2 сентябрь куни Чорвоқ сув омборининг муҳофаза этиладиган ҳудудида бир оилага тегишли уч киши чўкиб кетгани ҳақида хабар бергандик.

Ҳодиса жойига ўша куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги куч ва воситалари жалб қилиниб, қидирув-қутқарув ишлари узлуксиз давом эттирилмоқда.

Қутқарув отряди командири Рустам Бўриевнинг маълум қилишича, оила аъзолари катерда сайр қилиш учун сув омборига чиққан. Улар сув бўйида суратга тушиш мақсадида чўмилиш тақиқланган ҳудудда тўхтаган ва кейинчалик сувга тушган.

Чўмилиш вақтида улар қутқарув жилетларидан фойдаланмаган. Шу пайтда сувда тўлқин ҳосил бўлган ва оила аъзоларидан бирининг оёғида томир тортишиб, чўкиш ҳолати юзага келган. Уни қутқариш мақсадида отаси ва яна бир ўғли ҳам сувга тушган.

Катерни бошқараётган ҳайдовчи уларни жилетсиз сувга тушмаслик ҳақида огоҳлантирган. Бироқ оила аъзолари бу тавсияга амал қилмаган.

Ҳодиса вақтида катерда оиланинг аёл аъзолари ҳам бўлган. Улар атрофдагилардан ёрдам сўраган. Катер ҳайдовчиси ҳам сувга тушиб, фуқароларни қутқаришга ҳаракат қилган, аммо бунинг иложи бўлмаган.

Айни пайтда қидирув-қутқарув ишларига бешта қутқарув отряди ва сувда ҳаракатланаётган еттита қутқарув бригадаси жалб қилинган. Шунингдек, Сурхондарё ва Жиззах эмас, Сirdaryo ва Жиззах вилоятларидан қутқарув отрядлари ҳам жалб этилган. Ҳодиса жойида махсус штаб ташкил қилинган.

Қутқарувчилар фуқароларни Чорвоқ сув омборида фақат чўмилиш учун белгиланган махсус ҳудудлардан фойдаланишга чақирди.

Мутахассислар катер ёки скутерда сув бўйлаб сайр қилишда махсус гувоҳномага эга ҳайдовчи ва инструктор бўлиши, шунингдек, барча йўловчилар қутқарув жилетлари ҳамда зарур ҳимоя воситаларидан фойдаланиши шартлигини эслатди.

Қутқарувчиларнинг таъкидлашича, оддий хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оғир ва аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.