Лекин бу гал кўпчилик мавсум қачон бошланиб, қачон пахта терилаётганини пайқамай ҳам қолди. Шахсан ўзимдан бир неча киши “Пахта териляптими ўзи, далаларга пахта экилганми?” деб сўради.
Чунки бирор жойда пахта тераётган одамга кўзимиз тушмади ҳисоб. Ўзаро суҳбатларда ҳам бу мавзуда бирор гап-сўз йўқ. Қизиқ, эсимни таниганимдан буён пахта терими мавсуми илк бор шундай ўтяпти. Бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари каби пахта экилди, пишиб етилди, териляпти — аслида, мана шу оддий ҳол ва бунинг учун бутун халқни безовта қилмаса ҳам бўларкан!
Терим натижалари эса кунма-кун интернет тармоқлари орқали эълон қилиб турилибди. Шу йилнинг 20 октябрида мамлакатимизда қарийб 4,5 миллион тонна пахта териб олиниб, бир ой бўлмасдан белгиланган шартномавий ҳажмнинг 99,98 фоизи бажарилгани, орадан икки кун ўтиб бу натижа 100 фоиздан ошганини кўриб, “Қойилман-э!” деб юборгандим. Хабарни ўқиганимда, хорижий давлатда бўлганим учунми, бундан фахрланиб ҳам кетдим. Ёнимда олтмиш ёшдан ошган аммам бор эди, дарҳол бу ҳақида унга айтганимни биламан, “Бизда ҳали ҳам пахта экиладими?” деса бўладими! Бир томондан хурсанд бўлдим, одамлар пахта теримини унутиб ҳам қўядиган кунларда яшаётганимиз, олдингидек бу барча сафарбар этиладиган қора меҳнатдан деҳқончиликнинг бир қисмига айлангани яхши натижа. Кейин аммам қўшимча қилиб, “Ҳозир ҳеч ким теримга чиқмайди шекилли, бизнинг давримизда терим бошланиши билан даладан бери келмасдик, ўқишни ҳам йиғиштириб қўярдик”, деди. Баъзан бир нималардан нолиб турадиган аммамга дарров “Ана кўрдингизми, бу юртимиздаги ўзгаришларнинг бир кўриниши, холос. Буни ҳам инкор этасизми”, деб қўйгандим, “Йўқ, бу ростдан ҳам катта ўзгариш”, деб тан олди.
* * *
Орадан кўп ўтмай, рақамлар янада катталашди. Шу йилнинг 4 ноябрь куни рекорд натижа — янги Ўзбекистон тарихида илк бор 5 миллион тоннадан зиёд пахта хирмони бунёд этилгани эълон қилинди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон деҳқон ва фермерлари ҳамда барча қишлоқ хўжалиги ходимларини ушбу юксак натижа билан табриклади. “Албатта, сизларнинг фидокорона меҳнатингиз, жасорат ва матонатингиз билан қўлга киритилган бу тарихий ғалаба бутун халқимизнинг ғалабаси. Бу — пахтачилик соҳасидаги янги Ўзбекистон мўъжизасидир”, дея эътироф этди Президентимиз ўз табригида.
Тўғри, янги Ўзбекистонда барча соҳаларда тарихий натижалар тез-тез қайд этилаётганига ўрганиб қолдик. Аммо пахта масаласи бошқа. Бу яқин йилларгача энг оғриқли нуқталаримиздан бири бўлиб келган. Йиллар давомида қора терга ботиб, пахта далаларида меҳнат қилган ўзбеклар ҳосилни гектарига 30-40 центнердан оширолмаган. Режани бажараман деб то куз бошидан декабргача даладан чиқмаса-да, хирмонни базўр тўлдирган деҳқон ва фермерлар бугун бир ой ўтар-ўтмасдан пахта ҳосилини ортиғи билан териб олгани бизни кўпроқ ҳайратлантиряпти. Аксарияти гектаридан 70-80 центнер ҳосил олди. Баъзилари ҳосилдорликни 100 центнердан оширди.
Рақамларни янада аниқлаштиришимиз мумкин. Жорий йилги мавсумда мамлакатимиздаги 4 мингдан зиёд фермер пахта ҳосилдорлигини ўртача 60-70 центнердан, 2,5 минг нафари эса 80 центнердан оширган бўлса, мингга яқин фермер хўжалиги ва кластер 100 центнерли ва ундан ҳам юқори маррани забт этган. Давлатимиз раҳбари ўз табригида Пахтакор туманидаги Анорбой Эшматов ва Жарқўрғон туманидаги Улуғбек Сўпиев ҳар гектар ердан 110 центнердан ҳосил олганини алоҳида қайд этди. Бошқа кўплаб илғор фермерлар номини ҳам тилга олди.
Ана шундай қаҳрамонлар ҳақида эшитганингда дарров уларнинг суҳбатини олгинг келади. Ҳамманики қатори ер, сув, қуёш бўлган, барча каби тенг шароитлардан фойдаланаётган бу фермерлар қандай қилиб бундай юқори ҳосилдорликка эришганига қизиқдим. Пахта терими аввалидаёқ кўплаб фермерларимиз 80 центнердан юқори маррани кўзлаётганини айтганди, аммо ҳосилни 110 центнердан ошириш анча катта натижа. Орадаги 20-30 центнер кичик рақам эмас ва бу фермернинг ўзи учун ҳам кутилмаган натижа бўлса керак.
“Аввало, 5 миллион тоннали пахта хирмони юртимиз ҳаётидаги жуда катта тарихий натижа, — дейди Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги “Анвар А” фермер хўжалиги раҳбари Анорбой ака Эшматов. — Бунда барча деҳқон, фермерлар, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларининг ҳиссаси бор. Сўрасангиз, ҳар бири гектаридан камида 70 центнердан зиёд ҳосил олди. Ўзимиз ҳам ғалланинг ҳар гектаридан 80 центнер, пахтадан 110 центнердан ортиқ ҳосил йиғиштириб олдик. 1997 йилдан буён фермерлик билан шуғулланаман, бироқ ҳеч қачон бундай ҳосилдорликка эришмаганмиз. Бу йил ҳақиқатан ҳосилдорлик анча юқори бўлди.
Мендан кўпинча “Қандай қилиб юртимизда пахта ва ғалла ҳосили бирданига бунчалик ошди, қандай мўъжиза рўй берди?” деб сўрашади. Айниқса, 110 центнерли маррани забт этганимиздан кейин бундай саволлар янада кўпайди. Чунки четдан қараганда бир мўъжиза рўй бергандек кўринади — 30-40 центнердан оширолмай юрган фермерлар 100 центнердан юқори ҳосил оляпти.
Албатта, бунинг ортида, аввало, меҳнат ётади. Аммо меҳнатнинг ўзи билан иш битмаслигини мамлакатимиздаги ҳақиқий ҳолат йиллар давомида кўрсатган. Деҳқончиликни 1980-йилларда бошлаган вақтим билаги кучга тўла навқирон 22 ёшли йигит эдим. Фермерликни бошлаганимдан кейин ҳам ишлаб тинмасдим, бироқ куну тун тер тўкиб ҳам пахтадан кўпи билан 30-35 центнер ҳосил олардик. Ўша 35 центнер қаёқда-ю, ҳозирги 70-100 центнер қаёқда?! Бу ҳақида гапирилса, баъзиларга эртакдек, айримларга эса эриш туюлади. Аммо салкам бир асрдан буён пахта етиштираётган ўзбек халқи 2017-йилларгача пахта ҳосилини 30-35 центнердан ошира олмагани тарихий факт эмасми?
Баъзан бу натижаларнинг омилларини ўзим ҳам таҳлил қиламан. Бу оддий сир ёки ўз-ўзидан бўлган мўъжиза эмас. Шу соҳа одами сифатида айта оламанки, бу натижалар замирида юртимиз қишлоқ хўжалигида кечаётган қатъий ва улкан ислоҳотлар ётибди. Буни янада деталлаштирсак, қатор муҳим жиҳатлар яққол кўзга ташланади. Яъни мамлакат қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқишда энг катта эътибор илм-фан, илғор технологиялар ва тармоқ вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга катта имтиёзлар беришга қаратилди. Соҳада йиллар давомида тўпланиб келган ҳар бир муаммога аниқ ечимлар берилди. Ишни ривожлантиришда ҳар қандай имкониятдан фойдаланишимиз учун кенг йўл очилди.
Илм ҳақида гапирсангиз, далада илмнинг нима кераги бор дейдиганлар топилади. Бир мисол, биз йиллар давомида ўзимизнинг маҳаллий пахта навларини ўзимиз одатланган усулда экардик. Натижада қанча парвариш қилинмасин, катта ҳосил олинмаган. Ҳозир илм-фан асосида яратилиб, далада қўлланилаётган янги навлар, экиш технологиялари ҳосилдорликни оширишда асосий омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари бир неча йил олдин Хитойга ташрифи давомида улардаги пахта етиштириш технологиясини ўрганиш, экиннинг ҳосилдор навларини олиб келиб, ўзимизда етиштириш топшириғини берганди. Шундан кейин кўплаб фермер хўжаликлари янги биотехнологик навларни экишни бошлади ва ҳақиқатан ҳосилдорлик юқори эканига гувоҳ бўлдик. Бу навларнинг афзалликларидан бири экиш технологиясида. Яъни ушбу навлар 76 схемага қўшқатор экиляпти. Бунда кўчат сони анъанавий усулда экиладиган кўчатларга нисбатан 3 баравар кўп бўлади. Ушбу навлар шохламасдан, баргламасдан ўсгани боис, кўпроқ кўсак солиш имконини беради. Кўсак кўп бўлганидан кейин ҳосилдорлик ҳам ошади. Пахтани бу усулда экиб кам бўлмадик, ҳар 100 гектардан 14 гектар ерни иқтисод қилдик. Ҳосилдорлик ҳам катта бўлди, буни натижалар кўрсатяпти. Асосийси, пахтанинг хорижий навлари еримизга яхши тушди, парвариш қулай экан. Ўз вақтида суғорилиб, парвариш қилинса, кутганимиздан ҳам кўпроқ ҳосил бераркан.
Суғориш жараёнларида томчилатиб суғориш каби илғор технологияларни кенг қўллаяпмиз. Албатта, булар катта маблағ туради, аввалги шароит бўлганида уларни сотиб олишга қурбимиз етмасди. Ҳозир эса давлатнинг ўзи бу масалада бизни қўллаб, имтиёзли кредитлар, субсидия ва лизинглар ажраётгани юқори ҳосилдорликнинг яна бир сири. Ер чопиш, ягана қилиш каби агротадбирларга деярли ҳожат қолмаган. Сув ҳам, ўғит ҳам томчилатиб суғориш орқали берилади, ишчи кучи керак бўлмайди. Баъзи фермерларнинг ер майдонларида кимёвий дориларни дронлар сепяпти. Пахта ҳосилимизнинг катта қисмини эса терим машиналари теряпти.
Ҳозир фермер хўжалигимизда ўнлаб техника бор. Гап оддий иш қуроллари ҳақида бормаяпти, манаман деган давлатларнинг энг қиммат, замонавий техникасини олиб ишлатяпмиз. Бу йилги мавсумда шу кунгача пахтадан 570 тонна ҳосил олдик — бир килограмми ҳам қўлда терилмади, ҳаммасини энг замонавий пахта териш машиналарида йиғиштириб олдик. Авваллари пахтани қўлда териб, декабрь ойида ҳам далада теримда бўлардик. Қўлларимиз қавариб, ёғингарчиликка қолиб, қанчадан қанча ҳосил нес-нобуд бўлгани кечагидек кўз олдимизда. Агар олдинги вазият бўлганида ҳозиргача пахтанинг ярмини ҳам териб олмаган бўлардик. Бугун юқори унумли техника фермернинг ишини осонлаштириб, пахтани тез ва сифатли териб олишга хизмат қиляпти. Бир ойга етиб етмасдан туманимиз ҳам, вилоятимиз ҳам пахтани тўлиқ териб олди. Бу йил вилоятимизда 70 минг гектар майдонда 400 минг тоннадан зиёд пахта етиштирилди. Бу ҳам фермерларимизнинг жуда катта ғалабаси, қолаверса, мана шу натижаларга эришишимиз учун яратиб берилган шароит, имкониятлар маҳсули.
Жорий йилдан фермерларга яна бир имконият яратилди — кредит олмасдан спот шартномаси бўйича ишладик. Бу механизмнинг афзаллиги — ўз пулингизга ўзингиз эгалик қиласиз, сарфларни назорат қиласиз, энг қизиғи, қилинган харажатнинг 10 фоизи фермерга давлат томонидан субсидия тарзида қайтариб берилади. Пуллар ўз вақтида ташлаб бериляпти, фермер меҳнатининг роҳатини кўряпти, ўз пулини ололмасдан сарсон югуриб юрмаяпти. Бу ҳам бизни янада кўпроқ ишлашга, қўшимча иш ўринлари яратишга рағбатлантиради.
Бу йилги ҳосилдан фермерларимиз жуда хурсанд, кўнгли тўлган. 5 миллион тонналик ҳосил деҳқон ва фермерларимизнинг юртимиз ривожига қўшган муносиб ҳиссаси деб ҳисоблайман. Даромади ҳам шунга яраша бўлади. Давлатимиз раҳбари ўз табригида бунга алоҳида урғу бериб, бу йил фермерларимиз пахтадан 13-14 триллион сўм соф фойда олиши кутилаётганини таъкидлагани бежиз эмас. Авваллари фақат пахта режаси ҳақида гапирилиб, фермернинг меҳнати маҳсули билан бировнинг иши бўлмасди. Бугун ҳар қандай натижа ортида инсон қадри турганини ана шундай кичик деталларда ҳис қиламиз. Бугун катта хирмон ортида, аввало, деҳқон ва фермерларимизнинг даромади ортиши, одамларнинг фаровонлиги янада ошиши кўзланаётгани бизни янада қувонтиради”.
* * *
Аммам билан суҳбатимиз анчагача чўзилди. Пахта далаларида ўтган болалиги (агар болалик дея олса), пахта деса безиб қолган кезлари, режани бажариш учун пахта орасига солиб юборилган тошлар, бўрттириб кўрсатилган рақамлар ортидаги қинғирликлар, ёмғир-қорда ивиб пахта теришгани, баъзан ҳеч нарса қолмаган майдонларда кўсаклар орасидан пахта излашгани, энг ачинарлиси, буни одатий ҳол деб қабул қилишга мажбур бўлинганини ҳикоя қилиб берди. Ҳаммасини кулиб айтди, аммо ич-ичидан қандайдир зарда сезилиб турарди.
“Меҳнат билан одам ўлмайди”, дерди бувим раҳматли. Тўғри, пахта терган одамлар ўлмаган бўлиши мумкин, аммо азоб-уқубат ва охир-оқибатда “ўзбек иши” деган оғир кунларни олиб келган пахта терими инсонлар ҳаётини, болалигини, соғлиғини ўғирлагани бор гап. Ачинарлиси, инсонлар меҳнатига яраша ҳақ ололмаган, аксинча, режани бажаролмасдан қуруқ туҳматга, катта савдоларга қолганлар қанча. Баъзан пахта теримини ижобий хотиралар билан эслайдиганлар топилади катталар орасида. Аммо уларнинг ҳеч бири ўз фарзандини пахта даласига чиқаришни асло истамайди.
Чиқармасин ҳам. Энди пахта теримини фақат шундай эслайлик. Аслида, бугун даромад топишни истаганлар ҳам пахта теримига чиқа олмаяпти. Чунки жараён деярли тўлиқ механизациялашди, худди ривожланган давлатлардаги каби бизда ҳам энди пахтани фақат терим машиналари йиғиб оляпти. Уларнинг ҳар бири бир неча ўнлаб инсон ўрнини босади, катта вақт ва харажатни тежайди.
Бундан ўн йил олдин шулар ҳақида гапирилса, биров ишонмасди, ислоҳотларга шубҳа билан қараганлар қанча. Мана, бугун “Ўзи бизда пахта териляптими?” деб сўраяпти одамлар. Айниқса, бу йилги натижалар қилинаётган ишлар самарасини яққол кўрсатди. Одамларни ёппасига теримга жалб қилмасдан туриб ҳам пахтадан бир неча баробар юқори ҳосил олиш мумкинлигини янги Ўзбекистон тажрибаси бутун дунёга намоён эта олди.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири