Қурилиш ишлари оддий бино кўтаришдангина иборат бўлган вақтлар ўтди. Бугун бунёд этилаётган ҳар бир иншоот шаҳарсозлик талаб ва меъёрларига жавоб бериши керак. Қурилиш жойини танлашдан тортиб, унга мос лойиҳа ва дизайн яратишгача бўлган ишларнинг бари бир нуқтада уйғунлашади. Шу тариқа шаҳарларнинг умумий қиёфаси, архитектура дизайни пайдо бўлади.
Янги Ўзбекистонда охирги
йиллардаги қурилишлар мисолида буни яққол кўриш мумкин. Зеро, бугун юртимизда
қурилиш ва шаҳарсозлик мутлақо янги нормалар, замонавий ёндашувларга
асосланмоқда. Лойиҳалар ҳар бир шаҳарнинг жойлашуви, маданий ва бошқа
хусусиятларидан келиб чиқиб белгиланаётгани ҳам яққол кўзга ташланади. Масалан, пойтахтдаги қурилишларнинг аксарияти
замонавий шаҳар қиёфасини акс эттирса, Самарқанд, Бухоро каби тарихий
шаҳарларда маданий йўналишдаги архитектура талаблари кўпроқ инобатга олинади.
Бундай ёндашувлар урбанизация, архитектура-дизайн йўналишларини ҳам
ривожлантиряпти.
Қурилиш соҳасининг ўзи эса алоҳида
мавзу. Биргина уй-жой қурилишини олайлик. Яқин
вақтларгача Ўзбекистонда бир йилда бир неча юз хонадонли кўп қаватли уйлар
қурилса ҳам катта гап эди. Соҳада тўпланиб қолган муаммоларни-ку, айтмаса ҳам
бўлади. Уй-жой фондини бошқариш тизими самарасизлиги боис, таъмирлаш ва хизмат
кўрсатиш учун маблағ доимий етишмасди. Бошқа томондан, аҳолининг арзон
уй-жойларга талаби ниҳоятда юқори эди.
2017
йилдан бу йўналишда катта марра олинди. Юртимиз бўйлаб турар ва нотурар жойлар
қурилиши шиддатли тус олди. Минглаб хонадонга эга кўп қаватли уйлар қад
ростлай бошлади. Аввалига шунча уйда ким яшайди, бунга талаб борми ўзи деган
фикрлар ҳам билдирилди. Бугун эса қурувчи компаниялар сони ва аҳолига уй-жой
таклифи қанча кўп бўлмасин, барига талаб бор. Чунки соҳада нафақат тадбиркорлар
учун кенг имкониятлар яратилди, балки аҳолининг арзон уй-жой сотиб олиш
қобилиятини ошириш механизмлари, хусусан, узоқ муддатли ипотека кредитлари ва
бошқа кўплаб замонавий таклифлар берилмоқда.
Натижада
кейинги тўққиз йилда Ўзбекистонда бу соҳа шу қадар ривожландики, қурилиш
ишларининг ҳажми 2016 йилдаги 30 триллион сўмдан ўтган йили 314 триллион сўмга
етди. Шу йиллар мобайнида 647 минг хонадонли 15 мингдан ортиқ кўп қаватли
уй-жой барпо этилди, мамлакатимизда қарийб 10 мингта янги қурилиш корхонаси иш
бошлади. Асосийси, булар шунчаки қурилиш эмас, балки халқаро стандартларга
асосланган йирик лойиҳалардир. Улар шаҳарсозликнинг бошқа талаблари ва
йўналишлари билан уйғунлаштирилиб, энди қурувчилар одамларга яшаш жойи билан
бирга замонавий инфратузилма, қулай экологик муҳит ва яшил ҳудудларга эга
масканларни таклиф қиляпти.
Жаҳон
тажрибасида пухта ўйланган шаҳарсозлик сиёсати ва кенг кўламли уй-жой қурилиши
уйғунлашганда иқтисодий юксалиш ҳамда ҳаёт сифати ошиши ўз исботини топган.
Кўплаб давлатларда урбанизациянинг мувозанатли модели жорий этилиб, унда уй-жой
қурилиши бир пайтнинг ўзида инфратузилма, ҳудудий ривожлантириш ва юқори сифатли
шаҳар муҳитини шакллантириш орқали намоён бўлмоқда. Қолаверса, одамларнинг
айнан шундай замонавий шаҳарларда яшашга бўлган талаби ортиб боряпти.
Маълумотларга
кўра, ҳозирги кунда юртимиз аҳолиси 38 миллиондан ошиб, уларнинг 20 миллиони
шаҳарларда яшамоқда. Бу шаҳарсозликни янада ривожлантириш, замон талабларига
мослаштиришни тақозо этади. Кейинги йилларда айни жиҳатларга эътибор
қаратилаётгани, исталган лойиҳа аввалида бош режа ишлаб чиқилиб, муҳокамаларга
қўйилаётгани боиси шунда. Ҳатто бу муҳокамаларда аҳолининг ўзи таклиф ва
ташаббуслари билан иштирок этяпти.
Мазкур
йўналишда ишлар самарадорлигини янада ошириш, тезкорлик ва сифатни таъминлаш,
тадбиркорларнинг оворагарчиликларини камайтириш учун ҳуқуқий асослар бўлиши
керак. Шу мақсадда ўтган йиллар давомида мамлакатимиз қурилиш соҳасида рухсат
бериш босқичлари уч карра, муддатлар тўрт карра қисқартирилиб, 420 та
шаҳарсозлик норма ва қоидаси бирлаштирилди, эскилари бекор қилиниб, 140 та янги
норма ва қоида тасдиқланди. Аммо ҳали соҳада ҳал этилиши зарур бўлган масалалар
етарлича.
Жорий
йилнинг 14 апрель куни давлатимиз раҳбари раислигида уй-жой қурилиши ва
урбанизация соҳасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги
устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни йўналишдаги
долзарб масалалар таҳлил қилинди. Анчадан бери тўпланиб келаётган муаммолар
ўртага ташланди. Ўтган йиллар давомида ер ва кредит каби асосий масалалар ҳал
этилган бўлса-да, тадбиркорлар қурилишни бошлаш босқичида ҳалигача турли
тўсиқларга дуч келаётгани, бу жараёнлар ойлаб-йиллаб чўзилаётгани айтилди.
Уларнинг ечими бўйича таклифлар берилиб, урбанизацияни барқарор ривожлантириш
бўйича ягона ёндашув бўлиши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Давлатимиз раҳбари
урбанизация даражасининг ҳар 1 фоиз ўсиши иқтисодиётга камида 1 фоиз қўшимча
ўсиш олиб келиши, инвестиция оқими, бизнес ва стартаплар фаоллиги, меҳнат
унумдорлиги шунга мутаносиб равишда ортишини таъкидлади.
— Йиғилишда бош режадан тортиб, қурилишни якунлаш ва уни
эксплуатация қилиш масалаларигача таҳлилий кўриб чиқилди, — дейди қурилиш ва
уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов. — Очиғини айтганда, қурилиш
соҳасида камчиликлар етарлича. Олдинлари бетартиб қурилишлар бўлган, бош режа
тасдиқланмаган, айрим тадбиркорлар муаммоли қурилишлар қилиб қўйган ва ҳоказо.
Натижада аҳоли ва тадбиркорларни қийнаб келаётган кўплаб саволлар тўпланиб
қолганди. Шу боис, йиғилишга бир неча ой давомида катта тайёргарлик кўрилди. Бу
вақт давомида тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, фикрлари, таклифлари,
муаммолари эшитилиб, таҳлил қилинди. Бевосита соҳада ишловчиларнинг таклиф ва
ташаббуслари тўпланиб, давлатимиз раҳбарига тақдим этилди. Тадбирда қурувчилар,
архитекторлар, тадбиркорларнинг ўзи иштирок этиб, муаммоларни ўртага ташлади.
Давлатимиз раҳбари кўтарилган масалаларнинг барчасига аниқ ечимлар берди.
Масалан,
соҳадаги энг кўп учраётган муаммолардан бири қурилишга рухсат бериш тизими
билан боғлиқ. Ўтган йили бош режа йўқлиги важи билан ерни хусусийлаштириш
бўйича 112 минг аризанинг 14 фоизи, умумий ҳисобда эса қурилишга доир 2 миллион
600 мингдан зиёд аризанинг учдан бири рад этилгани, бу ҳолат ортида кўп
ҳолларда коррупция ва ортиқча бюрократик ғовлар тургани кўрсатиб ўтилди. Шу
боис, қисқа вақтда соҳадаги рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш,
аризаларга инсон омилисиз, бир неча дақиқада онлайн жавоб берадиган тизимга
ўтиш, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш вазифалари қўйилди.
Ҳозир
аҳоли ва тадбиркорлар аввал лойиҳалашга рухсат олиб, кейин
архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш учун алоҳида-алоҳида ариза
беради ва бунинг учун ойлаб вақт йўқотмоқда. Тошкент шаҳрида ушбу икки хизматни
бир босқичда кўриб чиқиш тажрибаси жорий этилган ва бу ҳужжатларни келишиш
муддатларини 3-4 карра қисқартиряпти. Эндиликда мазкур тажриба шу йилнинг 1
июлидан бошлаб барча ҳудудларда жорий этилади.
Очиқ мулоқотда очилган муаммолар
Ҳар
бир рақам ортида реал вазият турибди. Муаммо ва таклифларни эса бевосита соҳа
вакиллари, тадбиркорларнинг ўзи ўртага ташлаган. Уларнинг кўпчилиги йиғилишда
иштирок этиб, давлат раҳбарига ўзларини қийнаётган масалалар ҳақида гапирди,
таклифларини билдирди.
Яъни бу галги видеоселектор йиғилиши жуда катта форматда,
қурилиш соҳасидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот тарзида ўтказилди. Унда
жойлардаги студиялардан видеоалоқа орқали 500 дан зиёд тадбиркор, қурувчи,
лойиҳачи, архитектор ва урбанист иштирок этди. Кўпчилиги сўзга чиқиб,
мулоқотнинг фаол иштирокчисига айланди.
—
Компаниямиз 2025 йилнинг ўзида 100 минг квадрат метрдан ортиқ турар ва нотурар биноларни
ўз эгаларига топширди. 2026 йилда 200 минг квадрат метр уй-жой қуришни режа
қилганмиз, — деди Тошкент шаҳридаги “Lux city house” корхонаси раҳбари Воҳид
Мирзаев. — Давлатимиз раҳбари чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга олиб
келиб иш билан таъминлаш ҳақида кўп гапиради. Шундан келиб чиқиб, компаниямиз
ўтган йилнинг ўзида хориждан келган 3 минг кишини иш билан таъминлаб, муносиб
шароитларни яратиб берди. Жорий йилда бу кўрсаткични икки баробар ошириш
ниятимиз бор.
Йиғилишда
соҳа тадбиркорларининг муаммолари тингланиб, уларга энг мақбул ечимлар
берилганини кўриб, ниҳоятда руҳланиб ўтирдик. Рухсат олишдаги қийинчиликларни
бартараф этишдан тортиб, лизинг тизимидаги масалаларгача ҳал этиш топшириғи
берилди. Ўзим ҳам йиғилишда бизни қийнаётган асосий масалалардан бири — хориждан олиб келинадиган техника
учун тўланадиган бож тўловини камайтиришни сўрадим. Бу имтиёз кичик ва ўрта
корхоналар учун ҳам қулай бўлиши, уларда катта қурилишлар қилиш имконияти
ошишини айтдим. Қолаверса, чет элдан келадиган техника қанча арзон бўлса,
қуриладиган объектлар таннархи ҳам шунча тушади.
Давлатимиз
раҳбари тадбиркорнинг бу таклифи ўринли эканини билдириб, қўллаб-қувватлади.
Тегишли ташкилотларга хориждан олиб келинадиган техника воситалари рўйхатини
тайёрлаб, уларнинг бож тўловларини камайтириш бўйича топшириқ берди.
Маълумотларга
кўра, 2017 йилда ҳам Президентимиз топшириғи билан қурилиш ташкилотларига
хориждан махсус техника олиб кириш бўйича имтиёз берилган. Натижада ўша даврда
соҳада катта ўсиш кузатилиб, юртимизга кўплаб замонавий техника кириб келди.
Энди тадбиркорларнинг таклифи билан бу имтиёз қайта қўлланилади.
Кўплаб
масалалар ана шундай очиқ мулоқотлар, давлатимиз раҳбарининг тадбиркорларни
доимий эшитиши, фикрларини қўллаб-қувватлаши ортидан ҳал этилаётгани ва бу
халқимиз учун ҳам манфаатли бўлаётгани айни ҳақиқат. Шунинг учун юртимиздаги
ҳар бир соҳа тадбиркори Президентимиз билан бўладиган шундай учрашувларни
интиқлик билан кутади. Боиси, ҳар гал очиқ мулоқотдан сўнг халқимиз ва
тадбиркорларни қувонтирадиган катта ташаббуслар илгари сурилиб, янги имтиёзлар
амалиётга жорий этилади.
Наманганлик
тадбиркор Қобил Турсунов ҳам очиқ мулоқотдан унумли фойдаланиб, давлатимиз
раҳбарига ўз лойиҳалари, янги мақсадлари ҳақида гапирди. Соҳа вакилларига
берилаётган янги имтиёзлардан руҳланганини айтиб, мавжуд имкониятлардан
фойдаланган ҳолда Наманган шаҳрида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида
қуришни режалаштирган 4 800 та хонадонни йил охиригача 10 мингта қилиб топшириш
ниятидалиги ва буни Президентимизга кўрсатиш истагини ҳаяжон билан гапирди.
Давлатимиз раҳбари эса тадбиркорнинг бу каби йирик лойиҳалари ва меҳнатларини
эътироф этди.
—
Биз, наманганлик тадбиркорлар доим давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватловини
ҳис қилиб турамиз, — дейди “Toshbuloq invest group” ҳамда “Orzu city”
компаниялари раҳбари Қобил Турсунов. — Бугун юртимизнинг энг чекка ҳудудларида
ҳам қурилишлар кўлами, шиддати авжида. Булар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ.
Имконият, шароит, муҳит бўлмаса, бундай катта бунёдкорликлар бўлиши қийин.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари соҳа вакилларига берилаётган енгилликлар ҳақида
гапирганида янада қувондим. Масалан, аукцион орқали олинадиган ер участкаларини
бошланғич 15 фоиз тўловни амалга оширган ҳолда, қолган 85 фоизини фоизсиз бўлиб
тўлаш имконияти яратилди. Авваллари бошланишига 35 фоиз тўлаб, қолганига 14
фоиз устама тўланар эди. Фоизсиз бўлиб тўлаш маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам,
инвесторлар учун ҳам катта имконият. Бу ишбилармонларнинг молиявий юкламасини
енгиллаштириб, тежаб қолинган маблағни қурилиш ишлари ва ўз фаолиятини янада
кенгайтиришга сарфлашига хизмат қилади.
Тадбиркорлардан,
айниқса, қурилишга рухсат олиш тизимининг ниҳоятда мураккаблиги ва жараёндаги
сансоларликлар билан боғлиқ саволлар кўп тушгани кузатилди. Афсуски, кейинги
йилларда бу масала қурувчилар, архитектор ва лойиҳачиларнинг асосий муаммосига
айлангани яққол кўринди. Тадбиркорларнинг айтишича, қурилишни бошлаш бўйича
киритилган аризалар қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилмайди,
арзимаган сабаблар билан рад этилади. Жойларда шаҳарсозлик кенгашига аъзо
идоралар ўртасида ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик йўқлиги ҳам сансоларликни келтириб
чиқараётган асосий муаммолардан бири.
Шу
боис, йиғилишда мутасаддиларга қурилишга рухсат олишдан тортиб, объектни
фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнларни чуқур таҳлил қилиб,
талаблар, муддатлар ва тўловларни камида икки баробар қисқартириш бўйича қарор
лойиҳасини киритиш топширилди. Шаҳарсозлик кенгашига эса Тошкент шаҳри ва
вилоят ҳокимларининг ўзи бошчилик қилиши, тадбиркорнинг масаласига якуний ечим
бериладиган тизим жорий этилиши белгиланди.
“Таклиф ва саволларимиз давлатимиз
раҳбарига етиб борганидан қувондик”
Очиқ
мулоқотни интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам кўплаб тадбиркорлар қизғин
кузатиб борди. Нафақат қурувчилар, балки лойиҳачи, архитектор ва соҳанинг бошқа
вакиллари йиғилиш бўйича фаол муносабатини билдирди. Ҳатто баъзилари ижтимоий
тармоқлар орқали видеомурожаат қилиб, айни йиғилишда тадбиркорларни анчадан
бери қийнаб келаётган муаммолар ўртага ташлангани, улар билдирган таклифларга
давлатимиз раҳбари томонидан ечимлар берилганини хурсандчилик билан гапирди. 20
йиллик тажрибага эга архитектор Миродил Жамолов билан суҳбатлашганимизда,
ҳаяжон ва таассуротлари ҳали кетмагани сезилди.
Миродил ЖАМОЛОВ,
Тошкент шаҳридаги “Memorial Architectural
Project” (MAP) компанияси раҳбари:
— Давлатимиз раҳбарининг қурилиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини интернет тармоқлари орқали кузатдим ва жуда хурсанд бўлдим. Чунки йиғилишда кўтарилган аксарият масалалар ўзимиз — бизнес эгалари томонидан ўртага ташлангани, бевосита давлатимиз раҳбарига тақдим этилгани икки карра қувонарли. Чунки соҳанинг ичида юрган одамлар бу муаммоларга кўпроқ дуч келади. Шу йилнинг 10 апрель куни Савдо-саноат палатаси ҳамда Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш Миллий қўмитаси томонидан ўтказилган мулоқотда ана шундай оғриқли масалаларни ўртага ташлагандик. Саволларимиз Президентимизга етказилиб, йиғилишда бевосита тадбиркорлар билан таҳлил асносида муаммолар ечими берилганидан хурсанд бўлдик.
Тўғриси, қурилиш соҳасида қийинчиликлар, камчиликлар етарлича. Айниқса, қурилишга рухсат олиш жараёнлари жуда кўп вақт олади. Аризани
12 тадан 20 тагача ташкилот кўриб чиқиб, ижобий хулоса берганидан кейингина рухсатнома берилади. Бизники каби компаниялар архитектура лойиҳаларини ишлаб чиққанидан кейин уни шаҳарсозлик кенгаши тасдиқлаши учун ҳам 20 га яқин ташкилот кўриб чиқиши керак. Натижада шу жараённинг ўзига 2-3 ой вақт кетиб қолади. Ваҳоланки, қонунчиликда ҳар бир жараённи кўриб чиқиш муддатлари белгиланган. Бироқ мутасадди ташкилотлар томонидан бу муддат талаблари бузилиб, лойиҳалар ойлаб осилиб ётади. Бу тадбиркорнинг катта вақт ва маблағ йўқотилишига олиб келади, иш чўзилиб кетади.
Яна бир оғриқли муаммо мурожаатларнинг кўпинча очиқ қолдирилиши билан боғлиқ. Тўғриси, шу пайтгача жуда кўп масалаларда мутасадди ташкилотларга чиққанимизда, ҳеч қандай ечим берилмаган. Давлатимиз раҳбари тизимдаги кўплаб мурожаатлар салбий жавоб билан ёпилганини таъкидлагани бежиз эмас. Ваҳоланки, ҳамма қатори биз ҳам халқ учун ишлаймиз ва мурожаатларимиз шулар билан боғлиқ. Муаммолар эътиборсиз қолдирилиши эса нафақат соҳадаги, балки мамлакатдаги ривожланишларни орқага тортиши мумкин. Чунки қурилиш соҳаси юртимиз иқтисодиётининг драйверига айланган. Бу нафақат иқтисодий самарадорлик ва иш ўрни яратиш имкониятлари, балки мамлакатнинг шаҳарсозлик қиёфаси, архитектураси билан боғлиқ.
Бугун
архитектор ва тадбиркор сифатида ана шу жараёнларда бевосита иштирок
этаётганимдан қувонаман. Корхонамиз архитектура йўналишида лойиҳалаш, биноларни
техник кўрикдан ўтказиш хизматларини кўрсатади. Йиллик савдо айланмаси 1
миллиард сўмдан юқори. Бизнинг асосий тамойилимиз маданий анъаналарни
инновацион технологиялар билан уйғунлаштиришга қаратилган. Ҳар бир меъморий
ечим маҳаллий қадриятларни чуқур англашдан бошланади ва бу одамларни
илҳомлантирадиган ноёб меъморий обидаларни яратиш имконини беради.
Бугунга қадар юртимиз ва хориж давлатларида мингдан ортиқ
лойиҳа, жумладан, тижорат ва турар жой объектлари қурилишини амалга оширдик.
Юртимиз қурилиш соҳаси ривожи ортидан фаолиятимиз ҳам кенгайиб боряпти.
Замонавий стандартлар эса биздан янгича ёндашувларни талаб этмоқда. Масалан,
кейинги йилларда қурилишни лойиҳалаштиришда нафақат эстетика ва тежамкорлик уйғунлиги,
балки атроф-муҳитга зарар етказмаслик, экологик жиҳатлар ҳам муҳим талабга
айланган. Шаҳарсозлик меъёрларида “яшил” ҳудудлар яратишга катта эътибор
қаратилмоқда.
Яъни
бугун қурилиш лойиҳаларини шунчаки яратиб бўлмайди, ҳар бир жиҳат аниқ кўрсатилиши
керак. Бу эса архитектурани нафақат санъат, балки қурилишларнинг асосий қисмига
айлантиради. Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида кўплаб
лойиҳачилар иштирок этгани боиси шунда.
Йиғилишни
кузата туриб, юртимизда кўплаб соҳа вакилларининг касб байрами борлиги, аммо
архитекторлар нишонлайдиган алоҳида сана мавжуд эмаслиги хаёлимдан ўтди. Очиқ
мулоқотда иштирок этганимда, давлатимиз раҳбарига ана шу таклифни билдирган
бўлардим. Бу шаҳарлар қиёфасини яратишга ҳисса қўшаётган архитекторлар учун
катта шараф ва рағбат бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
* * *
Шундай қилиб, юртимиз қурилиш соҳасидаги тўпланиб қолган кўплаб муаммолар ўртага ташланиб, ечимлари берилди. Ана энди соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқиш керак. Ҳар ҳолда тадбиркорлар оғриқли масалалардан қутулиб, янада шиддат билан ишлашга шайланган. Иш жараёнида кузатиладиган турли масалалар бўйича мутасаддиларга мурожаатлар эса доимий давом этади. Чунки соҳадаги барча муаммони бир вақтда узил-кесил ҳал этишнинг имкони йўқ, янги вазифалар билан бирга янги масалалар ҳам ўртага чиқаверади. Шунчаки уларни ҳал этишнинг тизимли механизми йўлга қўйилиши керак.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири