1991 йилнинг 31 августи биз учун ана шундай тарихий бурилиш палласи бўлиб қолди. Зеро, халқимиз айни шу куни ўз мустақиллиги, истиқлолини қўлга киритди, миллат сифатида қайта туғилди.

Янги Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар эса инсон қадрини тиклади, одамларга чинакам ҳурликни қайтариб берди. Шу маъ­нода, мустақиллик қалбимизда, онг-шууримизда, тақдиримизда чуқур илдиз отаверади, унинг солномаси Ўзбекистон номи би­лан аталаётган ғалабалар, жаҳон эътиборига тушган ютуқлари­миз билан бойиб бораверади. Бу йилларнинг ҳар куни, ҳар лаҳ­заси маъно-моҳиятига кўра, “умр дафтарини шоҳ сатрлар билан безаш” ва бу безакдан дунёни ҳайратга солиш даври бўляпти.

Айниқса, сўнгги йилларда Президенти­миз бошчилигида барча соҳадаги кенг кў­ламли ва изчил ислоҳотлар она Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш, одам­ларнинг давлатдан рози бўлиб яшаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишларга янгича мазмун бахш этди. Натижада юртдошларимиз турмуш тарзи, ҳаёти бутун­лай ўзгарди, юртимиз янгича қиёфа касб этиб бораётир.

Бу йил Ўзбекистон Республикаси муста­қиллиги эълон қилинганига 35 йил тўлади. Шу муносабат билан жорий йил 2 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президен­тининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўт­казиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат билан истиқлолимизнинг шонли санасини юксак савияда ўтказиш, ушбу улуғ байрамни муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда юртимиз мустақиллигининг ул­кан сиёсий, тарихий ва маънавий-маърифий аҳамиятини инобатга олиб, мазкур айёмни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш, шунингдек, қатор йўналишлар бўйича “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва кела­жак яратамиз!” ғоясини ўзида мужассам эт­ган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўт­казиш юзасидан зарур вазифалар белгиланди.

Умумий мақсад ва орзуларимизни мужассам этган ушбу вазифалар ижроси халқимиз ўртасидаги бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, айниқса, ёшлар орасида миллий руҳни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаш тарихий бир воқеа эмас, балки келажагимиз учун муҳим йўл харитасини белгилашдир.

Ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар жа­миятнинг ҳар бир аъзоси учун, у қайси соҳа­да меҳнат қилмасин, ҳаётда, ижтимоий ёки ижодий фаолиятда ўзини тўла намоён этиш, янгиланган Конституцияда белгилаб қўйил­ган ҳуқуқ ва эркинликларидан тўла фой­даланиш имкониятини берди. Ислоҳотлар шабадаси, энг аввало, ҳуқуқ бўлиб онг-шуу­римизга сингди. Натижасини бугун одамлар­нинг дунёқараши, фикри-зикри, турмуш тар­зида кўриш мумкин. Ҳар бир юртдошимизда ҳаракат, интилиш, яратиш иштиёқи бор. Бу­гунгидан-да фаровон ҳаёт, ёруғ келажакка ишонч мустаҳкам.

Кейинги йилларда бошланган қурилиш­лар, деярли қайта қурилган шаҳарларимиз, қишлоқларимизнинг замонавий кўрини­ши, йўлсозлик, кўприксозлик, шаҳарсозлик илми, тадбиркорлик ва ишбилармонликнинг бениҳоя ривожланиши, илм-фан, маданият ва санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришилаёт­ган ютуқлар, ёш авлоднинг зафарлари, мил­латлараро аҳил-иноқлик, бағрикенглик, ҳеч шубҳасиз, истиқлол шарофати.

Ислоҳотлар жараёнида “Халқ давлат идо­раларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойилини жорий этишга устувор аҳамият берилмоқда. Бу ҳам бежиз эмас. Чунки мамлакатимизда давлат ва ҳокимият идоралари узоқ вақт давомида халқ ҳаётидан узилиб қолганди. Бинобарин, дав­лат ва унинг органлари, аввало, халққа хиз­мат қилиши керак. Бундай давлат ва жамият­нинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий илдизлари мустаҳкам ва бақувват бўлади. Шу сабабли халқнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини вақ­тида ва самарали ечиш, ҳаёт даражаси ва си­фатини яхшилаш барча ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди.

Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Вазир ва ҳокимлар, барча бўғиндаги мансаб­дор шахслар фуқаролар билан юзма-юз уч­рашиб, уларнинг дарду ташвишлари билан қоғозда эмас, амалда жиддий шуғулланмоқ­да. Мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳ­нати, ишсизлик, камбағаллик, коррупция, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ муаммолар очиқ тан олиниб, бирин-кетин бартараф этиляп­ти. Натижада одамларда адолатга, ҳақиқатга ишонч пайдо бўлди. Турли даражадаги раҳ­бар ва мансабдорларнинг фаолиятига ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали холисона баҳо берилмоқда. Асосийси, одамлар, жа­мият уйғонди.

2016 йил сентябрда Бош вазир виртуал қабулхонасининг ташкил қилиниши халқ ва давлат ўртасидаги тўсиқларни олиб ташлаш имконини берди. Одамларнинг дарди тўғри­дан тўғри Президентга етиб борадиган бўл­ди. Натижада реал ҳаёт, ҳақиқий муаммолар борича намоён бўлди!

Бундай ёндашув, бошқарувнинг халқона тутуми, ўз навбатида, жамият ривожи учун аниқ чоралар ишлаб чиқишга хизмат қилди. Халқ ва давлат ўртасидаги алоқалар мустаҳ­камланди, ҳақиқий демократия тамойиллари амалда ишлай бошлади.

Ҳозир кўпчилик салкам ўн йил аввалги ўша ҳолатларни эсдан чиқарган бўлиши мум­кин. Жамиятимиздаги бугунги очиқлик му­ҳитини ҳар доим ҳам сезавермаймиз, балки олдинги давр билан таққослагандагина анг­лай оламиз.

Бугун ислоҳотлар самараси ҳақида гап кетганда, “Инсон қадри” тамойили асоси­даги катта ютуқларимиз билан бир қаторда солиқ тизимидаги янгиланишлар, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммоларнинг бартараф этилиши, банк-молия соҳасидаги ўзга­ришлар, халқаро молия операцияларининг жаҳон андозалари асосида амалга ошири­лиши, туризм ривожланиши каби кўплаб мисолларни ишонч билан тилга олиш мум­кин.

Иқтисодий йўналишдаги янгиланишларга назар солар эканмиз, аввало, валюта бозори либераллаштирилганини алоҳида қайд этиш ўринли. Чунки узоқ вақтдан буён валютанинг эркин конвертацияси бўлмаганди. Ҳозир корхоналар импорт операцияларини амалга ошириш учун бемалол валюта харид қилиш имконига эга.

Буни муҳим дейишимизнинг сабаби шуки, иқтисодиётнинг эски модели бутун­лай конвертациянинг йўқлигига боғланган, конвертация тизими энг коррупциялашган соҳа эди. Бу эски моделнинг ўзаги эди. Мана шу асос олиб ташлангач, эски андоза ўз-ўзи­дан қулай бошлади, янги ислоҳотларга йўл очилди.

Иқтисодиёт соҳасидаги биринчи ўзгариш валютанинг либераллашуви бўлса, иккин­чи энг муҳим янгилик пул муомаласидаги ислоҳотлардир. Натижада чет эл инвесторла­ри Ўзбекистонга кела бошлади. Ушбу исло­ҳотлар билан бир қаторда ташқи иқтисодий фаолият эркинлиги таъминланиб, бизнес учун маъмурий тўсиқлар олиб ташланди.

Эркин конвертация, аввало, халқаро савдо муносабатларининг тўлақонли аъзоси бўлиш учун керак. Зеро, фақат шу орқали халқаро меҳнат тақсимотида иштирок этиб, ундан келиб чиқадиган фойда ва имтиёзларга эга бўлиш мумкин.

Тараққиёт стратегиясидаги инсон қадрини юксалтириш, халқпарвар давлат барпо этиш­га оид устувор мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш давлат органлари фаолияти сама­радорлигини янада оширишни тақозо этди. Президентимизнинг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғриси­да”ги фармони ушбу муаммоларга ўзига хос ҳуқуқий ечим бўлди дейиш мумкин. Хусусан, мазкур ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил фаолият юритувчи респуб­лика ижро этувчи ҳокимият органлари сони 61 тадан 28 тагача, жумладан, вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқартирилди. На­тижада 1,5 триллион сўмдан ортиқ бюджет маблағлари иқтисод қилинишига эришилди ва штат бирликларини мақбуллаштириш ҳи­собига бўшаган маблағлар ижтимоий масала­ларни ҳал этишга йўналтирилди.

Ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилди. “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамо­йили янги таҳрирдаги Конституциямизда мус­таҳкамланганини алоҳида эътироф этиш зарур. Бунда камбағалликни қисқартириш муҳим ўрин тутади. Ўзбекистонда камбағаллик муам­мосини ҳал этиш ижтимоий сиёсатда алоҳида ўрин эгаллайди. Унга қарши фаол кураш 2020 йилда мамлакатимиз ушбу ҳолатни расман тан олган пайтда бошланган эди. Ўшанда аҳоли­нинг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшарди. Кредит, субсидия, компенсация каби 100 дан зиёд хизматлар орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизими йўлга қўйил­гани ва улар “маҳалла еттилиги”га берилгани натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камба­ғалликдан чиқди. Бошқача айтганда, 2025 йил якунида юртимизда камбағаллик даражаси 5,8 фоизга тушди.

Бундай натижаларга эришишда аҳолини замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларга муносиб иш ўринларини яратиш, тадбир­корликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш­га қаратилган тизимли ва узоқни кўзлаган сиёсат ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Камба­ғалликни камайтириш аҳолида тадбиркор­лик руҳини уйғотиш, касбга тайёрлаш ва иш ўринларини кўпайтиришга қаратилган комплекс вазифадир.

Ижтимоий ҳимоя ҳақида гапирганда, пенсионерлар манфаати кучли ҳимояга олинганини ҳам эслаш жоиз. Ҳозир аҳоли­мизнинг қарийб 11 фоизи пенсия ва нафа­қа олади. Бундан тўққиз йил муқаддам эса пенсионерлар 3 миллион бўлган. Сўнгги вақтда пенсия ва нафақа олувчилар сони йи­лига 200-250 минг нафарга ўсиб бормоқда. Уларнинг сони ортиши билан пенсия тизи­мида ҳам бир қанча ўзгартиришларга эҳ­тиёж сезилди. 2017 йилгача пенсионерларни қийнаб келган муаммолардан бири — уларга пул нақд шаклда берилмаётганида эди. Ўша йили 1 февралдан бошлаб мазкур масала ечим топди — пенсия ва нафақалар истал­ган шаклда, нақд ёки пластик карта орқали берила бошлади. Шу билан бирга, 2019 йил­дан бошлаб нафақаси тўлиқ сақлаб қолинган ҳолда пенсионерларнинг ишлашига ҳам им­кон берилди.

Кейинги йилларда инсон ҳуқуқ ва эркин­ликларини таъминлаш борасида сўз борган­да, биринчи навбатда, хотин-қизларнинг ўқи­ши, билим олиши, меҳнат қилиши, уларнинг соғлиғини сақлаш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенглик бўйича қилинаётган кенг кўламли ишлар тилга олинмоқда. Бу­нинг сабаби оддий, албатта. Чунки дунёдаги ҳар қандай халқ, давлат ва жамиятнинг тарақ­қиёт ва маданият даражаси, аввало, хотин- қизларга муносабат билан белгиланади. Зеро, хотин-қизлар барча соҳа ва тармоқларда эр­каклар билан тенг ҳуқуққа эга, юксак ҳурмат- эҳтиромда яшаган мамлакатда, албатта, тинч­лик, ҳамжиҳатлик, ўсиш ва юксалиш бўлади. Шу боис, жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этаётган, турли соҳаларда юқори натижалар­га эришаётган, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган опа- сингилларимиз ҳар йили давлатимизнинг юксак мукофотлари, шунингдек, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланмоқда. Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган қизларнинг сони 400 га яқин­лашгани ҳам ана шундай ишлар қаторига киради.

Ислоҳотлар туфайли ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг Марказий Осиё мин­тақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда янги Ўзбекис­тонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш кучайди. Би­ринчи навбатда, қўшни давлатлар билан му­носабатларимизда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилди. Чегаралар очилди. Қўшниларимиз билан узилиб қолган алоқалар тикланиб, бир мамлакатдан иккин­чи давлатга эмин-эркин бориб кела бошла­дик. Виза масалалари ҳал этилди.

Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда. Азал- азалдан ўзаро қардош ва биродар мамла­катларимиз кўпгина минтақавий ва глобал масалалар, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт бўйича яқин ҳамкорликда ҳаракат қила бош­лади. Жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” ибораси пайдо бўлди.

2025 йил ноябрда Тошкентда бўлиб ўт­ган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви бу жараёнга янги мазмун ва куч бағишлади. Ана шу ми­солларнинг ўзиёқ ички ва ташқи сиёсатнинг нақадар боғлиқ ва ҳамоҳанг эканини кўр­сатади. Энг муҳими, ички ва ташқи сиёса­тимиздаги ана шундай уйғунлик халқимиз манфаатларини кўзлаб амалга оширилмоқда ва натижасини оддий одамлар ўз ҳаёти ва тақдирида ҳис этмоқда.

Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкило­тига 2019 йили аъзо бўлгандан сўнг тузилма сезиларли даражада куч ва обрўга эга бўлди. Зеро, Ўзбекистон ташкилотга қўшилиши би­лан туркий мамлакатлар занжиридаги муҳим камчилик бартараф этилди. Мамлакатимиз нафақат Марказий Осиё ва Евроосиё гео­сиёсатида, балки ТДТ доирасида ҳам алоҳи­да аҳамиятга эга. Шу боис, Ўзбекистоннинг унга аъзолиги туркий дунёнинг келажагида том маънода кескин бурилиш нуқтаси бўлди.

Ташкилот доирасида давлатимиз илга­ри сурган 60 дан зиёд таклиф ва ташаббус ТДТ фаолиятига янги мазмун бағишлади. 2023 йил ноябрда Остонада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Президентимизга туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлаш, туркий мамлакат­ларнинг манфаатлари ва қарашларини хал­қаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун юксак мукофот — Тур­кий дунёнинг олий ордени тантанали топши­рилди.

Мамлакат келажаги, барча соҳа ва лойи­ҳалар муваффақияти билимли, маънавият­ли инсонларга боғлиқ. Шу боис, охирги йилларда таълим сифатини яхшилаш, ўқи­тувчилар мавқеини юксалтириш бўйича кўп ишлар қилинди. Айниқса, олдинлари ўқув йили ибтидоси муаллимнинг ёзил­маган йиллик иш режасини пахта мавсу­мининг бошланиши белгилаб берарди. Қаҳратон қишга қадар давом этадиган бу мавсумни ўқитувчи ўқувчилари билан бир­га “ёлланма теримчи” сифатида далада ўт­казарди. Баҳор бошланиши билан яна дала юмушларига жалб қилинарди.

Бундан ташқари, ободонлаштириш, солиқ йиғиш, қурилиш ишларида дастёрлик ҳам ўқитувчиларнинг зиммасида эди. Бу хизмат­лари учун эса арзимаган маош тўланарди. Муаллимнинг обрўси, шаъни, қадри ҳамин­қадар баҳолангани туфайли аксарият ўқитув­чилар ишини ташлаб, бошқа соҳаларга ўтиб кетди.

Энди мамлакатимиз янги даврга қадам қўйди. 2017 йил сентябрдан бошлаб ўқи­тувчилар ўзига тегишли бўлмаган барча юмушдан озод этилди. Уларнинг олдида фа­қат ёш авлодни етук ва комил инсон қилиб тарбиялаш вазифаси қўйилди. Шу тариқа биз жамият ривожининг таянч нуқтасини топдик, бу таълим тизимидир! Педагоглар меҳнатининг қадрланиши, эъзозланиши, ижтимоий ҳимояга олингани бунинг исботи десак, хато қилмаган бўламиз.

Мактаб ўқитувчиларининг ойлиги 3-4, олий таълим профессор-ўқитувчиларининг ойлиги 4-5 баравар кўпайтирилди. Давлат ОТМ профессори 2017 йилда 2,5 миллион сўм маош олган бўлса, 2025 йил 1 сентябр­дан ўртача 14,5 миллион сўм ойлик олмоқ­да. Фаол педагогларга илмий даражаси учун бюджетдан 30-60 фоиз қўшимча ҳақ тўлан­моқда. Баъзи олий таълим ташкилотлари бюджетдан ташқари маблағи ҳисобидан яна бошқа устамалар бермоқда.

Ўқитувчиларнинг жамиятда обрўси, ижтимоий мақомини ошириш, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида янги таҳрирдаги Конституцияга алоҳида модда киритилди ҳамда Педагогнинг мақо­ми тўғрисидаги махсус қонун қабул қилин­ди. Барча вилоятларда иқтидорли болалар учун Президент мактаблари очилди, улар­нинг битирувчилари дунёнинг энг кучли университетларига кириш учун грантлар­ни қўлга киритмоқда. Хусусий таълим ривожлантирилди, ҳозир 450 дан ортиқ ху­сусий мактаб ва 60 дан зиёд нодавлат олий таълим ташкилоти фаолият юритмоқда.

Ҳа, бу йилги мустақиллик байрами баланд марралар, катта натижалар ва буюк мақсад­лар тантанаси сифатида кенг нишонланади. Уларнинг таъриф ва тавсифини бир мақолага сиғдириш мушкул. Энг муҳими, буни ҳар би­римиз ҳаётимиз, турмушимиз мисолида кўряпмиз. Биз ана шундай улкан имкониятларга тўла, қадримиз баланд, қаддимиз тик даврда яшаяпмиз. Янги Ўзбекистонни барпо этиш­га киришилган тарихий янгиланиш жараё­нининг ҳар бир йили катта ютуқлар, беқиёс ўзгаришлар билан кечаётгани барчамизнинг кўнглимизни тоғдек кўтаради, албатта.

Исмоил САИФНАЗАРОВ,

фалсафа фанлари доктори, профессор