Адолат — фаровон жамиятнинг пойдевори, инсон қадр-қиммати ва ижтимоий тараққиётнинг асосий шарти. Тарих гувоҳлик берадики, адолат ҳукм сурган ўлкада халқ тўкис, фаровон яшайди, адолат поймол қилинган жойда эса ижтимоий зиддиятлар ва инқирозлар юз беради.

Ўзбекистон мустақиллик йилларида бу ҳақиқатни ўз тажрибасида синаб кўрди. Янги Ўзбекистон даври адолат ва инсон қадрини тиклаш йўлидаги улкан синов ва катта натижаларни ўз ичига олади.

Адолатли жамият қурмоқ учун, аввало, ўтмишдаги хато ва камчиликларни тан ол­моқ, уларни тузатмоқ лозим. Шу маънода, Ўзбекистон суд тизимидаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бораси­даги чора-тадбирлар, афв сиёсати ва кечи­римлилик тамойилларига таяниш шунча­ки сиёсий қарорлар эмас, балки маънавий улуғворлик ифодасидир. Зеро, фақат ўзи­га ишонган инсонгина кечиримли, ўзига ишонган халққина бағрикенг бўлади.

Бир умр — бир умид

2012 йилнинг авжи саратони. Ўша машъум, маҳзун кунлар Тошкент давлат шарқшунослик институтининг истеъдод­ли аспиранти Шерзод Жўраевнинг умрини икки қисмга бўлиб юборди — “қамоқдан олдин” ва “қамоқдан кейин”. Яқин дўстим, ёш олим порахўрликда айбланиб, ҳибсга олинди. Тергов-суд ҳужжатларида ёзилишича, у бир йил олдин, яъни 2011 йил биринчи август куни институт про­ректоридан ўн минг доллар миқдорида пул олиб, бир абитуриентга имтиҳон пай­ти тарих фанидан тест саволларини ечиб берган.

Аслида, айблов ўта заиф пойдевор­га қурилган эди. Аввало, ўша йили олий ўқув юртларига кириш имтиҳони ҳайит байрамига тўғри келгани сабабли 1 ав­густ эмас, балки 2 августда ўтказилгани ҳуқуқий жиҳатдан муҳим далил эди, яъни пора берилганига гувоҳлик қилиши кутил­ган санадан бир кун олдин имтиҳон ҳали бошланмаганди.

Яна бир муҳим ҳолат: проректорнинг “пора берилади” деб кўрсатилган хонаси ўша кунларда — 1 августда ва ундан икки кун илгари Миллий хавфсизлик хизмати томонидан муҳрланганди. Муҳрланган, қатъий назорат остидаги хонада ноқону­ний олди-бердилар амалга ошиши мумкин эмаслиги кундек равшан-ку. Бироқ ўша даврнинг ҳуқуқий одатига кўра, суд, тер­говчи ва прокурор учун бу каби муҳим да­лиллар жилла аҳамият касб этмасди. Топ­шириқ билан очилган жиноят иши сўзсиз бажарилиши лозим эди, мажбурлов орқа­ли олинган кўрсатма эса кишини қамоққа ташлаш учун кифоя ҳисобланарди.

Таҳлилларга қараганда, ўша йиллар­да судлов амалиётида мажбурий кўрсат­ма мустақил исбот воситаси баҳоланиб, унинг асосида кўплаб беайб фуқаролар жазо муассасаларига жўнатилган.

Шерзод Жўраев уч ярим йил умрини панжара ортида, симтикан деворлар ўр­тасида ўтказди. Уч ярим йил — шунчаки рақам эмас. Бу — ёш олим илмий карьера­сининг тўхтатилган йиллари, фарзандлару яқинлар соғинчи, оила ва дўстлар назари­да ор-номус деб аталган жавҳарнинг сини­ши...

Озодликка чиққан Шерзод Жўраев дунёдан буткул умидини узган эди. Ўзи ва фарзандлари келажагига ишончи сўнган, тафаккури пажмурда, қалби яраланган ин­сон сифатида жамиятга қайтди у. Дарвоқе, ёш олимнинг тақдири “Биринчи август” (сценарий муаллифи — камина) бадиий фильмида муайян даражада кўрсатилган.

Янги Ўзбекистон шароитида бу ҳи­коя бошқача якун топди. Жадал судлов ислоҳотлари, ўтмишни холислик асосида тафтиш этиш сиёсати ва ҳуқуқий адолат­ни тиклаш механизмлари туфайли Шерзод Жўраев Олий судга мурожаат қилиш им­кониятига эга бўлди. Иш қайта кўрилди ва у тўлиқ оқланди! Тергов-суд ҳужжатлари­да унга нисбат берилган барча айбловлар асоссизлиги тасдиқланди.

Бугун у илм-фан соҳасида яна фаол изланишлар қилаётган тадқиқотчи, XV асрнинг буюк маърифатпарвар ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро даврида кечган сиёсий ва маданий жараёнлар бўйича диссертация ҳимоя қилиш арафасида. Айримлар туҳ­мат тоши ёш олимни босиб-янчиб ташлай­ди деб ўйлаган бўлса ажаб эмас. Аммо инсофу адолат бўҳтон тошини яксон этиб, қадди дол бўлганларни алифдек рост қил­моққа қодир экан!

Шерзод Жўраевнинг иши ягона ҳолат эмас. Янги Ўзбекистонда Олий суд назора­ти тартибида минглаб ишлар қайта кўрил­ди. Суд ислоҳотлари бошланганидан буён юзлаб киши ноқонуний айблов тўғриси­даги хулоса асосида оқланди ёки жазоси камайтирилди. Бу рақамларнинг ҳар бири ортида Шерзод Жўраевники каби бир оила, бир умр, бир умид ётади.

Афвга вафо, аҳдга садоқат

Адолат фақат туҳматни фош этиш, бе­айбни озод қилишдан иборат эмас. Адо­латнинг яна бир юксак намунаси янглиш йўлга кирган, бежо қадам қўйган инсонни кечириш, унга иккинчи имкон бериш ва жамиятга қайтаришдир. Яқин ўтмишда жиноят сифатида баҳоланган хатоларнинг айримлари ёш ва тажрибасизлик, баъ­зан ташқи таъсирлар туфайли юз берган. Шунда ҳам мутаносиб бўлмаган оғир жа­золар қўлланган, кечиримлилик эса иккин­чи даражали хислат ҳисобланган.

2015-2016 йилларда интернетда “Абдул­лоҳ Нусрат” тахаллуси остида конституциявий тузумга оид ноқонуний ва номақбул битиклар, сиёсий-танқидий мақолалар тарқатилаётгани аниқланади. Тергов жараё­нида маълум бўлишича, бу ишнинг ортида ёш навоийшунос олим Акром Малик тур­ган. Истеъдодли, қобилиятли, адабиётшу­нослик илмининг умидли вакили сифатида баҳоланаётган, менга шогирд мақомида бўлган бу йигит ташқи кучлар таъсирига ту­шиб қолган, ўзи тушуниб-тушунмай нораво йўлга кириб кетган эди.

Акром Малик суд ҳукмига мувофиқ, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этил­ди. Ўша давр мантиғига кўра, бу жазо “ўта юмшоқ” деб ҳисобланиши мумкин эди. Бинобарин, сиёсий мотивдаги жиноятлар­да айбланганларга кўпинча анча оғирроқ жазо қўлланиларди.

2017 йили Акром Малик Президенти­мизга мурожаатнома йўллади.

“Ичкари” ўша пайтлар жаҳаннамни эслатар эди. Инсон зотидан би­рор ҳимоячинг бўлиши мумкин эмас эди бу маконларда. Ҳар қандай инсон изтироб ва кўзёшлар ила “Қамоқлар тириклар қабристони экан!” деб юборар эди. Тушкунлик тўла юраклардан ёруғ кунлар умиди шам каби ўчарди. Менда ҳам шундай бўлди...

Орадан бир йил ўтди. Ташқаридан кўнгилларга таскин берувчи муждалар кела бошлади. Биз маҳкумларда ҳам тирикликка, ҳаётга умид уйғона борди. Чунки Сиз бошлаган сиёсатнинг эпкинлари қа­моқхоналарга ҳам кириб борган эди. Жумладан, бирдан қамоқ ходим­ларида муомала ўзгарди, сиёсий-диний маҳкумлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб озодликка чиқа бошлади... Мен бу ишларда адолат­парвар инсоннинг қатъиятини кўрдим. Қамоқларда инсоний муҳит пайдо бўлга­ни, маҳкумлар ҳақларининг тиклангани Шавкат Мирзиёев сиёсатининг муҳим ға­лабаси, юксак натижасидир!” деб ёзган эди Акром Малик давлатимиз раҳбарига йўллаган мурожаатномаларидан бирида.

Ёш олимнинг ички дунёси, ижодий са­лоҳияти ҳамда тарих, адабиёт соҳасидаги тадқиқотларга қўшиб келаётган ҳиссаси­ни яхши билган ҳамкасблар, устозлар ҳам қўл қовуштириб турмади. Бир гуруҳ олим ва ижодкорлар ёш тадқиқотчининг хато­си ва тавбасини кўрсатиб, унинг илмий салоҳиятини таъкидлаб, афв этилишини сўраб Президентимизга хат йўлладик. Бу нома шу маънода диққатга сазовор: Ўзбекистон зиёлилари ёш авлод учун жа­вобгарлик туйғусини намоён этди, устоз­лар шогирдларини забун аҳволда ташлаб қўймади, илмий жамоатчилик ундан юз ўгирмади.

Президентимиз сўровларни ерда қол­дирмади — Акром Малик давлатимиз раҳбари имзо чеккан афвномага кўра озод­ликка чиқди. Бу ерда ҳикоянинг энг муҳим қисми бошланади: инсоннинг ўзига туҳфа этилган иккинчи имконни қандай қабул қилиши!

Акром Малик озодликка чиққач, афв­га садоқат кўрсатди, шогирдлик аҳдига вафо қилди. Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонига уч жилддан иборат шарҳ битди. Ҳар томонлама пухта, пишиқ ва энг муҳими, ёшларга тушунарли тилда ёзилган шарҳ муаллифи “Илҳом” танлови­да ғолиб топилди ва “Спарк” автомобили билан тақдирланди.

Бундан ташқари, ёш адиб “Ҳалқа”, “Саҳро”, “Жангчи” каби роману қиссалар ёзди, туркум шеърлар яратди. Энг муҳими, у Алишер Навоийнинг “Ғаройиб ус-сиғар” девони матний тадқиқи бўйича диссерта­ция ҳимоя қилишга эришди.

Акром Малик қисқа муддатда қўлга киритган ютуқлар нафақат шахсий зафар, балки кечиримлилик тамойилининг жами­ятга берган самарасидир. Аввал хато қил­ган, лекин иккинчи имкон туҳфа этилган инсон ишончни оқлаб, сермаҳсул, унумли ижод орқали жамиятга, давлатга ўз мин­натдорлигини изҳор этди.

Ўзгараётган парадигма

Шерзод Жўраев ва Акром Маликнинг кечмиши фарқли, албатта: бири туҳмат, иккинчиси ҳақиқий хато сабабли жабр кўрди. Аммо уларни боғлайдиган умумий ришта шуки, янги Ўзбекистоннинг одил сиёсати ҳар иккисига ҳам олиму ижодкор сифатида қайта ҳаёт бахш этди ва икков­лон ҳам бу имконни ҳавога совурмади.

Бундай мисоллар ўнлаб, балки юзлаб топилади. Кечаги кунга назар ташласак, турли сабаб-омилларга кўра ситам чеккан, ҳуқуқлари поймол этилган, имкониятлари тортиб олинган ватандошларимиз тақ­дири кўз ўнгимизда намоён бўлади. Улар ичида олимлар, ёзувчилар, журналистлар, оддий меҳнат­кашлар, жамиятимизнинг барча қатлами вакиллари бор. Янги Ўзбекистон раҳбарияти улар­нинг барчасига ёруғ ваъда берди, ойдин мужда йўлла­ди: адолат тикланади, энди бари бошқача бўлади!..

Бу йўлда тизимли чора-тадбирлар кўрилди. Жи­ноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиришлар, ҳибсга олиш ва қамоқда уш­лаш тартибларига чекловлар, мажбурий кўрсатма олишга нисбатан қатъий тақиқлар — бу­ларнинг барчаси ўтмиш хатолари­нинг такрорланмаслиги учун кафолат яратди. Суд мустақиллигини мустаҳкам­лаш, прокуратура ваколатларини тартиб­га солиш, қонун устуворлигига таянган демократик давлат қуришдек тамойиллар янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий қадрияти, ақидасига айланди.

Кечиримлилик адолатнинг душмани эмас. Аксинча, чинакам адолат кечирим­лиликни тақозо этади. Хом сут эмган бан­даи ожиз мутлақ равишда адашувдан холи эмас. Одил жамият эса янглишганларни тарбиялаш ва роҳи ростга қайтариш йў­лини тутади. Афсуски, яқин ўтмишда бу куч-ваколат суиистеъмол қилинди, жазо­лаш функцияси бот-бот истифода этилди, ислоҳга эмас, синдиришга урғу берилди. Янги Ўзбекистон бу парадигмани ўзгар­тирмоқда, “Адоват эмас, адолат енгар” деган доно ёндашув ҳаётий тутумга ай­ланмоқда.

Хўш, зулм, адолатсизлик жамиятда қандай акс садо беради? У, аввало, раият­нинг давлатга ишончига путур етказади. Жамоавий хотира заҳарланади, навқи­рон авлодга кўзга кўринмас ижтимоий жароҳат мерос бўлиб ўтади. Одамлар ўзини ҳимоясиз, заиф ҳис этади. Бу эса миллатнинг ботиний қуввати, ватансевар­лик руҳиятини сўндиради.

Адолатнинг тикланиши ҳамиша жа­миятни жипслаштиришга хизмат қилади. Дейлик, Шерзод Жўраевни оқлаш фақат бир оила ёки бир олим ҳаётидаги ўзгаришгина эмас. Бу барча олиму фузалога қарата хитоб­дир: “Тизим сизларга адолатли муносабатда бўлишга қобил, қодир!”. Акром Маликнинг афв этилиши эса янглиш одим отган ёш ав­лодга йўлланган мужда: “Хато қилсангиз, уни мардона тан олинг, самимий тавба қи­линг ва ватан бағрига қайтинг!”.

Жамиятнинг жипслиги, бирдамлиги, руҳий саломатлиги кўп жиҳатдан шу каби сигналларга боғлиқ. Ишонч давлатнинг чиннидан нозик, сув ва ҳаводек зарур сар­моясидир. Уни пул, сарват билан сотиб олиб бўлмайди, у фақат адолатли амаллар орқали шаклланади. Таъбир жоиз бўлса, оқланган ҳар бир бегуноҳ фуқаро, афв этилган ҳар бир тавбакор — ишонч пойде­ворига қўйилган бир ғишт...

Давлатнинг тамали

Жаҳон файласуфлари “Биринчи му­аллим” деб эъзозлаган Арасту адолатни бошқаларга нисбатан тўғри муносабатда бўлиш фазилати деб таърифлаган. Ҳазрат Навоий эса уни олам юзини обод қилув­чи куч деб улуғлаган. Замонавий давлат­шунослик нуқтаи назаридан баҳолаганда, адолат — ижтимоий шартнома пойдевори, фуқаролик жамиятининг ҳаётий асоси. Бу уч манба — антик фалсафа, мумтоз шеъ­рият ва замонавий давлат илми якдил, муштарак хулоса бермоқда: адолатсиз давлат узоқ умр кўрмайди, бундай жами­ятда инсон ҳатто ўз ватанида ўгай бўлиб қолади.

Президентимиз “Янги Ўзбекистон” концепцияси орқали адолатни амалий сиёсатнинг ўзаги, давлатнинг тамалига айлантирди. Судлов ислоҳотлари, инсон ҳуқуқлари институтлари, жамоатчилик назорати механизмлари — барчаси ин­сон манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришга йўналтирилган.

Биз қаламга олган икки инсон тақди­ри — янги Ўзбекистонда адолатли тизим ишлаётганининг ёрқин исботидир. Улар­нинг кечмиши юртимизда ҳуқуқий ва маънавий ислоҳотлар нақадар реал ва ҳа­ётий эканини кўрсатади. Биз — олимлар, зиёлилар, жамоатчилик вакиллари бу эзгу йўлни қўллаб-қувватлашимиз, натижалар­ни кенг жамоатчиликка етказишимиз ва ислоҳотларга имкон қадар ҳисса қўшиши­миз лозим, албатта.

Мақола дебочасида Алишер Навоийнинг адолат бобидаги ҳикматини зикр қилган эдик. Аслида, адолат тамойили ҳазрат ижодининг ўқтомирини ташкил этади. Навоийнинг адолат ҳақидаги бай­ту ҳикматлари бугун ҳам ўз мазмунини йўқотмаган, эҳтимол, ҳеч қачон бугунча­лик долзарб аҳамият касб этмаган. Чун­ки биз нафақат сўзда, балки юракларда, ҳаётимизда адолат тантана қилаётган бир даврда яшаётирмиз.

Шерзод Жўраев ХV асрда Хуросон ўлкасини фозил одамлар маконига айлан­тирган Ҳусайн Бойқаро даврини тадқиқ этаётгани, Акром Малик эса адолат ва ин­сонпарварлик ғояларини куйловчи буюк Навоий меросини ўрганаётгани бежиз эмас. Икки йўл ҳам бир фикрга етаклайди: янги Ўзбекистон ўзининг буюк гуманистик анъаналарига қайтмоқда!

Адолат — шунчаки маҳкама залида ўқилган ҳукм эмас. У — устозларнинг хато қилган шогирди ҳимояси йўлида битган номаси. У — олимнинг асл маслаги, илм йўлига қайтиш аҳди. У — давлат раҳбари­нинг “Сенинг қадринг ҳар нарсадан улуғ” дея ўз фуқаросини қаноти остига олиши. Улуғ Навоий айтганидек, адолат ила обод олам фақат шу одамлар ва шу тизим орқа­ли барпо этилади. Не бахтки, биз ана шу йўлдамиз. Бу йўлдан қайтмасликка умид ва ишончимиз ҳамиша пойдор бўлгай!

Олимжон ДАВЛАТОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар

институти директори, профессор