Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ Доимий кенгашининг қарори билан ҳар йили туркий давлатлардаги шаҳарлардан бири “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилинади. Бу ана шу шаҳарлар тимсолида ҳар бир мамлакатнинг ўзига хослиги, маданияти, санъати, анъана ва қадриятларини халқаро миқёсда янада кенг тарғиб этишга улкан имконият яратади.

Ўтган даврда Остона, Эскишаҳар, Қозон, Мари, Шеки, Туркистон, Кастамону, Ўш, Хива, Бурса, Шуша, Анау, Ақтау шундай шарафли мақомга эга бўлди.

ТУРКСОЙ Доимий кенгашининг 2025 йил ноябрда Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида бўлиб ўтган 42-йиғилишида “Андижон — 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилинди.

Шу муносабат билан жорий йилда ўтказиладиган халқаро тадбирлар олдидан Андижоннинг Бобур шаҳридаги амфитеатрда тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Унда қатор қардош ўлкалар маданият вазирлари ва уларнинг ўринбосарлари, ТУРКСОЙ бош котиби, кўплаб халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, фахрийлар, ёшлар қатнашди.

Президентимиз Андижон шаҳрининг “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилиниши доирасида ўтказилаётган халқаро тадбирлар иштирокчиларига табрик йўллади. Бу нафақат ушбу маросимнинг нуфузини оширди, балки Ўзбекистоннинг туркий дунё бирлигига, ҳамжиҳатлигига, қолаверса, ТУРКСОЙ фаолиятига нақадар катта эътибор қаратаётганининг ёрқин тасдиғи бўлди.

Табрикда таъкидланганидек, Андижон шаҳрининг бундай юксак шарафга муносиб кўрилгани Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий-маънавий мероси, юртимизнинг туркий маданият ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги яна бир эътирофидир.

Сўнгги йилларда Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаган оқилона сиёсати туфайли Ўзбекистон туркий оламда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, қардош халқлар ўртасидаги азалий ришталарни янги босқичга олиб чиқишда фаол ташаббускорлардан бири сифатида эътироф ­этилмоқда.

Фаолиятим сабаб туркий оламга дахлдор жуда кўплаб халқаро маданий тадбирлар, илмий анжуманлар, учрашув ва мулоқотларда қатнашаман. Ана шундай нуфузли тадбирларда шахсан гувоҳман: Ўзбекистоннинг бугунги шиддатли тараққиёт йўли, инсон манфаатларини таъминлаш, соҳалар ривожига қаратилаётган эътибор ҳавас билан тилга олинади. Танаффусларда, бир финжон қаҳва устидаги суҳбатларда ҳам таниқли экспертлар, расмий доира вакилларига ўзимни Ўзбекистон вакили сифатида таништирганимда чеҳраларга дарров табассум югуриб, кўпроқ гаплашишга ошиқади. Юртимиз ҳақида фикр билдирганда, “Шавкат Мирзиёев — бугунги даврнинг жуда кучли ва донишманд сиёсатчиси. Халқини ўйлайдиган, унинг манфаатлари ва фаровонлиги учун қайғурадиган, мамлакатини жаҳонга очган ва туркий дунё бирлигига улкан ижобий таъсир кўрсатаётган замонамизнинг буюк давлат арбобидир. Шундай лидерингиз борлиги билан ҳақли равишда фахрлансангиз арзийди”, деган эътирофларни эшитамиз.

Албатта, бундай гаплардан қалбимиз чексиз ғурурга тўлади. Шу билан бирга, нафақат фахрланиш, балки зиммамизда жуда катта масъулият турганини ҳам қайта ва қайта ҳис қиламиз. Андижондаги тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев мамлакатимиздаги янгиланишлар жараёни ҳақида самимий фикрларини билдириб, жумладан, бундай деди:

“Сўнгги йилларда ҳурматли Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда олиб борилаётган тарихий ислоҳотларни, барча соҳада эришилаётган улкан натижаларни биз, қардош халқлар катта хурсандчилик билан кузатиб бормоқдамиз.

Бугун нафақат Марказий Осиёда, балки бутун туркий дунёда мутлақо янги, самимий ва дўстона муҳит юзага келишида, қардошлик муносабатлари мустаҳкамланишида Ўзбекистоннинг роли ва аҳамияти беқиёс.

Янги Ўзбекистоннинг жаҳондаги ўрни тобора юксалиб бораётгани, айниқса, инсон онги ва тафаккурини тарбиялайдиган маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ­ривожига катта эътибор берилаётгани, ижодкорлар учун кенг имкониятлар яратилаётгани ­ТУРКСОЙ оиласи сифатида бизни ҳам ниҳоятда қувонтирмоқда.

Биргина мисол келтирмоқчиман. Яқинда Шавкат Миромонович Ўзбекистон маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан тарихий учрашув ўтказди. Биз ҳам ушбу учрашув тафсилотларини катта қизиқиш билан кузатдик. Унда соҳадаги муаммоларга ечим топиш, адабиёт, маданият, санъат ва креатив иқтисодиётда янги босқичга кўтарилишга хизмат қиладиган кўплаб ташаббуслар илгари сурилди.

Ижодкорларни ва ёш истеъдодларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир таклифлар билдирилди. Кўп ўтмай, Ўзбекистон раҳбарининг маданият ривожига қаратилган тарихий фармони қабул қилинди. Бундан ташқари, Шавкат Миромонович соҳанинг кўплаб илғор вакилларини, марҳум ижодкорларни давлат мукофотлари билан тақдирлади.

Ўзбекистонда ижод аҳлининг шундай буюк ҳомийси, ҳимоячиси борки, бу нафақат ҳавас қилишга, балки олқишлашга арзийди!”.

Мамлакатимиз Туркий давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиб кирганидан сўнг барча соҳалар сингари ТУРКСОЙ фаолияти доирасидаги ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 10 ноябрдаги “ТУРКСОЙ тузилмаси ва фаолият кўрсатиш принциплари тўғрисидаги шартномани (Олмаота, 1993 йил 12 июль) ратификация ­қилиш ҳақида”ги қонуни билан мамлакатимизнинг ушбу халқаро ташкилотдаги фаолияти ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

Аъзо давлатлар, жумладан, Ўзбекистонда туркий мамлакатлар маданияти ва санъати кунлари, ёшлар ва театр фестиваллари, ижодий форумларни ўтказиш анъанага айланди. Ташкилот доирасидаги илмий-маърифий анжуманлар, туркий тиллар ва адабиётлар ривожига бағишланган халқаро конференциялар, маданий тадбирлар ва лойиҳаларда Ўзбекистон вакиллари фаол қатнашмоқда.

Ўзбекистоннинг ўзига хос бренди даражасига кўтарилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Халқаро мақом санъати анжумани, “Шарқ тароналари” ва “Лазги” фестивалларида ТУРКСОЙга аъзо давлатлар ижодкорлари мунтазам иштирок этмоқда.

Ташкилот томонидан ўзбек халқининг буюк шоир ва мутафаккирлари, тарихий шахслари таваллуд санаси ҳам кенг нишонланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғуломнинг “Осмон тўла юлдузлар” асари, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг танланган ҳикоялари, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг сайланмаси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоннинг “Бунчалар ширинсан, эй аччиқ ҳаёт!” китоби ва бошқа қатор ўзбек адабиёти намуналари турк тилига таржима қилинди.

Мамлакатимиз ташаббуси билан нашр этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдли китоблар туркумининг Анқара шаҳрида тақдимоти ўтказилди.

Ўтган йили юртимизда Туркистон жадидлик ҳаракати асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланди. Мазкур эзгу ташаббусга ТУРКСОЙ муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Туркиянинг Aнқара шаҳрида “Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Туркистон жадидлик ҳаракати” мавзусида халқаро илмий анжуман ташкил этди ва унинг доирасида улуғ аждодимизнинг турк тилида чоп этилган танланган асарларини адабиёт ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилди.

Жорий йил февралда ТУРКСОЙ Бош қароргоҳида Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги кенг нишонланди. ТУРКСОЙ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Туркия Ёзувчилар уюшмаси ва Анқара ижтимоий фанлар университети ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларда ташкилотга аъзо давлатларнинг таниқли олимлари, тадқиқотчилари, шоир ва ёзувчилари қатнашди. Бу тадбир Навоий меросини халқаро миқёсда янада кенг ўрганиш ва тарғиб этишда муҳим қадамлардан бўлди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу йил Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда. Хусусан, 2026 йил 9-10 апрель кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий конференция юксак савияда ўтказилди. Мазкур нуфузли халқаро тадбирда ТУРКСОЙ кўмагида ташкилотга аъзо давлатларнинг темуршунос олимлари ва мутахассислари фаол иштирок этди.

Эътиборлиси, айнан ушбу халқаро анжуман доирасида ТУРКСОЙ учта муҳим янгиликни эълон қилди. Жумладан, Ўзбекистон томонидан нашр этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” туркуми туркий халқлар адабиёти тарғиботига бағишланган “Энг яхши адабий лойиҳа”, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази “Туркий дунёнинг энг яхши музейи” сифатида эътироф этилиб, махсус сертификатлар топширилди. Шу билан бирга, марказнинг Ислом цивилизацияси тарихи музейи ТУРКСОЙ Музейлар бирлиги аъзолигига қабул қилиниб, махсус сертификат тақдим этилди.

Илмий-маънавий меросни пухта ўрганиш ва тарғиб этиш учун Тошкент шаҳрида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ТУРКСОЙнинг офиси очилгани ҳам диққатга сазовор. Буни давлатимиз раҳбари бир неча бор юксак минбарларда туриб эътироф этди. Андижонга йўлланган табрикда ҳам ушбу янгилик яна бир бор тилга олинди. Яъни Ўзбекистон ТУРКСОЙ фаолиятига ва уни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратмоқда. Мана шу эътиборни қадрлаб, Президентимиз илгари сурган ташаббуслар ижросини таъминлаш мақсадида ҳозир Ислом цивилизацияси маркази билан биргаликда фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз.

Туркий дунёнинг маданият пойтахти доирасида Андижонда қатор халқаро тадбирлар, илмий анжуманлар, фестиваллар, учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Улардан бири — ТУРКСОЙ ташаббуси ва Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлигининг қўллаб-қувватлови билан “Андижон полкаси” рақсининг “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилишига қаратилган лойиҳадир.

“Андижон полкаси” миллий рақс санъатимизнинг ёрқин намунаси бўлиб, ўзининг шиддатли ритми, жўшқин ҳаракатлари ва бетакрор мусиқаси билан ажралиб туради. У нафақат ижрочисига, балки томошабинига ҳам бирдек завқ, шодлик ва қувонч ҳиссини бағишлайдиган бетакрор рақс туридир.

Андижон шаҳридаги “Бобур арена” стадионида ташкил этилган оммавий рақс натижаларига кўра, халқаро ҳакам “Андижон полкаси” “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилганини расман тасдиқлади ва тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ҳамда Андижон вилояти ҳокимига бу ҳақдаги махсус сертификатни топширди. Бундан ташқари, хорижий давлатларда ҳам Андижон тақдимотига бағишланган тадбирлар ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Президентимиз табригида шу каби лойиҳаларга алоҳида урғу берилиб, бир йил давомида мамлакатимиз ва қардош юртларда ўтказиладиган фестиваль ва илмий анжуманлар, бадиий кеча ва ижодий учрашувлар маданий ҳаётимизда чуқур из қолдирадиган, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлайдиган, ёш авлод учун кенг имкониятлар очадиган унутилмас воқеа бўлиб қолади деб ишонаман дея қайд этилди.

Бу ишонч барчамизга катта куч ва масъулият бағишлайди.

Шавкат ОРТИҚОВ,

Ўзбекистоннинг ТУРКСОЙдаги вакили