Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг тезкор тузилмалари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг мамлакат ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кирилишини аниқлаш ва фош этиш мақсадида «Халқаро назорат остида етказиб бериш» тезкор-қидирув тадбири ўтказилди.
Тезкор тадбир давомида 2009 йилда туғилган, яъни вояга етмаган шахс Россиядан юборилган жўнатмани қабул қилиб олган вақтида ушланган.
Жўнатма холислар иштирокида очиб кўрилганда, унинг ичидаги 4 та консерва қутисига 852,2 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситаси яширилгани аниқланган.
Шунингдек, ўсмирнинг яшаш хонадон кўздан кечирилганда, электрон тарозилар, гиёҳвандлик воситаларини тарқатишга мўлжалланган «zip» пакетчалар ҳамда изоленталар борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Маълум қилинишича, 852,2 грамм «гашиш» ўртача ҳисобда 60 минг дозадан ортиқни ташкил этади. Ушбу миқдордаги гиёҳвандлик воситасининг қора бозордаги қиймати қарийб 600 минг АҚШ долларига баҳоланган.
Ҳолат юзасидан Божхона қўмитаси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Божхона қўмитаси ота-оналарни фарзандларига нисбатан эътиборни сусайтирмасликка, хусусан, уларнинг ижтимоий тармоқларда кимлар билан мулоқот қилаётгани ва бўш вақтини қандай ўтказаётганига жиддий эътибор қаратишга чақирди.