Йўриқнома билан банкларни нақд пул билан таъминлаш, аҳолига ва тадбиркорларга нақд пул бериш, банкнот ва тангаларни муомалага чиқариш ҳамда банклар ўртасида нақд пулларни тақсимлаш тартиби белгиланди. Унга кўра:

Банклар ўртасида нақд пул тақсимоти электрон ташкил этилади.

“Нақд пулларнинг электрон майдони” дастурий мажмуаси орқали ортиқча нақд пулга эга банклар бошқа банкларга маблағ таклиф қилади, нақд пулга эҳтиёжи мавжуд банклар эса электрон талабнома юборади.

Нақд пуллар банклар ўртасида инкассация хизмати орқали етказиб берилади.

Нақд пулга бўлган эҳтиёж олдиндан режалаштирилади.

Банклар ҳар ойда нақд пул кирими ва чиқими бўйича прогноз тайёрлаб, уни ой бошланишидан камида 3 банк иш куни олдин электрон шаклда тақдим этади.

Банкнот ва тангаларга қўйиладиган талаблар белгиланди.

Муомалага чиқариладиган пул белгиларида қуйидагилар бўлиши шарт:

пулнинг рақамлар билан ифодаланган номинал қиймати;

пул белгиларини бир-биридан осон фарқлаш имконини берувчи ўлчам ва ранглар;

Марказий банкнинг номи;

пул белгиси дизайни ва намунаси тасдиқланган йил;

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ёки Давлат байроғи тасвири;

қалбакилаштиришдан ҳимояловчи элементлар.

Йўриқномага кўра, банкнотларда уларнинг серияси ва рақами, номинал қийматининг ёзув билан ифодаси, барча турдаги тўловлар учун қабул қилиниши мажбурийлиги ҳамда қалбакилаштирганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги ёзувлар бўлиши лозим.

Пул белгиларининг дизайнида Ўзбекистон тарихи, миллий маданияти, қадриятлари, буюк алломалар ва мамлакатимиз ютуқларини акс эттирувчи тасвирлардан фойдаланилади.

Пул белгиларидаги барча ёзувлар давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилади.

Бундан ташқари, пул белгилари инсон саломатлиги учун хавфсиз хомашёлардан тайёрланиши ва замонавий ҳимоя элементларига эга бўлиши керак.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг нақд пул олиш ҳуқуқи кафолатланади.

Банклар фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳисобварақларида мавжуд маблағлари доирасида нақд пул олишга бўлган талабларини биринчи талаб бўйича узлуксиз қондириши шарт.

Шунингдек, банклар муомаладаги нақд пулларни номинал қиймати бўйича монеликсиз қабул қилади.

Банкоматлар нақд пул билан таъминлаб борилади.

Банклар мижозларнинг нақд пулга бўлган эҳтиёжини ва банкоматлардаги нақд пул айланмасини мунтазам таҳлил қилади.

Нақд пул етишмаслиги кутилганда банклар қўшимча маблағларни жалб этиш чораларини кўради.

Пул белгиларини бепул айирбошлаш мумкин.

Марказий банк ва тижорат банклари талабга кўра бир номиналдаги пул белгиларини бошқа номиналдаги пул белгиларига ҳеч қандай тўлов ёки воситачилик ҳақисиз айирбошлайди.

Янги банкнот ва тангалар муомалага чиқарилишидан камида 1 ҳафта олдин бу ҳақда аҳолига хабар берилади.