“Дунё” ахборот агентлиги маълум қилишича, тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш, Ҳатай вилояти ҳокими Мустафо Масатли, маҳаллий расмийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққан Нуман Куртулмуш мазкур ташаббус Туркия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва биродарлик муносабатларининг амалий ифодаси эканини таъкидлади.
— Арсузда Ўзбекистоннинг буюк тарихи ва маданиятини акс эттирувчи номларнинг абадийлаштирилиши икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик рамзидир. Бу оғир кунларда биз билан елкадош бўлган ўзбек халқига бўлган юксак эҳтиромнинг яна бир кўринишидир, — деди у.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказини туркий дунёнинг муҳим маънавий ва илмий марказларидан бири сифатида эътироф этди. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва “Янги Ренессанс” ғояси доирасидаги ишлар юксак баҳоланди.
Ҳатай вилояти ҳокими Мустафо Масатли эса 2023 йил 6 февралда юз берган ҳалокатли зилзиладан кейин Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ёрдамни турк халқи ҳеч қачон унутмаслигини таъкидлади.
— Ҳатай аҳолиси номидан дўст ва қардош ўзбек халқига чуқур миннатдорлик билдираман. Ушбу турар-жой мажмуасига “Ўзбекистон маҳалласи” номи берилиши халқларимиз ўртасидаги абадий дўстликнинг ёрқин рамзидир, — деди Мустафо Масатли.
Маросим якунида иштирокчилар Шавкат Мирзиёев булвари ҳамда Тошкент ва Самарқанд кўчаларининг очилиши муносабати билан рамзий тасма кесишди.
Қайд этилишича, мазкур мажмуа 2023 йилги зилзиладан жабр кўрган Ҳатай вилоятини тиклашга қаратилган Ўзбекистоннинг гуманитар кўмаги самараларидан бири ҳисобланади. Лойиҳа икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва қардошлик муносабатларининг яна бир амалий ифодаси сифатида баҳоланмоқда.