Шарқона тарбияда аёлларга ҳурмат кўрсатиш, имкон қадар уларга енгиллик яратишга интилиш етакчилик қилади. Зеро, бугун юртимизда аёлларнинг жамиятда ўз ўрни ва қадрини топиши давлат даражасидаги масала бўлиб турибди. Шунингдек, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, фаоллигини ошириш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, соғлиғини сақлаш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Хусусан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ҳамда хотин-қизлар касб-ҳунар марказларида текин ўқитилмоқда. Kасб-ҳунар йўналиши бўйича ўқув курсларини якунлаган хотин-қизлар мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилмоқда. Тадбиркорлик йўналиши бўйича ўқув курсларини якунлаган хотин-қизларга тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтишидан тортиб, фаолиятини мустақил юритишига қадар жараёнда ҳоким ёрдамчилари томонидан тизимли равишда амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Aёлларимиз ўртасида ҳам тадбиркорлик муҳитини пайдо қилиш, давлат бюджетидан мақсадли кредитлар ажратиш йўлга қўйилган.
Айниқса, хотин-қизлар илм олишга рағбатлантирилиб, уларга алоҳида имтиёзлар берилмоқда. Узоққа бормайлик, яқин йилларда ҳам, айниқса, қишлоқ жойларда 2-3 та ўқимишли одамни топиш мумкин эди. Қизларнинг ўқишига кўп-да эътибор берилмас, мактабни битирдими, жойи чиқса, узатиб юбориш пайида бўлинарди. Ҳали ҳаётнинг баланд-пастига тайёр бўлмаган қизларнинг эрта турмушга берилиши ортидан муросасиз оилалар сони ортди, ажрашишлар кўпайди.
Ҳали 20 га кирмаган қизларнинг турмуш муштига бардош беролмай, орзулари ўрнини ҳаётнинг аччиқ аламлари эгаллашини оддий қабул қилдик. Ўзимизга сезилмаса-да, умумий жамият руҳига тушкун кайфият сингиб борди. Бу эса кундалик муҳокама мавзумиз оилавий можаролар бўлишига олиб келди.
Қайнона-келин ўртасидаги зиддиятлар кино ва сериалларимизда асосий объект сифатида олинди, афсуски, ҳали ҳам бу кайфиятдан қутулолмаяпмиз. Лекин шу йиллар мобайнида муваффақиятли ва зиёли аёл ғоясини илгари суришни ё истамадик, ё пайсалга солдик. Ҳар қалай қизларимизнинг таълим олишига етарлича рағбат бермадик. Чунки аёллар ўқиши шарт эмас, деган фикр кўпчилигимизнинг онгимизга ўрнашиб қолганди.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертларининг 2022 йилдаги таҳлиллари кўрсатдики, аёлларнинг иқтисодий фаоллиги пастлигининг асосий сабаби уларнинг уй-рўзғор ишлари билан андармон бўлиб қолганидир. Биз аёлларимизни коса-товоқ билан банд қилиб, қандай келажакни кутишимиз мумкин, сизнингча? Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам аёлларнинг иқтисодий фаоллиги эркакларникига нисбатан паст.
Ўзбекистон аёлларининг меҳнат бозоридаги иқтисодий фаоллиги 30 ёшдан бошланади. Сабаби, ўртача 22-23 ёш оралиғида турмуш қуради ва ундан кейин камида 2 йилни туғуруқ таътилида ўтказади. Ундан сўнг меҳнат бозорига қайтади, лекин қисқа вақтдан кейин уларнинг такрорий туғуруқ таътилига чиқиш эҳтимоли юқори. Умуман олганда, давлат ва хусусий секторда фаолият юритувчи аёллар салмоғи кейинги йилларда ўсишига гувоҳ бўляпмиз. Шу мақсадда кўпгина имтиёз ва имкониятлар яратилмоқда.
Қувонарлиси, бугун айрим тоифадаги хотин-қизларга ОТМга кириш учун тавсиянома берилиши тартиби амалиётга татбиқ қилинди. Бундан ташқари, магистратурада ўқиётган хотин-қизларнинг контракт тўловларини давлат томонидан бутунлай қоплаб бериш тартиби белгиланган.
Шунингдек, ҳар бир ҳудуддан ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз 100 нафар аёлнинг тўлов-контракти ҳокимликлар томонидан ҳар йили тўлаб берилади. 50 нафаргача хотин-қиз биринчи ўқув йилида текин ўқитилади.
Бухоро муҳандислик-технологиялари институтида ҳам мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, келажакка шахдам қадам ташлаётган хотин-қизларимиз талайгина. Буни улар қўлга киритаётган натижалардан ҳам билиш мумкин. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2023 йил 4 декабрдаги буйруғига кўра, номдор давлат стипендияларига муносиб номзодлар тайинланиб, институтнинг 8 иқтидорли талабаси тақдирланди. Энг қувонарлиси, саккиз стипендиантимизнинг беш нафари қизлардир. Бу ўз-ўзидан қалбимизни фахр-ифтихор туйғуларига тўлдирди.
2023 йилда 2 нафар аёл ўқитувчимиз “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Жорий йилда бир ҳамкасбимиз “Шуҳрат” медали, яна бири эса “Мўътабар аёл” унвонига муносиб кўрилди.
Магистратура босқичида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг контракти давлат гранти ҳисобидан қопланиши таълим оламан, илм қиламан, деган қизларимиз сафи кенгайишига йўл очди.
Докторантурада таҳсил олаётган бўлажак олималаримизга стипендиялар ўз вақтида тўлаб бериляпти. Илмга рағбатни ошириш йўлида институтимиз талабаларга камарбаста бўлмоқда. Шунингдек, илмий даражаси борларнинг умумий 40 фоизини аёл ходимлар ташкил этаётгани ҳам хотин-қизларга эътиборни кўрсатиб турибди.
2024 йилнинг январь ойида ОТМда “Аёллар бизнесига биринчи қадам” танлови ташкил этилди. Ундан кўзланган мақсад иқтидорли ва истеъдодли хотин-қизлар, аёллар ва ёш олималарнинг инновацион фаолияти натижалари ва ташаббусларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, илмий изланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда салоҳиятли ёшларни илм-фанга кенг жалб этишдан иборат. Танловда илмий тадқиқотлар билан шуғулланаётган 8 талаба қиз ўз лойиҳаси билан қатнашди. Ғолиблар муносиб тақдирланди.
Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонида ҳам қизларимизнинг ўғил болаларга нисбатан юқори балл қайд этаётгани уларда илм-маърифатга рағбат юқорилигидан далолат беради. Кеча аёлларнинг фақат уйда ўтиришини тасаввур қилар эдик, бугун эса дунёнинг турли бурчакларида таълим олаётган ўзбек қизлари ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатиб, барча аёл-қизларимизга намуна бўлаётир. Қувонарлиси, жамиятимизда “Хотин-қизлар таълим олиши керак” деган тушунча шаклланаётир. Илгари қизини ўқитишга қурби етмаган ота-оналар ҳам банклардан фоизсиз кредит олиб ўқитмоқда, магистратурада эса текин таҳсил олиш имкони мавжуд.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиздаги ислоҳотларга қуруқ қарсак чалиб, баландпарвоз гаплар билан жавоб беришдан воз кечишимиз керак. Бир мақсад йўлида бирлашиб, Ватан хизматига сидқидилдан ҳозир бўлишимиз зарур. Комил фарзандлар тарбиялаб, мамлакатимиз тараққиётида муносиб иштирокчи бўлиш учун барчамиздан фаоллик ва ғайрат талаб қилинади.
Садоқат Сиддиқова
Бухоро муҳандислик-технология институти ректори