим, оддий қишлоқ мактабида ўқиганман. Москва – бутунлай ўзгача дунё эди – маданият, тил, ҳаёт бошқача оқимда эди, бу ерда.

    Сен бошқа жойга ўз қонун - қоидаларинг билан бормайсан, балки ўша ҳаётга кўникасан, мослашасан ва янги қоидаларни ҳаётингга жорий қилсанг, яшаш осонроқ бўлади. Мен бу ҳақида шогирдларимга жуда кўп марта айтаман – Янги оилага келдингми, бахтли бўлишинг ва у ерда ўз ўрнингга эга бўлишинг учун мослашиш зарур! Мослашсанг – мақсадга етасан ва бахтли бўласан, кўникмасанг аксинча.

    Ва бу йўлда Устозлар энг яхши кўмакчи. Сенга ёрдам беришади, йўл кўрсатишади, Ўзлигингни топишинг учун.

    Ҳар бир Инсон ҳаётида касб танлашга ва ўзининг келажак ҳаётини белгилашга сабаб бўладиган бурилиш нуқталари ва алоҳида кишилар (Устозлар деб айтиш мумкин!) бўлади...

    Улар қалбимнинг энг чуқур жойидан ўрин олишган...

    ...Қишлоғимизга ёш оила кўчиб келди – эру хотин химия фанидан дарс беришаркан. Жумановлар оиласи – Холбобо ва Раъно опалар. Юқори синфларга улар галма - галдан дарсга киришарди. Ўқитувчилар кам бўлганми, бутун қишлоқ аҳли бу оилани қаттиқ ҳурмат қилар, умуман у пайтларда ўқитувчиларни ҳамма эъзозлар, уларнинг “оғзига қараб туришарди”, улар элнинг энг олди одамлари эдилар. Жумановлар эса ростакамига ҳурмат ва иззатга лойиқ кишилар эди – фанни чуқур билишар, дарс машғулотларини қизиқарли ва ажойиб тарзда ўтказарди. Ёш ва билимдон ўқитувчиларим бу фаннинг сирли калитини қўлимга тутқазишган эди, гўё. Бу фанни орзиқиб кутадиган бўлиб қолдим – устозларнинг йўлини пойлардим.

    Ва шу асосда келажакда ким бўлишимни белгилаб олдим ва ҳаракатларини шунга йўналтирдим, дейишим мумкин.

    Москвага шу таҳлит, тақдир ва танлов шамоллари олиб келди.

    Софья Степановна Болезина - машҳур ва таниқли профессорнинг қизи, бизга химия фанидан сабоқ берган. Бақувват, келишган, йўғон овозли устозимиздан ҳамма ҳайиқиб турарди. Ўзимча химия фанидан билимимни жуда яхши деб ҳисоблардим. Бир куни кутилмаганда доскага чақириб қолди. Ўқитувчининг салобати босиб, қаттиқ ҳаяжон билан зўрға ўрнимдан қўзғалдим. Оддий формула ёрдамида мисол ечиш керак эди.

    Ўша пайтда аудиторияда ягона ўртаосиёлик талаба эдим, кўпчилик менга ҳайриҳохлик билан жавобларни тинмай шипшита бошлади. Мен эса ҳаяжон таъсирида, ҳар сафар курсдошларимнинг айтган жавобларини доскага ёзиш ва ўчириш билан оввора эдим. Софья Степановна бу пайтда дераза раҳида ўтириб, ҳар бир харакатимни диққат билан кузатиб ўтирган экан.

    “Сен бунга аминмисан, шу тўғрими?” деб савол берди. Шундан кейин ҳам мен 3 марта натижани ўзгартираверганим ва ўзимга ишонмаганим учун дарсдан чиқиб кетишимни сўради.

    Бу яхши ва ҳаққоний жазо эди!

    Оддийгина формулада хато қилганим менга алам қиларди!

    Мен аччиқ устида деканатга бордим ва у ердагиларга бошқа бу ерда ўқимаслигимни, ҳужжатларимни қайтиб олишимни айтдим.

    Хуллас, ўша куни дарс тугагач, Софья Степановнанинг ўзи ёнимга келди ва мени ўзи билан бирга кафедрасига олиб кетди.

    У ерда устозим билан чой ичдик, ўзимни бутунлай босиб олгандим. Бу пайтда ўзимга келдим ва янада қийинроқ мисолларни бемалол ечдим, бу фандан аслида билимим яхши эканлигини исботладим. “Сени қизим билан таништираман, у билан дўстлашасизлар, бир – бирингиз билан билганларингизни бўлишасизлар” – деди Софья устозим.

    Ўша кундан янада қаттиқроқ тириша бошладим, дарсларни яхши ўзлаштиришга, баҳоларим “аъло” бўлишига интилдим – Устозим мени “қайта тирилтирди!

    Шунчаки, менга ўша пайтда “икки” баҳо қўйса ҳам бўларди. Шу билан мен ўқишни ташлаб кетган бўлармидим...

    У киши бошқача йўл тутди – мени ҳаётга томон йўллади.

    У киши билан театрга, спектаклларга кўп марта бирга борганмиз. Спектаклдан сўнг воқеаларни қизғин муҳокама қилардик, мунозалар бўларди – шу йўл билан бизни Устозларимиз ҳаётга ҳам тайёрлаган экан...

    (Устозларини эслаб, профессор Юнусовнинг кўзлари ёшланди ва бу учун узр сўради...Бу жуда гўзал эди, аслида)

    Яна бир ажойиб Устозим - Татьяна Андреевна Дмитриева бизни сирли ўсимликлар дунёсига олиб кирган. У киши билан Кавказ ва Россиянинг бепоён далаларини жуда кўп марта кезиб чиққанмиз.

    Надежда Воробьева химиянинг махсус бўлимини ўқитган.

    Роза Михайловна Голубьева - биология ўқитувчимиз бўлган...

    Юқорида санаб ўтганларим – том маънодаги ҳақиқий УСТОЗЛАР эди. Улардаги юксак маданият, чуқур билим ва ҳар бир шогирди – талабасига нисбатан инсоний муносабат, талабчанлик, меҳрибонлик, ишонч туйғулари – бизни ҳақиқий инсон ва мутахассис бўлиб етишишимизда асосий омил бўлган.

    Тенгдошларим орасида машҳурлар, турли соҳалар эгалари бўлган - ўз ишининг усталари талайгина.

    Бугун ўзимиз УСТОЗ мақомидамиз, аммо бизга таълим – тарбия берган УСТОЗларимиздан ҳамиша миннатдор бўлаверамиз. Уларнинг деярли барчаси бу дунёни тарк этиб кетишган - ўзларидан ёруғ ва нурафшон излар қолдириб...

    Илм – фан йўллари машаққатли. Бу йўлда бизга Устоз ва мураббийлар кўмакка келади.

    Устозлар ҳаётимизни безайди, унга мазмун – моҳият ва маъно бағишлайдилар.

    Уларга таъзимдамиз!

    Гулчеҳра Бердиёрова суҳбатлашди

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates