Шу пайтгача Қусам ибн Аббос, Абу Ҳафс Кабир каби шахсларнинг ҳаёти ва илмий мероси етарли даражада ўрганилмаган. Экспозицияда эса улар ҳақидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратилган.
Вақт девори
Ушбу бўлимдан ислом динининг тарқалиши, Байт ул-ҳикма академиясида фаолият юритган алломалар, Маъмун академияси тасвирланган учта йирик, маҳобатли рангтасвир асари ўрин олган. Шунингдек, девор бўйлаб турли даврларга оид экспонатлар, нумизматика намуналари, харита, видеоролик, интерактив ўйинлар жойлаштирилган.
Зал марказида Биринчи Ренессанс даврида барпо этилган сомонийлар мақбараси, Мағоки Атторий масжиди, Чашмаи Айюб ёдгорлиги, Қусамия мадрасаси сингари ёдгорликлар макетини кўрамиз. Шунингдек, салжуқийлар даврида тайёрланган заргарлик буюмлари, икки бошли бургут тасвирланган давлат туғроси ҳам зиёратчиларни бефарқ қолдирмайди. Бу осори атиқалар Президентимизнинг топшириғи асосида хориждан қайтариб
олиб келинган.
Зал тўрида муқаддас Каъбанинг эшиги нусхаси ва 1988 йили ишлатилган
каъбапўш (кисва)нинг асл нусхаси жойланган. Шунингдек, бу ерда Каъбанинг
XIII-XIV асрларда Мисрда мамлуклар даврида ясалган калитларини, кисванинг 2023
йили Саудия Арабистон Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ўзбекистон раҳбарига туҳфа
қилган парчасини кўриш мумкин.
Шунингдек, ушбу залдан Биринчи Ренессансга бағишланган 4 дақиқали ролик
ҳам ўрин олган.
Капсулалар
Залнинг ўнг томонида еттита капсула бўлиб, уларнинг ҳар бири Биринчи Ренессансга
алоқадор мавзуларга қаратилган. Мазкур капсулаларда турли видеоролик, қўлёзма,
тарихий артефакт, макет ва муляжларга дуч келасиз.
Масалан, биринчи капсулада ислом динининг тарқалиши билан боғлиқ
маълумотлар, видео ва интерактив матнлар, Муҳаммад алайҳиссаломнинг жаҳон
ҳукмдорларига юборган мактублари нусхаси, Каъба сурати ва дуолар битилган
кашталар, Қуръони каримнинг IX-XI асрларга оид саҳифалари ва қўлёзмалари ўрин
олган.
Иккинчи капсула Байт ул-ҳикмага бағишланган. Буюк олим Муҳаммад Хоразмий
унда раҳбар сифатида фаолият юритган, алгебра фанига асос солган. Байт
ул-ҳикмада фаолият юритган яна бир олим Аҳмад Фарғонийдир. У Нил дарёсида
қурилган махсус сув ўлчовчи асбоб — нилометрни тубдан такомиллаштирган. Бу
нилометр гидростатика қонунига асосан ишлаган. Шу қурилма ёрдамида Нил
дарёсидаги сув ҳажми ўлчанган. Бир йиллик сув миқдори, Нил дельтасида
олинадиган ҳосил олдиндан ҳисоблаб берилган. Шунга қараб, давлат аҳолидан солиқ
ундирган. Қурғоқчилик ёки сув тошқинлари олдиндан тахмин қилинган ва уларга
тайёргарлик кўрилган.
Абу Наср Форобий сиёсий фалсафа ва ижтимоий психологияга бағишланган
“Фозил одамлар шаҳри” асарини ёзган. Унда намунавий давлат моделини тавсифлаб
берган. Шунингдек, “Мусиқа ҳақидаги катта китоб”ида мусиқа назарияси ва тарихи
ҳақида тизимли маълумот берган, уд чолғу асбобини яратган. Президентимиз аллома
меросига алоҳида тўхталиб, Форобийнинг Марказий Осиё тарихидаги муҳим
сиймолардан бири эканини таъкидлаган эди.
Учинчи капсула Маъмун академияси, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний
сингари алломалар меросига бағишланган. Беруний яшаган даврни дунё олимлари
“Беруний асри” деб атаган. Бу эътирофни Фредерик Старр ҳам кўп таъкидлаган.
Берунийнинг “Тафҳим”, “Осор ул-боқия” асарлари, Абу Али ибн Сино асарининг XIV
асрга оид иброний тилидаги таржимаси факсимиле нашри ҳамда “Китоб уш-шифо”нинг
1494 йили Ҳиротда кўчирилган нусхаси жойланган.
Тўртинчи капсуланинг қуйи қаватида ушбу экспозицияга доир икки дақиқали
ролик томоша қиласиз. Иккинчи қаватда Абу Райҳон Беруний 1037 йили ишлаб чиққан
ва ўзбек олимлари қайта тиклаган ярим шарни кўришингиз мумкин.
Марказ фаолиятида сомонийлар, қорахонийлар, салжуқийлар, хоразмшоҳлар давридаги
цивилизация жараёнларига алоҳида эътибор қаратилган. Витриналарда ҳар бир давр
бўйича алоҳида артефактлар, миниатюралар, маълумотлар жамланган.
Шунингдек,
кейинги учта капсула ислом илмларининг буюк намояндалари Имом Бухорий, Имом
Термизий, Абу Мансур Мотуридий сингари алломаларга бағишланган. Уларнинг
мақбаралари макети, асарлари, ҳаёти ва фаолияти билан танишиш имкони мавжуд.
Фируза АБДУСАГАТОВА,
ЎзМУ
катта ўқитувчиси