2026/2027-ўқув йили учун касбий таълим ташкилотларига камида умумий ўрта маълумот негизида бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича қабул жараёни бошланди.
Ҳужжатлар my.edu.uz платформаси орқали 10-августдан 10-сентябргача (шу куни ҳам) қабул қилинади.
Қабул қуйидаги таълим шакллари бўйича амалга оширилади:
— кундузги;
— кечки;
— дуал таълим.
Тиббиёт техникумларига кечки ва дуал таълим шакллари, шунингдек, халқаро таълим дастурлари бўйича ҳужжатлар ҳам 10-сентябргача my.edu.uz платформаси орқали қабул қилинади.
Тиббиёт техникумларига кундузги таълим шакли бўйича маҳаллий таълим дастурларига кириш истагидаги абитуриентлар эса олий таълим муассасаларига танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун давомида рўйхатдан ўтиши мумкин.
Бунда тегишли мутахассислик ва таълим тилини танлаш талаб этилади. Бошқа техникумларга (камида умумий ўрта маълумот негизида) кириш синовлари ёзма имтиҳон шаклида ўтказилади.
Қабул параметрлари 2026/2027-ўқув йили учун камида умумий ўрта маълумот негизида 641 та техникумга жами 134 960 та қабул ўрни тасдиқланган. Шундан 61 550 таси давлат гранти ҳисобланади.
Қабул ўринлари таълим шакллари бўйича:
— кундузги — 87 700 та, шундан 39 390 таси давлат гранти;
— кечки — 4 440 та;
— дуал — 42 820 та, шундан 22 160 таси давлат гранти.
Техникумлар рўйхати билан kasbedu.uz сайти орқали танишиш мумкин.