Зиёратгоҳнинг қоқ марказида буюк ҳадисшунос бобомизнинг табаррук мақбараси ўрин олган.
Давлатимиз раҳбари мақбарани зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.
– Муборак Рамазон ҳайити арафасида буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг руҳи покларига яна бир бор ҳурмат-эҳтиром бажо келтирмоқдамиз. Бухорий бобомиз Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба бўлган ҳадислар китобини яратиб, бутун ислом оламида шуҳрат қозонган улуғ сиймодир. Муқаддас заминимиз дунёга мана шундай машҳур алломани бергани билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.
Эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан бугун орзу-ниятларимиз рўёбга чиқди. Бу бетакрор зиёратгоҳни Имом Бухорий бобомизнинг оламшумул мавқеига, юксак мақомига муносиб даражада бунёд этишга муяссар бўлдик. Мана шундай табаррук маскан барчамизга муборак бўлсин, – деди давлатимиз раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасида якунига етган бунёдкорлик ишлари ва яратилган шароитлар билан танишди.
Мажмуа давлатимиз раҳбари ташаббуси билан буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди.
Хусусан, мажмуа қошида туризм маркази очилди. Ёндош 15 гектар майдонда замонавий инфратузилма яратилиб, шинам меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва сервис нуқталари барпо этилди. Жумладан, 1 та тўрт юлдузли, 2 та уч юлдузли меҳмонхона, 22 та 176 ўринли оилавий меҳмон уйлари ҳамда автотураргоҳ қурилган. Мазкур объектлар тўлиқ коммуникация тармоқлари билан таъминланиб, ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.
Натижада Имом Бухорий мажмуаси илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга.
Мажмуанинг ўзи Самарқанднинг, Янги Ўзбекистоннинг дурдонаси бўлиб қад ростлади. Унинг майдони 45 гектарни ташкил этади. 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, маъмурият биноси, 154 устунли, миллий услубдаги муҳташам айвон қурилди.
Мажмуа таркибида энг илғор ахборот технологиялари асосида 9 павильондан иборат ноёб инновацион музей барпо этилди. У ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади. Шунингдек, музейда Қуръони каримда исмлари зикр қилинган 25 пайғамбар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти, ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.
Қадамжода 14 та мовий гумбаз, 75 метрлик 4 та минора унга улуғвор қиёфа бағишлаб турибди.
Давлатимиз раҳбари туризм маркази ва масжидда яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Маълумки, бир ярим минг йиллик ислом тарихини, илм-маърифатини юртимиздан етишиб чиққан буюк олиму уламоларнинг номларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу кунларда расман очилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам бу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди.
Бутун мусулмон оламида ҳадис илми ҳақида гап кетса, ҳеч шубҳасиз, бизнинг диёримиз биринчилар қаторида тилга олинади. Чунки Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк ҳадисшунос олимлар айнан мана шу замин фарзандларидир.
Хусусан, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китоби дунёда тан олинган энг мўътабар олтита ҳадис китобининг биридир. Ўн ёшидан бошлаб ҳадис илмини ўрганган аллома бобомиз 20 дан ортиқ асар ёзганлар. Улар то ҳануз дину диёнатимизни мустаҳкамлаш йўлида ислом умматига хизмат қилиб келмоқда.
Президентимиз ҳар гал Самарқандга келганида мажмуанинг қурилиш жараёни билан танишиб, бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ҳамда камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклигини таъкидлаганди.
– Ушбу бетакрор қурилиш Янги Ўзбекистоннинг улкан имкониятларини яққол намоён этади. Зиёратгоҳ халқимиз учун, жаҳондаги барча мусулмонлар учун эзгулик ва маърифат нурини таратадиган қутлуғ масканга айланади, деб ишонаман. Аминманки, бу даргоҳни зиёрат қилиб, унинг маънавий муҳитидан баҳраманд бўлган инсон, айниқса, ёшлар ислом динининг асл маъносини англаб етади, тўғри йўлдан адашмайди, – деди Президентимиз.
Шунинг учун ҳам Имом Бухорий мажмуасида маънавий-маърифий ишларни кенг йўлга қўйиш, уни чинакам тарбия ва ибрат мактабига айлантириш, бу ерда имом-хатиблар, маҳалла фаоллари учун малака ошириш дастурларини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Бу ердаги барча ишлар якунига етганини ҳисобга олиб, янги қурилган муҳташам масжидда Ҳайит намозини адо этиш таклиф қилинди, бу мўмин-мусулмонларимиз, бутун эл-юртимизнинг кўнглидаги иш, халқимизга муносиб Рамазон совғаси бўлиши таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи давомида Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ, ўтган йили юртимизда ақида илмининг асосчиси Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристони ҳудудида Имом Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштиришга киришилганди.
Айни пайтда мажмуа ва унинг атрофида қурилиш-ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Умумий майдони 10,2 гектар бўлган ҳудудда Имом Мотуридий мажмуаси қайта қурилиб, 250 ўринли масжид, кириш пештоқи, илмий марказ, кутубхона, музей ва автотураргоҳ бунёд этилмоқда.
Шунингдек, қурилиш ишлари жараёнида Чокардиза қабристонида буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний дафн этилган жой ҳам аниқланиб, бу ерда мақбара қурилмоқда.
Алломалар ёдга олиниб, Қуръон тиловат қилинди.
Давлатимиз раҳбари бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, ушбу маскан дунё мусулмонлари талпинадиган зиёрат манзилларидан бири эканини қайд этиб, бу ерда улар учун замон талабларига мос шароит яратиш зарурлигини таъкидлади.
– Мажмуага келган киши аввало Имом Мотуридий бобомизнинг илмий-маънавий мероси, ислом оламида тутган мавқеи ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлиши, алломанинг маърифатпарвар қарашлари бугун ҳам долзарблигини ҳис қилиши керак, – деди Президент.
Қурилишни сифатли ва ўз вақтида бажариш, ҳудудда яшил майдонларни кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Ҳизр мажмуасида бўлиб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди.
Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Бугунги айём кунларида улуғ аждодларимиз ва бу дунёдан ўтган яқинларимизни ёд этиш, уларнинг эзгу ишларини эслаш хайрли амаллардан экани таъкидланди.
Шунинг билан давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи якунланди.