Келажак озиқ-овқат тизими учун Марказий Осиё таклифи
Бир оила дастурхонидаги нон, мева, сут ва балиқнинг ҳар бири ортида уруғдан бозоргача давом этадиган меҳнат ва билим занжири бор. Марказий Осиёни яхлит озиқ-овқат савати сифатида кўриш таклифи ана шу занжирларни бир-бирига боғлашдан бошланади. 2026 йилги ФАО Жаҳон озиқ-овқат форумида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббус минтақанинг қишлоқ хўжалиги, илм-фан, озиқланиш, инвестиция ва логистика имкониятларини умумий мақсад атрофида бирлаштиришга қаратилди.
Жаҳон озиқ-овқат форуми ёшлар ташаббуслари, илм-фан, инновация ва инвестиция бир майдонда учрашадиган халқаро платформадир. Турли мамлакатлар бу ерда глобал озиқ-овқат хавфсизлиги учун ўз ечимларини тақдим этади. Биз Марказий Осиёнинг имкониятларини умумий озиқ-овқат савати, қуруқлик орқали боғланган минтақавий тизим ва уни амалга оширишга хизмат қиладиган 7D модели орқали бир бутун ҳолда кўрсатишни таклиф қилдик.
Таклифнинг марказида оддий, аммо стратегик ғоя бор. Марказий Осиё давлатларининг денгизга чиқиш имконияти чекланган бўлса-да, улар бир-бири билан қуруқлик орқали боғланган. Ана шу яқинликни ишлаб чиқариш, илм-фан, логистика ва бозорни бирлаштирадиган устунликка айлантириш мумкин. Бунинг учун ҳар бир мамлакатнинг алоҳида имконияти умумий занжирда ўз ўрнини топиши керак.
Шу мақсадда Central Asian Food Systems Compact, яъни Марказий Осиё озиқ-овқат тизимлари бўйича минтақавий ҳамкорлик дастури таклиф этилди. Унинг амалий асосини еттита D ташкил қилади: Data, Diversification, Design, Doable, Discipline, Durable ва Dignity. Ўзбекча мазмунда булар маълумот, диверсификация, тизимни тўғри лойиҳалаш, амалда ишлайдиган ечим, интизом, давомийлик ва инсон қадрини англатади. Муҳими, бу тамойиллар бир-бирини тўлдириб ишлаши лозим.
Форум иштирокчилари билан муҳокамаларда ёндашув қизиқиш уйғотди. Унинг мантиғини денгизга чиқиши чегараланган бошқа давлатлар ва Глобал Жануб мамлакатларига ҳам маҳаллий шароитни ҳисобга олган ҳолда мослаштириш имконияти муҳокама қилинди. Демак, Марказий Осиёда бошланадиган амалий ҳамкорлик кенгроқ тажриба алмашинуви учун ҳам асос бўлиши мумкин.
7 рақами ва D ҳарфи ортидаги маъно
Етти рақами бу ташаббусда давомийлик рамзидир. Ҳафта етти кундан иборат бўлгани каби, озиқ-овқат хавфсизлигига эътибор ҳам ҳафтадан ҳафтага, мавсумдан мавсумга ва авлоддан авлодга узилмаслиги керак. Бу одамларни дам олишсиз ишлатишга чақириқ эмас. Гап аҳоли таъминоти, илмий кузатув ва хизматларни барқарор йўлга қўядиган ишончли муассасалар, узоқ муддат амал қиладиган келишувлар ва бошланган ишни охирига етказиш масъулияти ҳақида бормоқда.
Етти рақами мусулмон маънавий меросида ҳам алоҳида ўрин тутади. Қуръони каримнинг «Мулк» сураси 3-оятида етти осмон тилга олинади. Каъба атрофидаги тавоф ҳам етти айланишдан иборат. Мен учун бу маънавий уйғунлик сабот, масъулият ва бошланган ишни тўлиқ якунлашни эслатади. Шу маънода, етти рақами ташаббуснинг кундалик меҳнат билан бирга маънавий масъулиятга ҳам таянишини ифодалайди.
D ҳарфи етти тамойилнинг бош ҳарфидир. Биз унга инглизчадаги «depend on one another» – «бир-биримизга таянамиз» деган рамзий маънони ҳам юклаймиз. Мамлакатларимиз мустақил, озиқ-овқат тизимларимиз эса ўзаро боғлиқ. Бир ҳудуддаги сув, энергия, ҳосил ёки транспорт масаласи қўшни ҳудуддаги фермер ва истеъмолчи ҳаётига ҳам таъсир қилади. Бу боғлиқлик ўзаро масъулиятни талаб этади.
Марказий Осиёда бунинг ҳаётий асоси бор. Сув режими энергия ишлаб чиқариш, суғориш ва ҳосилга, транспортдаги кечикиш эса фермер даромади ва бозор нархига таъсир қилади. Шунинг учун ҳамкорликда вазифалар, харажат ва фойда тақсимоти ҳамда натижани ўлчаш мезонлари олдиндан келишиб олиниши зарур. Етти тамойил ана шу боғлиқликни ҳар бир томоннинг аниқ мажбурияти ва манфаатига айлантиришга хизмат қилади.
Бир-бирини тўлдирадиган минтақавий имкониятлар
Марказий Осиё мамлакатларининг табиий шароити, ишлаб чиқариш имконияти ва аграр тажрибаси турлича. Умумий озиқ-овқат саватининг кучи ҳам шу хилма-хилликда. Бир мамлакатдаги билим, ресурс ёки маҳсулот қўшни мамлакатнинг эҳтиёжи билан учрашганда, алоҳида имкониятлар ўзаро манфаатли ҳамкорликка айланади.
Қозоғистон улкан ғалла майдонлари, мойли экинлар, чорвачилик ва транзит салоҳиятига эга. Қирғизистон тоғ яйловлари, чорвачилик, сув ресурслари ва кичик фермер хўжаликлари билан ажралиб туради. Тожикистон тоғ деҳқончилиги, боғдорчилик ва сув манбаларини бошқариш тажрибасига эга. Туркманистон қуруқ иқлимда деҳқончилик юритиш, чорвачилик ва транзит имкониятларига таянади. Ўзбекистон эса интенсив деҳқончилик, пахтачилик, мева-сабзавотчилик, илм-фан, қайта ишлаш ва аҳоли зич жойлашган катта бозорни бирлаштиради.
Бу имкониятлар бир тизимга боғлангандагина умумий озиқ-овқат савати шаклланади. Бир мамлакатда яратилган уруғ ёки технология бошқа мамлакат фермерига етиб бориши, илмий натижа далада синовдан ўтиши, маҳсулот сақлаш ва совитиш тизимига уланиши зарур. Кейин у чегарадан ортиқча тўсиқларсиз ўтиб, истеъмолчига сифатли ҳолда етиши керак. Фермер меҳнатининг қиймати шу йўлнинг охиригача сақланиши муҳим.
Шунинг учун қуруқлик орқали боғланганлик автомобиль ва темир йўллар билан бирга умумий стандартлар, фитосанитария ва ветеринария хавфсизлиги, сув ва иқлим маълумотлари, илм-фан, рақамли кузатув, молия, совитиш занжири ва қайта ишлашни ҳам қамраб олади. Йўл маҳсулотни олиб ўтади, ишончли тизим эса унинг сифати ва иқтисодий қийматини сақлайди. Географик яқинлик ана шундай ҳамкорлик орқали амалий устунликка айланади.
1D Data: Ишончли маълумотга таянган қарор
Биринчи D – Data, яъни маълумот. Минтақавий ҳамкорликни режалаштириш учун ҳар бир ҳудудда етиштириладиган маҳсулот ҳажми, сув танқислигининг ўзгариши, навларнинг тупроқ ва иқлимга мослиги ҳақида ишончли маълумот керак. Аҳолининг озиқланиш эҳтиёжи, бозорлар ўртасидаги нарх фарқи, фермернинг харажати ва даромади ҳам шу манзаранинг бир қисмидир. Масалан, ҳосил мўл бўлган ҳудудни билиш билан бирга, уни қаерда сақлаш ва қайси бозорга етказишни ҳам ҳисоблаш лозим.
Шу эҳтиёждан келиб чиқиб, минтақавий Озиқ-овқат савати обсерваториясини ташкил этиш таклиф қилинди. У ишлаб чиқариш, сув, тупроқ, озиқланиш, савдо, логистика ва фермер иқтисодиёти бўйича таққосланадиган маълумотларни бирлаштириши мумкин. Бундай таҳлил инвестицияни эҳтиёж бор жойга йўналтириш, хавфни эртароқ кўриш ва ҳамкорлик натижасини баҳолашга ёрдам беради. Blue Nutrition йўналишида балиқ ва бошқа денгиз маҳсулотларининг озиқавий таркиби, ҳамёнбоплиги ва аҳолига қай даражада етиб бораётганини ҳам ўрганиш зарур.
Бунда ҳар бир давлат ўз маълумотлари устидан назоратни сақлаб қолади. Ҳамкорлар умумий қарорлар учун зарур кўрсаткичлар, ўлчов бирликлари ва таҳлил усулларини келишиб олади. Сунъий интеллект шу маълумотларни таҳлил қилишда ёрдам бериши мумкин, аммо унинг натижаси тушунарли, текшириладиган ва маҳаллий шароитда синалган бўлиши шарт. Якуний қарор ва унинг оқибати учун масъулият инсон зиммасида қолади.
2D Diversification: Барқарорликнинг асоси хилма-хилликдир
Иккинчи D – Diversification, яъни диверсификация. Бу ёндашув экинлар билан бирга навлар, технологиялар, маҳсулотлар, бозорлар, молия манбалари ва ҳамкорлар доирасини кенгайтиришни англатади. Бир йўналишда қийинчилик туғилганда бошқа имкониятлар ишлаб туриши фермер учун ҳам, минтақа учун ҳам муҳим. Шу боис хилма-хиллик озиқ-овқат тизимининг барқарорлигига хизмат қилади.
Бунинг энг оддий ифодаси оила дастурхонида кўринади. Ғалла озиқ-овқат хавфсизлигининг асоси бўлиб қолади, тўлақонли озиқланиш эса мева, сабзавот, дуккаклилар, картошка, гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотларини ҳам талаб этади. Ишлаб чиқаришдаги хилма-хиллик аҳолининг соғлом озиқланиши ва қишлоқдаги даромад манбалари билан боғланиши керак.
Шу нуқтада Blue Nutrition, яъни балиқ ва бошқа денгиз маҳсулотлари орқали аҳолининг озиқланишини яхшилаш концепцияси муҳим аҳамият касб этади. Марказий Осиёда денгиз маҳсулотларини дастурхонга мунтазам етказиш имконияти чекланган. Очиқ денгиз ва океанларга бевосита чиқиш йўлининг йўқлиги уларни ташиш, совитиш ва сақлашни қийинлаштиради. Шу боис бу масалани мамлакатларимиз биргаликда ҳал этиши зарур.
Айни пайтда, ўзимизда етиштириладиган балиқнинг озиқавий қийматини ҳам чуқурроқ ўрганишимиз керак. Чучук сув ва денгиз балиқларида йод, омега-3 ёғ кислоталари ва бошқа озиқ моддалар миқдори бир хил эмас; у балиқ тури, озуқаси ва етиштириш шароитига қараб ўзгаради. Демак, аҳолининг озиқланиш эҳтиёжини қондиришда балиқ етиштириш ҳажми билан бирга унинг таркиби ва дастурхондаги маҳсулотлар хилма-хиллигига ҳам эътибор қаратиш лозим.
Бунинг учун икки йўналишни уйғун олиб боришимиз зарур. Бир томондан, Марказий Осиёда сув омборлари, дарёлар, каналлар ва хўжалик ҳавзаларининг балиқчилик имкониятларидан сув ресурслари ва экотизимларни асраган ҳолда фойдаланишимиз керак. Иккинчи томондан, денгиз ва океанбўйи давлатлари билан Blue Nutrition бўйича қўшма дастурларни кенгайтиришимиз лозим. Бундай ҳамкорлик илмий тажриба ва технология алмашиш, маҳсулотларнинг озиқавий таркибини ўрганиш ҳамда денгиз маҳсулотларини хавфсиз ва ҳамёнбоп етказиб беришни қамраб олиши мумкин. Балиқчилик деҳқончилик, озуқа ишлаб чиқариш, совитиш, ветеринария, биохавфсизлик ва бозор билан боғланса, аҳолининг оқсил ва бошқа зарур озиқ моддаларга бой маҳсулотлардан фойдаланиш имконияти кенгаяди. Blue Nutrition шу тариқа мамлакатларимизни умумий озиқланиш мақсадлари атрофида бирлаштириб, минтақавий ҳамкорликни денгизбўйи ҳамкорлар билан ҳам боғлайди.
Картошкачиликда ҳам шу мантиқ ишлайди. Майдонни кенгайтириш билан бирга соғлом уруғ, маҳаллий уруғчилик, навни ҳудудга мос жойлаштириш, сув ва озиқлантириш, касалликлар назорати, сақлаш ва қайта ишлашни уйғунлаштириш зарур. Далада яхши ҳосил олиниб, сақлашда унинг сифати йўқолса, фермер кутган даромадга эриша олмайди.
Демак, диверсификация ҳар бир янги йўналишнинг муайян муаммони ҳал қилишига, маҳаллий сув ва тупроқ шароитига мос келишига ҳамда бозор ёки озиқланишда амалий натижа беришига таяниши керак. Янги маҳсулотнинг қадри унинг фермер ва истеъмолчи ҳаётида очадиган имкониятида намоён бўлади.
3D Design: Яхши натижа яхши тузилган тизимдан бошланади
Учинчи D – Design, яъни тизимни тўғри лойиҳалаш. Яхши ғояни амалга ошириш учун унинг атрофидаги ишлар ҳам пухта ташкил қилиниши лозим. Илмий натижани синайдиган ташкилот, фермер хавфини камайтириш чоралари, маҳсулотни оладиган харидор, молиялаштириш муддати ва натижани баҳолаш мезонлари бошиданоқ белгиланиши керак. Шунда олимнинг иши фермер, банк ва бозор имкониятлари билан ўз вақтида туташади.
Central Asian Food Systems Compact ана шу боғланишни ташкил этишга қаратилган. У мавжуд миллий ва минтақавий институтларни аниқ вазифалар атрофида бирлаштирадиган ихчам ҳамкорлик платформаси бўлиши лозим. Катта янги бюрократик тузилма яратишдан кўра, мавжуд имкониятларни бир мақсадга ишлатиш муҳим.
Минтақавий даражада умумий стандартлар, трансчегаравий сув ва иқлим хавфлари, зараркунанда ва касалликларга қарши чоралар, савдо йўлаклари ҳамда инвестиция лойиҳалари мувофиқлаштирилиши мумкин. Амалий иш ҳар бир давлат, ҳудуд ва фермер хўжалигида бажарилади. Бу тартиб умумий муаммоларни биргаликда ҳал этишга, миллий ваколат ва маҳаллий жавобгарликни сақлашга имкон беради.
4D Doable: Фермер даласида ишлайдиган ечим
Тўртинчи D – Doable, яъни амалда бажариш мумкин бўлган ечим. Қишлоқ хўжалигида илмий янгиликнинг йўли мақола ёки лаборатория натижаси билан тугамайди. У маҳаллий далада, фермернинг меҳнати ва маблағи билан, бозор шароитида ишлаши керак. Фермер уни қўллай олиши ва нафини ўз хўжалигида кўриши илмнинг амалий қийматини очади.
Шу мақсадда “proof-of-use”, яъни амалда фойдаланиш исботига асосланган грант ва молиялаштириш механизмлари таклиф этилди. Грант илмий натижа ёки прототип яратишдан кейин ҳам ечимни фермер билан бирга синаш ва қўллашни қўллаб-қувватлайди. Бу илм билан унинг биринчи фойдаланувчиси ўртасидаги масофани қисқартиришга қаратилган.
Илмий механизм ва технология яратилгач, ечим маҳаллий тупроқ ва иқлимда синалади. Фермер унинг харажати, меҳнат талаби ва хавфини баҳолашда иштирок этади. Маҳсулот сифати, харидор ва бозор имконияти ҳам ўрганилади. Ана шу босқичларда тўпланган далиллар кенгайтириш учун инвестиция жалб қилишга асос бўлади.
Навбатдаги маблағ аввалги босқичдаги текширилган натижага қараб ажратилади. Самара бермаган лойиҳа очиқ баҳоланиб, ўзгартирилади ёки тўхтатилади. Ҳалол илмий хатони яширмасдан, ундан ўрганиш имконияти бўлиши керак. Шу билан бирга, маблағни йиллар давомида ажратиш ечимнинг амалдаги натижаси билан асосланиши лозим.
Мазкур ёндашувнинг илмий асослари Discover Sustainability журналида ёритилган. Унинг мақсади илм, фермер ва инвестор ўртасида узлуксиз боғланиш яратишдир. Олим ечимни ишлаб чиқади, фермер унинг ҳаётий қийматини баҳолашда қатнашади, инвестор эса текширилган натижага таяниб қарор қабул қилади.
5D Discipline: Интизом технологиянинг бир қисмидир
Бешинчи D – Discipline, яъни интизом. Ўзбекистон пахтачилиги бу тамойилнинг амалий аҳамиятини кўрсатди. 2021–2025 йилларда пахта майдони 1 миллион 31 минг гектардан 875,6 минг гектарга камайди. Шу билан бирга, умумий ҳосил 19,3 фоизга ўсиб, қарийб 4 миллион тоннага етди. Ўртача ҳосилдорлик гектарига 3,24 тоннадан 4,55 тоннага ошди. Бошқача айтганда, камроқ ерда кўпроқ ҳосил олиш имкони пайдо бўлди. 2026 йилда эса ўртача ҳосилдорлик гектарига 5,2 тоннага етиб, жами 4,5 миллион тонна пахта хомашёси етиштирилиши кутилмоқда.
Бу натижада ўзаро боғланган агротехник тадбирларнинг ўрни катта. Пахтачиликда ишлаб чиқилган саккиз қонуният соғлом кўчат қалинлиги, тўғри экиш схемаси, ўсимлик архитектурасини бошқариш, мувозанатли озиқлантириш, пишиб етилишни ўз вақтида бошқариш, уйғунлашган ҳимоя, ҳар бир ишни белгиланган муддат ва кетма-кетликда бажариш ҳамда экологик тоза дала тамойилларини қамраб олади. Улар бажарилиши шарт бўлгани учун «қонуният» деб номланган. Уларнинг самараси бир-бирини тўлдириб ишлашида.
Еттинчи қонуният айниқса муҳим: бир агротехник бўғин ўтказиб юборилса, кейинги тадбирлар самараси пасайиши мумкин. Минтақавий озиқ-овқат тизимида ҳам сифат стандарти, совитиш занжири, чегарадан ўтиш муддати, касалликлар мониторинги ва инвестиция мажбуриятлари ўз вақтида бажарилиши зарур. Даладаги меҳнат чегарадаги кечикиш ёки совитишдаги узилиш сабаб қадрсизланиб қолмаслиги керак.
Ўзбекистонда ишлаб чиқилган саккиз қонуниятнинг мантиғини бошқа экинларга, Марказий Осиё ва Глобал Жануб мамлакатларига маҳаллий шароитни ҳисобга олган ҳолда мослаштириш мумкин. Бунда тўлиқ технология, ўз вақтида бажариш ва натижани ўлчаш тамойили сақланади. Аниқ агротадбир эса ҳар бир экин ва ҳудуднинг хусусиятига қараб танланади.
Шу маънода, интизом технологиянинг бир қисмидир. Яхши ечим ўз вақтида ва тўлиқ бажарилгандагина кутилган натижага хизмат қилади.
6D Durable: Мавсумдан мавсумга сақланадиган самара
Олтинчи D – Durable, яъни давомли ва барқарор натижа. Бир йил юқори ҳосил олиш муҳим, аммо кейинги мавсумлар учун тупроқ, сув ва фермернинг иқтисодий имконияти ҳам сақланиши керак. Сувни ортиқча сарфлаб, тупроқни заифлаштириб ёки хўжаликни қарзга ботириб олинган натижа узоққа бормайди.
Ғўзапояни биочарга айлантириш бу боғлиқликни кўрсатадиган мисоллардан биридир. Тўғри технология ва маҳаллий шароитга қараб, биочар тупроқда углерод ва намни сақлашга, органик қолдиқдан қўшимча қиймат яратишга ёрдам бериши мумкин. Натижани текшириш ва шаффоф ҳисобга олиш тизими мавжуд бўлса, карбон бозори ҳам қўшимча даромад имкониятини беради. Бунда тупроқ, сув, иқтисод, бозор ва инсон манфаати биргаликда кўрилади.
Аввало технологиянинг тупроққа, ҳосилга ва фермер иқтисодиётига фойдаси тасдиқланиши шарт. Карбон даромади ана шу ҳақиқий натижа устига қурилган қўшимча манба бўлиши лозим. Хўжаликнинг асосий иқтисодий мантиғи фақат келажакдаги карбон кредитига боғланиб қолмаслиги керак.
Давомийлик маҳаллий мутахассис, сервис хизмати, уруғчилик, эҳтиёт қисмлар, бозор талаби ва кўп йиллик молиялаштиришга ҳам таянади. Ташқи маблағ тугаганидан кейин ишлай олиш лойиҳанинг ҳақиқий синовидир. Маҳаллий одамлар уни бошқара олса ва унинг иқтисодий нафини кўрса, лойиҳа барқарор тизимга айланади.
7D Dignity: Ислоҳот марказида инсон қадри
Еттинчи D – Dignity, яъни инсон қадри. Қишлоқ хўжалигидаги ҳар қандай технология охир-оқибат инсон ҳаётига таъсир қилади. Шунинг учун тонна, гектар ва экспорт кўрсаткичлари билан бирга фермер хонадонида, қишлоқ ҳаётида ва истеъмолчи дастурхонида юз бераётган ўзгаришни ҳам кўриш зарур.
Фермер даромадининг ошиши, хавфининг камайиши, хотин-қизлар ва ёшлар учун янги имкониятлар пайдо бўлиши, сифатли ва соғлом озиқ-овқатнинг истеъмолчига етиб бориши шу натижанинг асосий мезонларидир. Технология ҳақидаги қарорда фермернинг фикри эшитилиши ва унинг манфаати ҳисобга олиниши ҳам «Dignity»нинг амалий ифодасидир.
Бу ерда Ўзбекистон илгари сураётган STEM+HECI ёндашуви алоҳида аҳамиятга эга. STEM – табиий фанлар, технология, муҳандислик ва математика – генетика, агрономия ва рақамли ечимларни ривожлантириш учун билим беради. HECI эса «Humanity, Ethics, Creativity ва Imagination», яъни инсонпарварлик, ахлоқ, ижодкорлик ва тасаввур орқали шу билимларни инсон манфаатига йўналтиришга хизмат қилади.
Илм амалга ошириш мумкин бўлган ечимларни кўрсатади. Инсонпарварлик ва ахлоқ уларни жамият эҳтиёжи ва келажак олдидаги масъулият билан уйғунлаштиради. Шу боис фермер технологияни танлаш, синаш, баҳолаш ва такомиллаштиришда фаол иштирок этиши лозим. Унинг билими, меҳнати, маълумотларига доир ҳуқуқлари ва зиммасига оладиган хавфи адолатли ҳисобга олиниши керак.
Шунда иштирок маслаҳат сўраш билан тугамайди. Фермернинг фикри қарорга таъсир қилади, манфаати ва масъулияти эса бошқа иштирокчилар билан бирга белгиланади. Инсон қадри амалиётда ана шундай намоён бўлади.
Эпигенетик билимга асосланган деҳқончилик
7D тамойилларининг бирга ишлашини ташаббуснинг устувор илмий йўналишларидан бири – эпигенетик билимга асосланган деҳқончилик мисолида кўриш мумкин. Бу ёндашув ўсимликнинг мавжуд генетик имкониятини муҳит ва парвариш билан уйғунлаштиришга эътибор қаратади.
Яхши нав катта имкониятга эга, аммо бу имконият тупроқ, ҳарорат, сув, озиқлантириш ва бошқарув таъсирида намоён бўлади. Айрим муҳит таъсирлари генларнинг ишлашини ҳам ўзгартириши мумкин. Шунинг учун уруғнинг экишгача бўлган ҳолати ва кейинги парваришни тушуниш генетик билимнинг даладаги қийматини очишга ёрдам беради.
Ўзбекистонда буғдой уруғини экишдан олдин совуқ шароитда чиниқтириш, навни ҳудудга мос жойлаштириш, тупроқ ва сувни бошқариш ҳамда мувозанатли озиқлантириш каби ёндашувлар синовдан ўтди. 2026 йилги миллий таҳлилга киритилган таққосланадиган майдонларда ўртача ҳосилдорлик гектарига 97,8 центнерга етди. Бу натижа генетика ва агротехникани биргаликда ўрганишнинг амалий аҳамиятини кўрсатади.
Бу рақамни бошқа далалар учун тайёр кафолат деб қабул қилиш тўғри бўлмайди. Ҳар бир фермернинг ери, суви, нави ва агротехникаси турлича. Асосий мантиқ яхши генетиканинг имкониятини тўғри муҳит ва парвариш билан очишдир. Бунинг учун ҳар бир ечимнинг маҳаллий шароитда берадиган натижаси ўлчаниши керак.
Шу боис ёндашувни кенгайтиришдан олдин турли нав, тупроқ ва иқлимда илмий синовлар ўтказиш зарур. 7D бу жараённи маълумот тўплаш, маҳаллий синов, фермер фойдасини ҳисоблаш ва текширилган натижа асосида кенгайтиришга боғлайди. Илмий ғоя шу йўл билан фермер қўллай оладиган ишончли амалиётга айланади.
Тўртта умумий миссия
Марказий Осиё озиқ-овқат тизимлари дастурини тўртта умумий миссия атрофида бошлаш таклиф қилинди. Улар мамлакатларни муайян муаммо ва ўлчанадиган натижа атрофида бирлаштириши, ҳар бир давлатнинг илмий ва амалий имкониятига таяниши керак.
Биринчи миссия эпигенетик билимга асосланган деҳқончиликка қаратилди. Иккинчиси Blue Nutrition орқали балиқ ва бошқа денгиз маҳсулотларининг озиқланишдаги ўрнини кенгайтиришни қамраб олди. Бу йўналиш маҳаллий балиқчиликни ривожлантириш, маҳсулотларнинг озиқавий қийматини ўрганиш ва денгизбўйи давлатлари билан ҳамкорликда аҳолининг турли сув маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятини оширишни бирлаштиради. Учинчиси маҳсулотни дала, сақлаш, қайта ишлаш, транспорт ва бозор билан боғлайдиган қуруқлик логистика йўлакларини шакллантиришга йўналтирилди. Тўртинчиси органик қолдиқлар, биочар, тупроқ саломатлиги ва текшириладиган карбон даромадини бирлаштирувчи айланма углерод қишлоқ хўжалигини назарда тутди.
Бу миссияларни бирлаштирувчи талаб ҳам умумий: илмий механизм тушунарли, маҳаллий синов ишончли, фермер иқтисодиёти ҳисобланган, хавфсизлик, экологик таъсир ва бозор имконияти баҳоланган бўлиши зарур. Натижа шаффоф ўлчанганда ҳамкорлар кейинги қадамни биргаликда белгилай олади.
Римдаги етти таклифдан даладаги натижага
Римда илгари сурилган еттита таклиф ана шу ғояларни даладан дастурхонгача бўлган амалий занжирга айлантиришга қаратилди. Уларнинг таянчи Food Systems Compact бўлиши таклиф этилди. Мамлакатлар шу дастур доирасида умумий мақсадлар, вазифалар ва ҳар бир ҳамкорнинг масъулиятини келишиб олиши мумкин.
Бундай ҳамкорликка ишончли маълумот керак. Таклиф этилган Озиқ-овқат савати обсерваторияси сув танқислиги, маҳсулот ҳажми, озиқланиш эҳтиёжлари ва ташиш харажатлари ҳақидаги маълумотларни бирлаштириши лозим. Шунда умумий қарорлар эҳтиёж, имконият ва мавжуд чекловларни аниқроқ ҳисобга олади.
Кейинги қадам янгиликни фермер билан бирга синашдир. Ҳар бир мамлакатда 7D асосида Living Labs – олим ва фермер бирга ишлайдиган амалий синов майдонларини ташкил этиш таклиф қилинди. Минтақавий proof-of-use молиялаштириши ечимни лабораториядан даладаги ҳақиқий фойдаланишгача қўллаб-қувватлаши керак. Фермернинг ўзи унинг нафини кўриши бу жараённинг муҳим натижасидир.
Эпигенетик билимга асосланган деҳқончилик ва Blue Nutrition бўйича қўшма илмий миссиялар ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Бири генетика ва агротехника уйғунлигини ўрганса, иккинчиси маҳаллий балиқчилик, денгиз маҳсулотларининг озиқавий қиймати ва денгизбўйи ҳамкорлар билан алоқаларни соғлом озиқланиш мақсадига боғлайди. Маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш ва бозорга етказиш учун эса қуруқлик орқали боғланган озиқ-овқат йўлакларига қўшма инвестиция портфелини тайёрлаш таклиф этилди. Бу йўлакларда совитиш занжирининг узлуксиз ишлаши балиқ ва денгиз маҳсулотлари учун айниқса муҳим.
Бу ишни олиб борадиган одамлар ўртасидаги алоқа ҳам мустаҳкам бўлиши зарур. STEM+HECI асосида олимлар, раҳбарлар, фермерлар ва ёш мутахассислар тармоғини шакллантириш таклифи шу эҳтиёждан келиб чиқди. У билим алмашиш, маҳаллий ечимларни бирга синаш ва инсон манфаатини кўзлаб қарор қабул қилишга хизмат қилиши керак.
Муҳокамаларда натижани фермер билан бирга текшириш, минтақавий маълумотларни уйғунлаштириш, Blue Nutrition ва Living Labs йўналишлари қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон бу ҳамкорликка ўз илмий салоҳияти, дала тажрибаси, синов майдонлари, интенсив деҳқончилик ва қайта ишлаш имкониятларини таклиф қилди. Демак, ҳамкорликни бошлаш учун тажриба ҳам, уни синайдиган амалий майдонлар ҳам бор.
Марказий Осиёдан жаҳон озиқ-овқат савати сари
7D ёндашувини бошқа минтақаларнинг эҳтиёжига ҳам мослаштириш мумкин. Жаҳон озиқ-овқат саватини ўзаро боғланган минтақавий саватлар тармоғи сифатида тасаввур қилайлик. Ҳар бир минтақа ўзининг табиий шароити, маҳсулотлари ва билими билан унга ҳисса қўшади. Ҳамкорлик аввало маҳаллий аҳолининг тўлақонли озиқланиши ва фермер даромадига хизмат қилиши, маҳсулот эса талаб бор бозорларга ишончли етиб бориши керак.
Масалан, мева-сабзавот мўл етиштириладиган, аммо сақлаш имконияти чекланган ҳудудни олайлик. Унга кўпроқ ҳосил билан бирга омбор, совитиш, қайта ишлаш, ташиш ва харид тизимини уйғунлаштириш ҳам зарур. Қўшни ҳудуднинг имкониятларини шу эҳтиёж билан боғлаш йўқотишларни камайтиришга ёрдам бериши мумкин. 7D бу алоқани маълумот асосида лойиҳалаш, фермер билан синаш ва натижага қараб молиялаштиришни таклиф қилади.
Бошқа минтақада устувор вазифа ўзгача бўлади. Сув танқис ҳудудда ҳамкорлик сувдан самарали фойдаланишга, маҳсулот тез бузиладиган жойларда совитиш ва қайта ишлашга қаратилиши мумкин. Blue Nutrition эса денгизбўйи ва денгизга чиқиши чекланган мамлакатларнинг имкониятларини боғлайди. Барқарор балиқчилик, озиқавий қийматни ҳисобга олган савдо ва ишончли совитиш занжири орқали турли сув маҳсулотларини аҳолига хавфсиз ва ҳамёнбоп етказиш мумкин. Умумий дарё ҳавзаси ёки савдо йўлаги атрофидаги мамлакатлар шу вазифалар учун ўз ҳамкорлик дастурини тузади. Умумий мантиқ сақланади, амалий ечим маҳаллий шароитдан келиб чиқади.
Бундай дастурларда ҳам етти тамойил бирга ишлайди. Мамлакатлар ўлчов ва сифат талабларини келишади, ечимларни ўз шароитида синайди, масъуллар ва молия манбаларини белгилайди. Миллий қарорлар ҳар бир давлат ваколатида қолади, трансчегаравий масалалар келишув асосида ҳал этилади. Харажат ва фойданинг адолатли тақсимланиши ҳамкорликка ишонч беради ва уни узоқ муддат сақлашга ёрдам беради.
Натижани экспорт ёки ялпи ҳосил билан бирга фермер даромади, озиқ-овқатнинг аҳоли учун ҳамёнбоплиги, овқатланиш сифати, тежалган сув ва камайган йўқотишлар орқали ҳам баҳолаш лозим. Марказий Осиёдаги синовлар шу кўрсаткичлар бўйича ишончли натижа берса, тажрибани бошқа минтақаларга таклиф қилиш учун амалий асос пайдо бўлади. Бунда тарқатиладиган нарса тайёр қолипдан кўра, маҳаллий ечим яратиш ва уни биргаликда текшириш тажрибасидир.
Шу тариқа Марказий Осиё жаҳон озиқ-овқат саватига маҳсулот билан бирга ҳамкорлик тажрибасини ҳам таклиф қилиши мумкин. Мақола бошидаги оила дастурхонига қайтсак, бу ташаббуснинг ҳақиқий маъноси янада аниқ кўринади. Фермер етиштирган ҳосил истеъмолчига етиб борса, унинг меҳнати даромадга айланса, дастурхон бойиб, сув ва тупроқ кейинги мавсумлар учун ҳам асралса, ҳамкорлик ўз мақсадига хизмат қилган бўлади.
Иброҳим Абдураҳмонов,
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, академик