Аммо XXI асрда бу тушунча анча кенгайди. Бугун озиқ-овқат хавфсизлиги фақат қорин тўқлиги эмас. Бу инсон саломатлиги, болаларнинг тўғри ўсиши, оналарнинг соғлом ҳаёти, деҳқон ва фермер даромади, сув тежамкорлиги, тупроқ унумдорлиги, маҳсулот сифати, қайта ишлаш, экспорт, рақамлаштириш ва келажак авлод олдидаги масъулиятдир.

Оддий қилиб айтганда, озиқ-овқат хавфсизлиги далада бошланиб, оила дастурхонида якунланади. Далада қандай уруғ экилади, у қанча сув талаб қилади, тупроққа таъсири қандай, ҳосил қандай сақланади, маҳсулот болаларимиз саломатлиги учун қанчалик муҳимбуларнинг барчаси бугуннинг стратегик саволлари. Бу масалага шахсан мен икки хил қарашим зарур: вазир сифатидаамалиёт, ислоҳот ва деҳқоннинг кундалик муаммолари нуқтаи назаридан; олим сифатида эсадунё илми қайси йўналишга кетаётгани, 2050 йил сценарийлари нимани кўрсатаётгани жиҳатидан. Ушбу икки қараш бирлашганда келиб чиққан хулоса: келажак озиқ-овқат хавфсизлиги фақат кўпроқ маҳсулот етиштириш эмас, балки соғлом, адолатли, сувтежамкор, илмга таянган ва инсонийлик билан йўғрилган озиқ-овқат тизимини қуришдир. Келинг, шуларга бирма-бир, келажак нуқтаи назаридан тўхталайлик.

Инсониятни нима кутмоқда?

Дунё аҳолиси бугун 8 миллиарддан ошди. 2050 йилга бориб эса 9 миллиарддан зиёд бўлиши кутилмоқда. Демак, келажакда дастурхон атрофида ўтирадиган одамлар сони ортиб боради. Аммо уларни боқадиган ер, сув ва табиий ресурслар чексиз эмас.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг “2050 йилда дунёни қандай боқамиз?” мавзусидаги таҳлилларида келтирилишича, “2050 йилда 9 миллиарддан ортиқ одамни боқиш учун жаҳон озиқ-овқат ишлаб чиқаришини 2005—2007 йилларга нисбатан тахминан 70 фоизга ошириш зарур бўлади”. Бунинг учун эса ривожланаётган мамлакатларда ишлаб чиқариш деярли икки баробар ошиши керак. Лекин ФАО яна бир муҳим ҳақиқатни таъкидлайди: “дунё техник жиҳатдан етарли озиқ-овқат ишлаб чиқариши мумкин, аммо бу очлик автоматик равишда йўқолади, дегани эмас”. Чунки очлик кўп ҳолларда маҳсулот йўқлигидан эмас, балки одамларнинг озиқ-овқатга иқтисодий ва ижтимоий кириш имконияти чекланганидан келиб чиқади.

Бу — биз учун ҳам катта сабоқ. Демак, 2050 йил учун савол фақат “Қанча етиштириш керак?” эмас, “Етиштирилган маҳсулот ҳар бир оилага етиб борадими, унинг нархи арзонми, сифатлими, хавфсизми, у бола ва она саломатлигига хизмат қиладими, бу маҳсулотни етиштиришда сув ва тупроқ асралдими?” бўлиши керак.

Жаҳонда ўнлаб йил давомида озиқ-овқат хавфсизлигини ўрганиб келаётган олимлар — франциялик Бернард Ҳюбер, америкалик Марк Розгрант, нидерландиялик Ван Боекел ҳамда перулик Родомиро Ортиз озиқ-овқат келажаги бўйича илмий сценарийларда икки йўлни кўрсатади. Биринчиси — “Agrimonde GO” бўлиб, иқтисодий ўсиш ва истеъмолни ҳамма нарсадан устун қўядиган йўл. Бу йўлда калория кўпаяди, яъни аҳоли жон бошига суткалик калория миқдори ўртача 3590 ккалгача ошади. Гўшт ва ресурс талаб қиладиган маҳсулотлар истеъмоли ортади, аммо сув, тупроқ ва табиатга босим кучаяди. Иккинчиси — “Agrimonde 1”, яъни барқарор ривожланиш, оқилона ва адолатли йўл. Унда ҳар бир одамга калория кунига 3000 ккалга етарли бўлиши, адолатли соғлом, экологик жиҳатдан мақбул озиқ-овқат таъминоти, ўсимлик маҳсулотлари улушининг ортиши, сув ва ерни асраш, қишлоқ аҳолиси даромадини кўпайтириш мақсад қилинади.

Хўш, Ўзбекистон қайси йўлни танламоқда? Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар, сув тежовчи технологияларга эътибор, пахта майдонларини қисқартириб ҳосилдорликни ошириш, мева-саб­завотчилик, чорвачилик, балиқчилик, қайта ишлаш ва рақамлаштиришга берилган устуворлик саволга “Ўзбекистон келажакни фақат миқдорда эмас, сифат, самарадорлик ва инсон манфаатида кўрмоқда”, деган лўнда жавобни бермоқда.

ФАО сабоғи: бу фақат ҳосил эмас, даромадга ҳам боғлиқ

Шу ўринда ФАОнинг яна бир муҳим хулосасини келтириш жоиз: “Қишлоқ хўжалигидаги ўсиш камбағаллик ва очликни камайтиришда жуда кучли таъсирга эга”. Халқаро таҳлилларга кўра, қишлоқ хўжалигидаги иқтисодий ўсиш камбағаллар учун бошқа соҳалардаги ўсишга нисбатан камида икки баробар самарали бўлиши мумкин. Бу табиий ҳол: ривожланаётган мамлакатларда камбағал аҳолининг катта қисми қишлоқ жойларда яшайди ва уларнинг даромади бевосита ер, чорва, сув, меҳнат ва аграр хизматлар билан боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, озиқ-овқат хавфсизлиги фақат омбордаги дон ёки бозордаги сабзавотдан иборат эмас. Бу қишлоқда иш ўрни, фермернинг даромади, деҳқоннинг бозорга чиқиши, аёллар ва ёшларнинг ер, кредит, билим ҳамда технологияга кириш имконияти ҳамдир.

ФАО, шунингдек, келажакда озиқ-овқат нархлари ўзгарувчанлиги ортиши, иқлим, энергия бозори, савдо ва хомашё нархларидаги тебранишлар қишлоқ хўжалигига кучли таъсир кўрсатишини таъкидлайди. Демак, келажак қиш­лоқ хўжалиги фақат кўп маҳсулот етиштирадиган эмас, балки ташқи зарбаларга чидамли, рискларни бошқара оладиган ва оддий деҳқонни ҳам ҳимоя қиладиган тизим бўлиши керак.

Янги хавфлар: микропластик, иқлим ва антибиотиклар

Бугун дунё озиқ-овқат хавфсизлигига таъсир қилаётган хавфлар аввалгидан анча мураккаб. Улар фақат қурғоқчилик ёки ҳосил кама­йиши эмас. Олимлар сўнгги йилларда учта янги жиддий хавфга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Биринчиси — микропластик. Пластик чиқиндиларнинг кўзга кўринмас майда зарралари энди фақат шаҳар тозалиги муаммоси эмас. Улар тупроққа, сувга, ўсимликларга, балиқчиликка ва бутун озиқ-овқат занжирига кириб бормоқда. Айрим илмий баҳолашларда микропластиклар ўсимлик ва сув ўтларида фотосинтез жараёнини пасайтириши, бу эса глобал миқёсда асосий экинлар ҳосилига салбий таъсир қилиши мумкинлиги таъкидланади. 2025 йилда тайёрланган халқаро тадқиқотлар шуни кўрсатдики, пластик чиқиндиларнинг микроскопик зарраси ер юзасидаги ўсимлик­лар, балиқлар ва сув ўтларининг фотосинтезини 12 фоизгача камайтиряпти. Яъни оддий тилда айтганда, бу экилган ҳар 10 гектар даладан, тоза далага нисбатан 1 гектар ҳосил камроқ олинади дегани. Глобал миқёсда бу йилига 110-360 миллион тонна асосий экинлар йўқотилишини англатади.

Иккинчиси — иқлим ўзгариши. Қурғоқчилик, иссиқлик тўлқинлари, сув танқислиги ва ҳаддан ташқари кўп об-ҳаво ҳодисалари буғдой, шоли, маккажўхори, сабзавот ва чорвачиликка таъсир кўрсатмоқда. Хитойдаги ва Ҳиндистондаги “нон саватлари”да буғдой ҳосили 2080-йилларга бориб, 13 фоиз тушиши прогноз қилинмоқда. Бу хавфга жавоб бериш учун донли экинларнинг янги навлари устида ишланмоқда, лекин улардан кутилаётган ҳосилдорлик, агар ҳозирдан инвестиция қилинса, 2100 йилга бориб, йўқотишларни 17-18 фоизгача қисқартириш имконини беради, холос. Ўзбекистон учун бу масала янада долзарб: мамлакатимиз қуруқ иқлим минтақасида жойлашган, сув ресурслари чекланган, аҳоли сони ва озиқ-овқатга талаб эса ортиб бормоқда.

Учинчиси — антибиотикларга чидамлилик. 2025 йилги тадқиқот маълумотлари шуни кўрсатдики, Шарқий Ўрта денгиз минтақасида антибиотикларга чидамли бактерия­лардан ўлим 2021 йилда 380 минг кишига етган, 2050 йилда эса 752 мингдан ошиши кутилмоқда. Бу фақат тиббиёт муаммоси эмас. Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликда ­антибиотиклардан нотўғри фойдаланиш инсон саломатлигига қайтиб келадиган хавфдир. Бу бутун дунё учун “One Health” — инсон, ҳайвон ва атроф-муҳит саломатлигини биргаликда кўриш заруратини эслатади.

Ушбу хавфлар Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Демак, келажакда озиқ-овқат хавфсизлигига фақат агроном, фермер ёки иқтисодчи эмас, биолог, эколог, ветеринар, шифокор, муҳандис, рақамли технология мутахассиси ва педагог ҳам бирдек жавоб беради.

Дунё тажрибаси бизга нимани ўргатмоқда?

2050 йил озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида гапирганда, дунё тажрибасига қараш жуда муҳим. Чунки бугун ҳар бир мамлакат ўз даласида ишлаётгандек кўринса-да, аслида, барча мамлакат битта умумий саволга жавоб изламоқда: чекланган сув, чекланган ер ва ўзгариб бораётган иқлим шароитида инсонни қандай соғлом боқиш мумкин?

ФАО ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилгача глобал зироатчилик ўсишининг асосий қисми янги ер очишдан эмас, ҳосилдорликни ошириш ва бир йилда кўпроқ ҳосил олиш, яъни интенсивликни кучайтириш ҳисобига келиши керак. Бошқача айтганда, келажакда ерни кенгайтиришдан кўра ҳар бир гектардан илм, технология ва оқилона бошқарув орқали кўпроқ ва сифатли маҳсулот олиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу Ўзбекистон учун жуда мос йўналиш. Чунки бизда ер ва сув чекланган. Демак, келажак “кўпроқ ер” эмас, “кўпроқ билим”, “кўпроқ самара”, “кўпроқ қўшилган қиймат” даври бўлади.

Европа ва Хитой бозорлари эса бошқа сабоқни кўрсатмоқда. Келажакда маҳсулотни фақат етиштириш етарли эмас, унинг “тарихи” ҳам тоза бўлиши керак. Масалан, анорни Хитойга ёки қуритилган маҳсулотни Европа бозорига чиқариш учун боғ қайд этилиши, зараркунандалар назорати, пестицид қолдиқлари, фитосанитар сертификат ва қадоқлаш талаблари тўлиқ бажарилиши лозим. Global GAP каби стандартлар маҳсулотнинг нафақат сифатини, балки хавфсизлиги, изчиллиги ва ишончлилигини ҳам исботлайди. Демак, Ўзбекистон экспортда “тонна”дан “исботланган сифат” босқичига ўтиши керак. Дунёда “ақлли ферма”, “аниқ деҳқончилик”, “рақамли сув ҳисоби”, “иссиқхонада сенсор бошқаруви” каби тушунчалар оддий амалиётга айланмоқда. Сенсорлар сув ва намликни ўлчайди, дронлар экин ҳолатини кузатади, сунъий интеллект ҳосилни прогноз қилади, лабораториялар маҳсулот хавфсизлигини тасдиқлайди. Ўзбекистонда Агрохизматлар марказлари, рақамли платформалар ва халқаро қишлоқ хўжалиги таълими тизими шу глобал жараённинг миллий пойдеворидир.

Яна бир муҳим сабоқ — ҳосилни йўқотмаслик. Дунёда кўп мамлакатлар маҳсулотни кўп етиштирса ҳам сақлаш, совитиш, қадоқлаш ва қайта ишлаш заиф бўлгани учун катта йўқотишларга дуч келади. Оддий қилиб айтганда, 2050 йилда ғолиб мамлакатлар фақат кўп етиштирганлар эмас, балки маҳсулотни исроф қилмаган, қайта ишлаган ва қўшилган қиймат яратган давлатлар бўлади.

Геосиёсий хатарлар ва Ўзбекистон танлаган йўл

Бугунги дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги фақат аграр масала эмас, балки геосиёсий барқарорлик масаласига ҳам айланди. Урушлар, савдо йўлларидаги узилишлар, ёнилғи ва ўғит нархининг кескин ўзгариши, экспорт чек­лови, портлар ва логистика йўналишларидаги хавфлар бир мамлакатдаги даланинг ҳосилига бошқа қитъадаги сиёсий воқеалар ҳам таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Шундай шароитда давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалигида ўтказилаётган чуқур ўйланган ислоҳотларнинг моҳияти янада яққол кўринади. Давлат буюртмаси ва эски маъмурий тизимлардан босқичма-босқич воз кечиш, фермер ва деҳқонга эркинлик бериш, ғалла ва пахтада бозор механизмларини жорий этиш, сув тежовчи технологияларни кенгайтириш, ердан фойдаланишда шаффофликни ошириш, деҳқон хўжаликларига ер ажратиш, қайта ишлаш ва экспорт инфратузилмасини ривожлантириш — буларнинг барчаси фақат иқтисодий ислоҳот эмас. Бу ташқи хатарлар кучайган даврда мамлакатнинг озиқ-овқат мустақиллиги ва ички барқарорлигини мустаҳкамлаш йўлидир.

Бугунги геосиёсий вазият бизга бир ҳақиқатни ўргатмоқда: ҳар бир давлат ўз дас­турхонининг асосий қисмини ўзи таъминлай олиши билан бирга дунё бозори билан оқилона боғланган бўлиши керак. Ўзбекистоннинг йўли ҳам шу: ички бозорни барқарор таъминлаш, фермер даромадини ошириш, экспортни кенгайтириш, сув ва тупроқни асраш, илм-фан ва технология орқали қўшилган қиймат яратиш. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар бир муам­мони имкониятга айлантириш мумкин, қачонки илм-фан, технология ва инновациялардан тўғри фойдалансак. Бугунги озиқ-овқат сиёсати айнан шу тамойилга таянмоқда: геосиёсий хатарларга жавоб изоляция эмас, балки кучли ички ишлаб чиқариш, диверсификация, илмга асосланган аграр бошқарув, рақамлаштириш, сув тежамкорлиги ва инсонга йўналтирилган ислоҳотлардир.

“Оқ олтин”дан ранг-баранг дастурхонга

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги узоқ йиллар “оқ олтин”, яъни  пахта билан танилди. Бу экин мамлакат иқтисодиёти, қишлоқ ҳаёти ва сув тизимига катта таъсир кўрсатди. Аммо бир экинга ортиқча боғланишнинг оқибатларини ҳам тарих кўрсатди: сувга босим, тупроқ шўрланиши, Орол фожиаси, озиқ-овқат экинларига етарли эътибор берилмаган даврлар бунга мисол.

Жорий йилда Халқаро савдо кенгаши (ITC) чоп этган “Beyond the White Gold” китобида янги Ўзбекистондаги бугунги тарихий ­бурилиш яхши ифодаланган: Ўзбекистон пахтага тор ихтисослашган тизимдан диверсификациялашган, бозорга йўналтирилган, инновацион ва барқарор аграр тизимга ўтмоқда. Энг муҳими, бу фақат экин алмаштириш эмас, балки ерга, сувга, деҳқон меҳнатига ва келажакка муносабатни ўзгартиришдир. Кечаги қишлоқ хўжалиги “оқ олтин” билан танилган бўлса, эртанги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соғлом, ранг-баранг, сувни тежайдиган ва инсон қадрига хизмат қиладиган миллий дастурхон билан танилиши керак. Бу миллий дастурхонда нон ҳам, мева ҳам, сабзавот ҳам, дуккаклилар ҳам, сут, тухум, балиқ, парранда гўшти, сифатли ёғ, ёнғоқ ва полиз маҳсулотлари ҳам бор. Бу фақат маҳсулот хилма-хиллиги эмас, балки соғлом миллат асосидир.

Пахтачилик ҳам янгича маъно касб этмоқда

“Оқ олтин”дан кейинги давр пахтадан воз кечиш дегани эмас. Бу пахтани эскича ҳудудий ҳукмрон экин сифатида эмас, балки илм, технология, сув тежамкорлиги, юқори қўшилган қиймат ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан уйғун ҳолда бошқариш деганидир.

Яқинда нуфузли Nature-Scientific Reports журналида чоп этилган миллий миқёсдаги тадқиқотимиз Ўзбекистон пахтачилигида айнан шундай янги босқич бошланганини кўрсатди. 2021-2025 йилларда пахта майдони 1 миллион 31 минг гектардан 875,6 минг гектарга қисқарди, яъни 15,1 фоиз камайди. Аммо шу даврда умумий пахта ҳосили 19,3 фоиз ошиб, 3,99 миллион тоннага етди. Ўртача ҳосилдорлик ошди. Бу натижанинг мазмуни жуда оддий: Ўзбекистон пахтачилиги “кўпроқ майдон” мантиғидан “кўпроқ билим, технология ва самара” мантиғига ўтмоқда. Яъни камроқ ерда кўпроқ ҳосил олиш, сувни тежаш, харажатни камайтириш, фермер даромадини ошириш билан бирга озиқ-овқат экинлари учун ер имкониятини кенгайтириш янги пахтачилик сиёсатининг асосий мазмунига айланмоқда.

Шу билан бирга, пахтадаги янги интенсив агротехнологиялар иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали экани кўринмоқда. Тадқиқотда 76 сантиметр интенсив экиш схемаси, томчилатиб суғориш ва фертигация (минерал ўғит ёки зарур моддалар билан суғориш) орқали гектар бошига маҳсулот етиштириш харажати сезиларли ­камайиши, сув сарфи 40 фоизгача қисқариши ва минерал ўғитлардан фойдаланиш самарадорлиги ошиши қайд этилган. Демак, илмий ёндашув фермерга ҳам, табиатга ҳам, миллий иқтисодиётга ҳам фойда беради. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги учун ҳам бевосита муҳим. Чунки пахтада “кўпроқ ҳосил — камроқ майдон — камроқ сув — кўпроқ қўшилган қиймат” тамойили мустаҳкамланса, сабзавотчилик, боғдорчилик, чорва озуқаси, дуккаклилар ва бошқа озиқ-овқат экинлари учун кўпроқ имконият яратилади. Бошқача айтганда, замонавий пахтачилик диверсификацияга тўсиқ эмас, аксинча, унинг имконини кенгайтирадиган омилга айланиши мумкин.

Албатта, бу натижаларни якуний манзил эмас, балки ислоҳотлар давридаги муҳим илмий далил деб баҳолаш тўғри бўлади. Тадқиқотимиз ҳам 2021-2025 йиллар қисқа, аммо жуда муҳим трансформация даври эканини таъкид­лайди. Эндиги вазифа бу ўсишни узоқ муддатли, экологик барқарор ва фермерлар учун адолатли тизимга айлантиришдир. Пахта келажакда ҳам иқтисодий аҳамиятга эга бўлади. Лекин у энди якка ҳукмрон экин эмас, балки ранг-баранг, озиқ-овқатга йўналтирилган, инсонпарвар ва барқарор аграр тизимнинг бир қисми бўлиши керак.

Сўнгги йилларда яратилган пойдевор

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини комплекс ривожлантириш, қўшилган қиймат занжирини яратиш, бозор муносабатларини жорий этиш, қайта ишлаш ва экспорт инфратузилмасини кенгайтириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳани рақамлаштириш ва инновацион технологияларни қўллаш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди. 2025 йилда 2016 йилга нисбатан қишлоқ хўжалиги ­маҳсулотлари ҳажми 4,5 баробар ошди. ­Сабзавот, мева, картошка, полиз, гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотларида барқарор ўсиш кузатилди. Балиқ етиштириш 2016 йилда 84 минг тонна бўлган бўлса, 2025 йилда 206 минг тоннага етди. Бу оқсил манбаларини кўпайтириш, овқатланиш маданиятини бойитиш ва қишлоқда янги даромад манбаларини яратиш учун катта имкониятдир.

Айниқса, сув тежовчи технологиялар бўйи­ча салмоқли қадам ташланди. 2016 йилда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдон атиги 9000 гектарни ташкил этган эди. Бугун бу кўрсаткич 2,6 миллион гектарга етди: томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш ва лазерли текислаш билан биргаликда шу натижага эришилди. Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйи­ча Марказий Осиёда биринчи, МДҲда иккинчи, Осиёда тўртинчи ва дунёда 13-ўринда туради. Бу рақамлар оддий статис­тика эмас. Улар ортида сувни тежаган фермер, янги технология ўрнатган тадбиркор, ҳосилини кўпайтирган деҳқон, бандлиги таъминланган ёшлар, бозорга чиққан маҳсулот ва экспортга йўл олган миллий брендлар турибди.

Энг катта синов — сув танқислигини енгиш

2050 йил ҳақида гапирганда Ўзбекистон учун биринчи масала, албатта, сув. Чунки мамлакатимиз қуруқ иқлим шароитида жойлашган, қишлоқ хўжалиги эса сувга катта эҳтиёж сезади. Айрим баҳолашларга кўра, келгуси ўн йилликларда Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида сув оқими камайиши, сув тақчиллиги эса янада кучайиши мумкин. Ўзбекистонда сув ресурс­ларининг катта қисми қишлоқ хўжалигида ишлатилади. Шунинг учун сувдан самарали фойдаланиш энди фақат агротехник вазифа эмас, балки миллий хавфсизлик, иқтисодий барқарорлик ва келажак авлод олдидаги масъ­у­лиятдир. “Ҳар томчи сув — келажак ризқи” деган тамойил фақат шиор бўлиб қолмаслиги керак. У аграр сиёсат, фермер амалиёти, маҳалла маданияти ва болалар тарбиясига кириши лозим. Сувни тежаш технология билан бошланади, лекин маданият билан мустаҳкамланади. Томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш, дискрет суғориш, лазерли текислаш — булар жуда зарур. Аммо каналлардан тортиб, дала бошигача бўлган бутун сув занжирида масъулият бўлмаса, техника ҳам тўлиқ самара бермайди.

Тупроқ — тирик бойлик

Тупроқ — тирик бойлик. Агар тупроқ чарчаса, энг яхши уруғ ҳам, энг замонавий техника ҳам кутилган натижани бермайди. Шунинг учун келажакда Ўзбекистоннинг аграр сиёсати “кўпроқ ер очиш”дан кўра “ҳар бир гектарни билим ва масъ­улият билан ишлатиш”га таяниши керак. Сўнгги йилларда тупроқни муҳофаза қилиш, унумдорлигини ошириш, агрокимёвий хариталар тузиш, ерлар деградациясига қарши курашиш, алмашлаб экиш ва паст ҳосилли майдонларни тиклаш бўйи­ча муҳим ишлар қилинди. 2019-2023 йилларда 692 минг гектар ер қайта фойдаланишга киритилиб, қўшимча 6 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш имконияти яратилди ва 213 минг иш ўрни очилди. Келажакда тупроқ унумдорлигини ошириш учун дуккакли экинлар, алмашлаб экиш, органик модда, биогумус, биочар, тупроқ микробиоми, агроэкология ва сув кам талаб қиладиган экинлар катта аҳамиятга эга бўлади.

Бозордан инсонийликка қараб: STEM+HECI зарурати

Бозор ислоҳотлари қишлоқ хўжалигини ҳаракатга келтирди. Бу зарур босқич эди. Аммо энди янада юқори босқичга ўтишимиз керак. Фақат “бозорга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги” етарли эмас. Бизга “бозорга йўналтирилган + инсонийликка йўғрилган қишлоқ хўжалиги” керак. Бозор бизга қайси маҳсулот яхши сотилишини англатади. Аммо инсонийликка йўғрилган ёндашув савол қўяди: бу маҳсулот болалар саломатлигига, сувга, тупроққа, фермер даромадига ва келажак авлодга қандай таъсир қилади?

Шу ерда STEM+HECI ёндашуви жуда муҳим. STEM — фан, технология, муҳандислик ва ­математика бизга ҳосилдорлик, рақамлаштириш, сунъий интеллект, геномика, селекция, сув тежовчи тизимлар, сенсорлар ва дронларни беради. HECI — Humanity, Ethics, Creativity and Imagination, яъни инсонийлик, ахлоқ, ижодкорлик ва тасаввур — технологияларга инсонийлик фазилатлари, ахлоқий чегаралар ва муаммоларга ижодий интеллект билан ёндашиб, уларни табиат, инсон, ҳайвонот ва наботот манфаати ва келажагига йўналтиради. Оддий қилиб айтганда, STEM “Қандай қилиб кўпроқ ва самарали етиштириш мумкин?”, HECI эса “Бу ечим инсонга, ҳайвонга, ўсимликларга, сувга, тупроққа, жамиятга ва келажакка фойдали бўладими?” деб сўрайди. Шунинг учун келажак агрономи фақат нав ва ўғитни билган мутахассис эмас. У иқлим, сув, тупроқ, бозор, озиқланиш, рақамли маълумот ва ахлоқий масъулиятни биргаликда тушунадиган янги авлод мутахассиси бўлиши керак.

“Даладан — дастурхонгача” тамойили

Келажакда ғолиб мамлакатлар фақат кўп етиштирганлар эмас, балки маҳсулотни йўқотмаган, сақлаган, қайта ишлаган, қадоқлаган, сифатини сақлаб, истеъмолчига хавфсиз етказганлар бўлади. Агар деҳқон 100 тонна мева етиштирсаю, унинг катта қисми сақлаш, ташиш ёки бозорга етказишда йўқолса, бу фақат иқтисодий зарар эмас, балки сув, меҳнат, туп­роқ, ўғит ва инсон умиди йўқотилишидир. Шунинг учун қайта ишлаш 2050 йилдаги озиқ-овқат хавфсизлигининг марказий масалаларидан. Бугун Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати корхоналари сони ошмоқда, қайта ишлаш қувватлари мева-сабзавот, гўшт, сут, ун ва ўсимлик ёғи йўналишларида кенгаймоқда. Лекин бу ҳали бош­ланиши. Мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш, музлатиш, қуритиш, табиий шарбатлар, болалар озуқаси, функционал озиқ-овқатлар, юқори қийматли экспорт маҳсулотлари, органик маҳсулотлар ва халқаро стандартларга мос қадоқлаш келажакдаги катта имкониятлардир.

Рақамли қишлоқ хўжалиги — шаффофлик ва ишонч омили

Келажак деҳқони фақат кетмон ва трактор билан эмас, рақамли маълумот билан ҳам ишлайди. Қайси ерда қандай тупроқ бор? ­Қайси ҳудудда сув танқислиги кучаяди? Қайси нав иссиққа ёки шўрга чидамли? Қайси маҳсулот бозорда талабгир? Қайси фермерга қандай субсидия берилди? Бу саволларга аниқ жавоб бўлмаса, самарадорлик ҳам, адолат ҳам тўлиқ таъминланмайди. Шу жиҳатдан “Агросубсидия”, “Агроплатформа”, “Рақамли қишлоқ хўжалиги” каби тизимларнинг жорий этилиши катта аҳамиятга эга. Улар нафақат давлат хизматларини тезлаштиради, балки фермер ва деҳқон учун шаффофлик, банклар учун ишонч, давлат учун аниқ маълумот, жамият учун адолатли механизм яратади.

Келажакда бу тизимлар янада чуқурлашиб, сунъий интеллект асосида ҳосил прогнози, сув сарфи, касаллик ва зараркунандалар хавфи, озиқ-овқат нархлари, логистика ва экспорт имкониятларини олдиндан кўра оладиган миллий агроахборот тизимига айланиши керак. Аммо рақамлаштиришда ҳам инсон унутилмаслиги лозим. Агар фермер рақамли тизимдан фойдалана олмаса, интернет йўқ бўлса, маслаҳатчи етишмаса ёки маълумот унга тушунарли тилда берилмаса, энг яхши платформа ҳам кутилган натижани бермайди. Шунинг учун рақамли қишлоқ хўжалиги билан бирга рақамли саводхонлик, агромаслаҳат, маҳаллий тилда хизмат, ёшлар ва хотин-қизларни ўқитиш ҳам зарур.

Миллий овқатланиш маданияти — стратегик бойлик

Келажак озиқ-овқат хавфсизлиги фақат ишлаб чиқариш эмас, истеъмол маданияти ҳамдир. Агар бозорда маҳсулот бор бўлсаю, оила уни тўғри танламаса, бола рациони мувозанатли бўлмаса, мактаб ва боғчада овқатланиш тўғри ташкил этилмаса, озиқ-овқат хавфсизлиги тўлиқ таъминланмайди. Ўзбек миллий дастурхонининг катта афзаллиги бор: унда нон билан бирга сабзавот, кўкат, дуккаклилар, сут маҳсулотлари, мева, полиз, балиқ ва парранда учун табиий ўрин бор. Бу маданиятни замонавий илм билан бойитиш керак. Яъни миллий таомларимизни сақлаган ҳолда уларни болалар, оналар, кексалар ва меҳнаткаш аҳоли саломатлигига мос равишда тўғри тарғиб қилиш лозим. 2050 йил миллий дастурхони фақат тўй дастурхони каби мўл-кўллик белгиси эмас, балки ҳар кунлик соғлом ҳаёт дастурхони бўлиши керак.

Етти миллий йўналиш

Биринчи йўналиш — сувни тежашни янги миллий маданиятга айлантириш. Сув тежовчи технологияларни кенгайтириш билан бирга каналлар, сув ҳисоблагичлар, рақамли мониторинг, фермер малакаси ва маҳаллий сув бошқаруви кучайтирилиши керак.

Иккинчи йўналиш — тупроқ унумдорлигини миллий бойлик сифатида асраш. Ҳар бир ҳудуднинг тупроқ паспорти, агрокимёвий харитаси, алмашлаб экиш режаси ва органик модда баланси бўлиши керак.

Учинчи йўналиш — қайта ишлаш ва сақлашни кескин ошириш. Ҳар бир вилоятда мева-сабзавотни сақлаш, қуритиш, музлатиш, қадоқлаш ва чуқур қайта ишлаш тизими кучайтирилиши лозим.

Тўртинчи йўналиш — дуккаклилар, мойли экинлар, балиқчилик, паррандачилик, сутчилик ва боғдорчиликни миллий овқатланиш стратегияси билан боғлаш. Бу соҳалар фақат экспорт эмас, халқ саломатлиги учун ҳам керак.

Бешинчи йўналиш — органик ва “яшил” деҳқончиликни кенгайтириш. Жаҳон бозорида органик маҳсулотга талаб ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг қуёши, тупроғи ва анъанавий деҳқончилик маданияти бу йўналишда катта имконият беради.

Олтинчи йўналиш — Қорақалпоғистон ва суви кам ҳудудлар учун алоҳида аграр моделлар яратиш. Тузга чидамли навлар, кам сув талаб қиладиган экинлар, кам харажатли иссиқхоналар, яйловларни тиклаш ва балиқчилик бу ҳудудлар учун катта аҳамиятга эга.

Еттинчи йўналиш — ёшлар ва хотин-қизларни аграр инновациялар марказига олиб келиш. Ер, кредит, технология, маслаҳат ва бозорга кириш имкониятлари кенгайса, қишлоқ хўжалиги нафақат маҳсулот, балки янги авлод учун муносиб касб ва даромад манбаига айланади.

Хулоса: бугунги дон эртага нон бўлади

2050 йил биздан узоқ эмас. Бугун мактабга бораётган фарзандларимиз ўша даврда мамлакатимизнинг асосий ишчи кучи, олимлари, фермерлари, тадбиркорлари ва раҳбарлари бўлади. Уларнинг дастурхонида қандай нон, қандай сут, қандай сабзавот, қандай мева, қандай сув бўлиши бугунги қарорларимизга боғлиқ. Дунё хавфлари реал: сув тақчиллиги, иқлим ўзгариши, микропластик ифлосланиш, антибиотикларга чидамлилик, тупроқ деградацияси, геосиёсий узилишлар ва озиқ-овқат нархлари беқарорлиги. Аммо ечимлар ҳам аниқ: илм, инновация, сув тежамкорлиги, рақамлаштириш, органик ва “яшил” деҳқончилик, қайта ишлаш, тўғри овқатланиш маданияти, STEM+HECI таълими ва адолатли бозор муносабатлари. ФАОнинг энг муҳим сабоғи шундаки, дунё етарли озиқ-овқат ишлаб чиқариши мумкин, аммо очликни енгиш учун одамларда ушбу озиқ-овқатга етишиш имконияти, даромад, инфратузилма, билим ва барқарор қишлоқ иқтисодиёти бўлиши шарт. Шунинг учун Ўзбекистондаги аграр ислоҳотлар фақат маҳсулот кўпайтириш эмас, балки қишлоқда даромад яратиш, фермерни эркинлаштириш, деҳқонни бозорга олиб чиқиш, ёшлар ва хотин-қизларга имконият бериш, сув ва тупроқни асраш, илм-фанни далага яқинлаштириш жараёнидир.

Ўзбекистон сўнгги йилларда бу йўлда катта қадам ташлади. Навбатдаги вазифа мўл ҳосилдан соғлом дастурхонга, бозор самарадорлигидан инсон қадрига, технологиядан масъулиятли инновацияга ўтишдир. Озиқ-овқат хавфсизлиги фақат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ёки фермернинг вазифаси эмас, бу олимнинг изланиши, ўқитувчининг тарбияси, шифокорнинг маслаҳати, онанинг дастурхони, тадбиркорнинг ҳалол маҳсулоти, сувчининг масъулияти, деҳқоннинг меҳнати, умуман, ҳар бир фуқаронинг танловидир. 2050 йил дастурхони бугунги даладан бошланади. Бугунги уруғдан, бугунги сув тежамкорлигидан, бугунги тупроққа муносабатдан, бугунги илм ва инсоний масъулиятдан бошланади. Шу боис, янги Ўзбекистон учун озиқ-овқат хавфсизлигининг янги маъноси шундай бўлиши керак: мўл ҳосил — соғлом инсон учун, бозор — адолатли фаровонлик учун, технология — табиат ва келажак авлод манфаати учун хизмат қилсин.

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

қишлоқ хўжалиги вазири, академик