Ижтимоий тармоқларда халқ тилида «Кадишев бозори» деб номланувчи «Авиасозлар» бозори ҳамда ундаги савдо расталари ва дўконлари бузилиши ҳақида тарқалган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг қайд этишича, «Авиасозлар» бозори ҳозирда одатий тартибда фаолият юритмоқда. Олиб борилаётган ишлар қонуний асосда ишлаётган савдо расталари ва объектларига дахл қилмайди.
Маълум қилинишича, гап бозорга туташ ҳудудда узоқ вақт давомида тартибсиз ва ўзбошимчалик билан ташкил этилган савдони тартибга келтириш ҳақида кетмоқда.
Ушбу ҳудудда айрим фуқаролар мева-сабзавот, гўшт маҳсулотлари ҳамда калла-почаларни тегишли рухсатномаларсиз, санитария-эпидемиология талабларини бузган ҳолда сотган. Масъуллар бу ҳолат озиқ-овқат хавфсизлиги учун хавф туғдирганини таъкидламоқда.
Шунингдек, тартибсиз савдо пиёдалар ҳаракати ва транспорт қатновига тўсқинлик қилиб, тирбандликлар, ноқонуний автотураргоҳлар ҳамда аҳоли ва харидорлар учун ноқулайликларни келтириб чиқаргани айтилди.
Шаҳар маъмурияти томонидан савдо инфратузилмасини замонавий шаҳар талаблари асосида тартибга солиш ишлари изчил давом эттирилаётгани билдирилди. Бу чоралар жамоат жойлари ва бозор ҳудудларида хавфсиз, қулай ва обод муҳит яратишга қаратилган.
Расмий маълумотга кўра, мазкур ҳудудда савдо қилиб келган фуқароларга бозор ичидаги қонуний ва махсус ажратилган муқобил жойлар таклиф этилмоқда.
Ҳудуддаги ишлар якунланганидан сўнг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиши, шунингдек, автомобиллар учун янги тураргоҳ ташкил этилиши режалаштирилган.