Олий судда ўтказилган брифингда қайд этилишича, мазкур кўрсаткич мурожаатларни қуйи судларда жойида ҳал қилиш имкониятлари кенгайгани ва аҳоли билан мулоқот самарадорлиги ошганини кўрсатади.
Ҳисобот даврида Олий судга 7 минг 492 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 14,9 фоизга камайган.
Шу билан бирга, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларга келиб тушган мурожаатлар сони 16,4 фоизга ошиб, 14 минг 779 тани ташкил этган. Энг катта ўсиш Сурхондарё (809 та), Самарқанд (701 та), Тошкент шаҳри (683 та), Қорақалпоғистон Республикаси (337 та), Қашқадарё (304 та), Навоий (209 та) ва Наманган (179 та) ҳудудларида қайд этилган.
Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали юборилган 40 минг 386 та мурожаатдан 38 минг 233 таси кўриб чиқилиб, 3 минг 725 таси ижобий ҳал этилган.
Ҳисобот даврида Олий суд фуқаролар қабулхонасига 27 минг 152 нафар фуқаро мурожаат қилган. Бу ўтган йилга нисбатан 10,5 фоизга кўп. Улардан 10 минг 243 таси ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилган, 3 минг 466 нафари суд раҳбарияти қабулида бўлган, 13 минг 443 нафари эса суд мажлиси санаси ёки мурожаатлари ҳолати бўйича маълумот олган.
Олий суд раҳбарияти томонидан биринчи ярим йилликда 3 минг 130 нафар жисмоний ва юридик шахс вакили қабул қилинди. Шундан 2 минг 86 нафари Олий судда, 814 нафари сайёр қабулларда, 230 нафари эса видеоконференцалоқа орқали қабул қилинган. Сайёр қабуллар Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Андижон, Наманган, Фарғона, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган.
Брифингда келгусида суд қарорлари сифатини ошириш, уларни содда ва тушунарли тилда баён этиш, шикоятлар сабабларини бартараф қилиш, судьялар ва суд аппарати ходимларининг шахсий масъулиятини кучайтириш, рақамли технологиялар ҳамда очиқлик механизмларини кенг жорий этиш устувор вазифалар этиб белгилангани таъкидланди.