Янги Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон қадри туради. Инсон қадри деганда биз, аввало, жамиятда ҳар бир инсоннинг қобилияти, меҳнати ва имконияти тўлиқ намоён бўлиши учун шароит яратишни тушунамиз. Бу тамойилнинг энг муҳим йўналишларидан бири – хотин-қизлар қадр-қимматини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини оширишдир.
Бу борада мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий ва сиёсий асослар яратилди. 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси, шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сон Фармони мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва гендер тенгликни таъминлаш масаласини давлат сиёсати даражасига олиб чиқди. Шу асосда вазирликлар, идоралар, ҳудудлар, таълим ва ишлаб чиқариш тизимларида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш, уларни раҳбарликка тайёрлаш, бандлик, тадбиркорлик, таълим ва ижтимоий ҳимоя масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, парламент, маҳаллий кенгашлар, вазирликлар, идоралар, таълим, илм-фан, тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги ўрнини кучайтириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Бу жараён Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим белгиларидан бирига айланди. Чунки ҳақиқий тараққиёт фақат инфратузилма, завод, экспорт ёки рақамли технология билан эмас, балки инсон имконияти қанчалик очилгани билан ўлчанади. Шу маънода, қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам ушбу умуммиллий ислоҳотлардан четда туриши мумкин эмас эди. Аксинча, аграр соҳа бу йўналишда энг олдинги сафда бўлиши керак. Чунки мамлакат аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш, оилалар даромадини ошириш, ер ва сув ресурсларини асраш, иқлим ўзгаришига мослашиш, бандлик яратиш, қайта ишлаш ва экспорт занжирини кучайтириш каби вазифаларда хотин-қизлар меҳнати, билими, масъулияти ва ҳаётий тажрибаси беқиёс аҳамиятга эга.
Аграр соҳанинг тараққиётини хотин-қизлар иштирокисиз тўлиқ тасаввур қилиб бўлмайди.
Аёл фақат оила бекаси эмас. У аграр соҳада фермер, деҳқон, агроном, ветеринар, селекционер, биотехнолог, тадбиркор, олима, ўқитувчи, талаба, вазирлик ходими, лаборатория мутахассиси, озиқ-овқат технологи, қайта ишлаш корхонаси ишчиси, омборхона, логистика, савдо ва экспорт занжирининг масъул иштирокчиси бўлиши мумкин ва бўлмоқда. Аёл оила институтидан тортиб таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш, бизнес, тадбиркорлик ва раҳбарликкача бўлган барча жабҳаларда катта ўринга эга. У қаерда бўлмасин, тежамкорлик, маҳсулот сифати, тартиб-интизом, ҳисоб-китоб, меҳнат маданияти ва масъулиятни таъминлашга ҳисса қўшади. Шунинг учун аграр соҳада гендер тенглик ҳақида гапириш – фақат қишлоқда яшайдиган аёллар ҳақида гапириш эмас. Бу бутун агроозиқ-овқат тизими ҳақида гапиришдир: дала, ферма, томорқа, илмий институт, университет, лаборатория, омборхона, қайта ишлаш корхонаси, бозор, экспорт, вазирлик ва қарор қабул қилиш жараёнини бир бутун тизим сифатида кўришдир.
Авваллари гендер тенгликни баъзан нотўғри тушунган ҳолатлар ҳам бўлган. Гўё бу эркак ва аёлни бир-бирига қарама-қарши қўйишдек туюларди. Аслида эса унинг маъноси жуда содда: ким меҳнат қилса, унинг меҳнати кўринсин; ким қобилиятли бўлса, унга имконият берилсин; ким билим олишни истаса, йўли очилсин; ким фермер, агроном, ветеринар, тадбиркор, олим, муҳандис, технолог ёки раҳбар бўлишга лаёқатли бўлса, унинг олдида сунъий тўсиқлар бўлмасин. Оддий қилиб айтганда, гендер тенглик – бу оилани заифлаштириш эмас, оилани кучайтириш. Бу эркакни четга суриш эмас, хотин-қизлар салоҳиятини ҳам мамлакат тараққиётига тўлиқ қўшиш. Бу рақобат эмас, ҳамкорлик. Бу имтиёз эмас, адолат.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги учун бу масала нима учун муҳим?
Бу саволга жавоб оддий ва мантиқий: қишлоқ хўжалиги фақат ер, сув, уруғ, техника ва ўғитдан иборат эмас. Қишлоқ хўжалиги – бу одамлар соҳаси. Бу соҳада ҳар бир гектар ортида инсон меҳнати, ҳар бир тонна маҳсулот ортида оила даромади, ҳар бир технология ортида билим ва ишонч, ҳар бир экспорт шартномаси ортида меҳнат занжири, ҳар бир қайта ишланган маҳсулот ортида сифат ва масъулият туради. Президентимиз белгилаб берган инсон қадри тамойилидан келиб чиқиб, агар биз аграр соҳани замонавий, ақлли, рақобатбардош ва инсонпарвар соҳага айлантирмоқчи бўлсак, хотин-қизлар иштирокини чекка масала эмас, марказий ислоҳот йўналиши сифатида кўришимиз шарт.
Келинг, энди масаланинг яна бир жуда нозик ва ҳаётий томонига тўхталайлик: аёл ва озиқ-овқат хавфсизлиги.
Аёл озиқ-овқатни кўпинча фақат маҳсулот сифатида эмас, дастурхон, бола саломатлиги, оила баракаси ва исроф бўлмаслиги керак бўлган неъмат сифатида кўради. Она меҳри – Яратган ато этган гўзал фазилат. Она болаларни ажратмайди. Дастурхонда озиқ-овқат кам бўлса ҳам, у уни ҳаммага етказишга ҳаракат қилади. Бола оч қолмасин, кекса инсон эътиборсиз қолмасин, меҳмоннинг кўнгли синмасин, ортиқча маҳсулот исроф бўлмасин, қишга захира бўлсин – бу фақат рўзғор тажрибаси эмас, бу озиқ-овқат маданиятидир. Бу фазилатни фақат уй ичидаги оддий одат деб қарамаслик керак. Аслида, унда аграр сиёсат учун катта сабоқ бор.
Биринчиси – адолатли тақсимот. Озиқ-овқат хавфсизлиги фақат кўп маҳсулот етиштириш эмас. У етиштирилган маҳсулотнинг кимга, қандай, қанча ва қай тарзда етиб бориши ҳамдир. Аёлларнинг оила, жамоа, мактаб, боғча, маҳалла, бозор ва ишлаб чиқариш тизимидаги тажрибаси қарор қабул қилишда иштирок этса, дастурлар фақат тонна ва гектар билан эмас, инсон эҳтиёжи билан ҳам ўлчанади.
Иккинчиси – исрофни камайтириш. Аёллар кўпинча маҳсулотни қадрлаш, қайта ишлаш, сақлаш, тежаш ва исроф қилмаслик маданиятини оила ва иш жараёнида сақлаб келади. Озиқ-овқат исрофини камайтириш эса бугун глобал қишлоқ хўжалигининг энг муҳим вазифаларидан бири. Далада етиштирилган маҳсулот дастурхонгача етиб келмаса, сув, ер, меҳнат, ўғит, энергия ва вақт ҳам исроф бўлган бўлади.
Учинчиси – озиқ-овқат хавфсизлиги билан бирга озиқ-овқат сифати. Она боласига ёмон маҳсулот бермайди. Сифатсиз, бузилган, зарарли ёки ишончсиз маҳсулотни дастурхондан олиб ташлашга интилади. Бу оддий рўзғор одоби эмас, бу озиқ-овқат хавфсизлиги маданиятининг табиий асосидир. Қишлоқ хўжалигида сифат назорати, санитария, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва бозорга чиқариш жараёнларида хотин-қизлар иштирокини кучайтириш шунинг учун ҳам муҳим.
Тўртинчиси – келажак авлод ҳақида ўйлаш. Аёл кўп ҳолларда ер, сув, озиқ-овқат ва саломатликка фақат бугунги фойда нуқтаи назаридан қарамайди. У бола, оила ва эртанги кунни ўйлайди. Аграр сиёсатда ҳам айнан шундай узоқни кўрадиган, ҳаётга яқин, барқарор қарорлар керак.
Албатта, бу фазилатлар фақат аёлларга хос, эркакларда йўқ, дегани эмас. Аграр тараққиёт эркак ва аёлнинг ҳамкорлиги билан бўлади. Бироқ ҳаёт шуни кўрсатадики, хотин-қизларнинг оила, бола, озиқ-овқат, тежамкорлик, парвариш ва жамоа барқарорлигидаги тажрибаси қишлоқ хўжалиги қарорларини янада ҳаётий, инсоний ва узоқ муддатли қилади. Шунинг учун аёллар сиёсатда, бошқарувда, фермерликда, илмда, таълимда, корхонада ва агробизнесда қанча кўп иштирок этса, қарорлар ҳам шунча тўлиқ, адолатли ва барқарор бўлади.
Янги стратегия – кўзгу ва амалий жавоб
Шунинг учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО билан яқин ҳамкорликда муҳим қадам ташлади: 2025–2030 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалигида гендер тенглиги стратегияси қабул қилинди (Батафсил қуйидаги сайтда танишишингиз мумкин: https://www.fao.org/europe/news/detail/fao-releases-updated-gender-profile-to-guide-inclusive-agricultural-and-rural-development-in-uzbekistan/en).
Бу стратегия – оддий ҳужжат эмас. Бу – Президентимиз белгилаб берган инсон қадри, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий адолат ва барқарор тараққиёт сиёсатининг аграр соҳадаги амалий ифодасидир. Бу – аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган янги бошқарув маданияти. Бу – гендер масаласини “алоҳида ижтимоий мавзу” эмас, балки аграр соҳанинг самарадорлиги, рақобатбардошлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва инсонпарвар тараққиёти билан боғлиқ стратегик вазифа сифатида кўришдир.
ФАО билан тайёрланган миллий гендер профили бу жараён учун муҳим илмий-амалий асос бўлди. Бу нашр биз учун оддий халқаро ҳисобот эмас. Бу – кўзгу. У аграр тизимга яна бир кўз билан қарашга ундайди: хотин-қизлар қайси ресурсларга эга? Уларнинг меҳнати қай даражада кўринади? Улар ер, сув, молия, аграр маслаҳат, таълим, технология, илмий изланиш, қайта ишлаш, бозор ва раҳбарликка қандай киряпти? Қарор қабул қилиш жараёнида уларнинг овози эшитиляптими?
Кўзгу инсонни айбламайди. У бор ҳолатни кўрсатади. Агар юзда чанг бўлса, ойна айбдор эмас. У фақат “мана шу ерга эътибор беринг” дейди. ФАОнинг миллий гендер профили ҳам шундай: у аграр соҳадаги кучли томонларни ҳам, ечим кутаётган масалаларни ҳам кўрсатади. Энг муҳими, бу кўзгуга қараб туриб қолмаслик керак. Ташхисдан кейин даво, маълумотдан кейин сиёсат, стратегиядан кейин амал керак.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг гендер стратегияси ана шу амалий жавобдир.
Стратегия нимани назарда тутади?
Биринчидан, у қишлоқ хўжалиги соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган. Бу дегани – соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир инсон жинсидан қатъи назар билим, ресурс, малака ошириш, раҳбарлик, тадбиркорлик ва илмий-амалий имкониятлардан адолатли фойдаланиши керак.
Иккинчидан, стратегия аёлларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтиришни мақсад қилади. Чунки қарорлар столида аёл овози бўлмаса, оила эҳтиёжи, бола овқатланиши, маҳсулот исрофи, маҳаллий бозор, томорқа, кичик чорвачилик, уй шароитида қайта ишлаш, омборлаш, сақлаш ва озиқ-овқат сифати ҳақидаги ҳаётий тажриба ҳар доим ҳам тўлиқ акс этмайди.
Учинчидан, стратегия ресурслардан тенг фойдаланиш масаласини илгари суради. Ер, сув, молия, кредит, субсидия, аграр маслаҳат, уруғ, технология, рақамли платформа, қайта ишлаш ва бозорга кириш имкониятидан хотин-қизлар ҳам тўла фойдалана олиши керак.
Тўртинчидан, стратегия соҳада фаолият юритаётган лавозимларда хотин-қизлар улушини 30 фоизга етказишни муҳим мақсад қилиб белгилайди. Бу рақам ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Бу – бошқарувда аёллар иштирокини кенгайтириш, қарор қабул қилишда уларнинг овозини кучайтириш, илмий-таълим муассасаларида, тадқиқот институтларида, ҳудудий тизимларда ва аграр бошқарувда янги авлод аёл мутахассисларини тайёрлаш заруратидан келиб чиққан мақсад.
Бешинчидан, стратегия гендерга сезгир бюджетлаштириш, аёллар учун устоз-шогирдлик ва менторлик дастурлари, гендер статистикасини яхшилаш, аёллар кооперацияси, ўқувлар, жамоат тадбирлари ва хотин-қизларнинг агроозиқ-овқат тизимидаги ижобий қиёфасини кенг тарғиб қилиш каби йўналишларни ўз ичига олади.
Шу ўринда стратегия қабул қилиниши муносабати билан Тошкент шаҳрида “Қишлоқ хўжалигида гендер тенглиги – қишлоқни барқарор ривожлантиришнинг асоси” мавзусида юқори даражадаги Миллий мулоқот ўтказилганини алоҳида таъкидлаш керак. Унда давлат органлари, халқаро ташкилотлар, илмий доиралар, нодавлат ташкилотлар, фермер аёллар, тадбиркорлар ва аграр соҳа вакиллари иштирок этди. Бу мулоқотнинг аҳамияти шундаки, гендер масаласи кабинетдаги ҳужжат эмас, жамоатчилик, халқаро ҳамкорлар, олимлар ва амалиётчилар биргаликда муҳокама қиладиган очиқ ислоҳот майдонига айланди.
Стратегияни амалга ошириш учун ФАО, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ва бошқа ҳамкорлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. 2026–2030 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари, илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича маслаҳат кенгашлари ташкил этилди.
Бу ерда гап фақат тадбир ўтказиш ҳақида эмас. Гап институт яратиш ҳақида. Чунки ҳар қандай ислоҳотнинг тақдири унинг институти бор-йўқлигига боғлиқ. Агар гендер тенглик фақат бир кунлик йиғилиш бўлса, у тез унутилади. Агар у стратегияга, ҳаракатлар режасига, маслаҳат кенгашларига, статистикага, малака оширишга, бюджетлаштиришга ва раҳбарлик масъулиятига айланса, у ҳаётга кириб боради.
Стратегия қоғозда қолмаяпти: амалий қадамлар бошланди
Стратегиядан келиб чиқиб, 2025 йилда вазирлик тизимида бу борада қатор амалий ишлар бажарилди. Вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари, илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича Маслаҳат кенгашлари ташкил этилди. ФАО иштирокида “Қишлоқ хўжалигида гендер тенглиги – қишлоқни барқарор ривожлантиришнинг асоси” мавзусида Миллий мулоқот ўтказилди. Тадбир доирасида вазирлик, ФАО, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан “Аграр соҳа тараққиётида олима аёллар ўрни” мавзусида давра суҳбатлари, “Уч авлод учрашувлари” ташкил этилди. Соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилиб келаётган фаол хотин-қизлар, фермер аёллар ва олима аёллар эътироф этилди. Аёлларни фермерлик, томорқа хўжалиги ва агробизнесга кенг жалб этиш, уларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув курслари, семинар-тренинглар ва амалий машғулотлар ўтказилди.
Бу ишлар бир кунда пайдо бўлгани йўқ. 2024 йилда ҳам аграр секторда банд бўлган хотин-қизлар ва эркакларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув-семинарлар ташкил этилди. Унда соҳа ходимлари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этгани қайд этилган. Ҳар бир семинар, ҳар бир мулоқот, ҳар бир тренинг аслида катта ўзгаришнинг кичик, лекин зарур қадамидир.
Вазирлик тизимидаги рақамлар ҳам бизга икки хил хулоса беради. Бир томондан, хотин-қизлар соҳада фаол ишлаяпти, билим оляпти, малака оширяпти, фермерликка киряпти. Иккинчи томондан, бошқарув ва раҳбарликда уларнинг иштирокини янада кенгайтириш зарур. Бугун вазирлик тизимида 22 мингдан ортиқ ходим фаолият юритади, уларнинг 1,5 мингдан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Марказий аппаратда ҳам, бошқарув тизимида ҳам хотин-қизлар бор, лекин улар улушини ошириш олдимиздаги муҳим вазифадир.
Шу мақсадда стратегия доирасида соҳадаги лавозимларда аёллар улушини 30 фоизга етказиш асосий мақсадлардан бири сифатида белгиланган. Бу рақам қуруқ статистика эмас. Бу – қишлоқ хўжалиги бошқарувида янги нигоҳ, янги тажриба ва янги масъулият пайдо бўлиши дегани. Аёл раҳбарнинг кўпайиши фақат лавозим масаласи эмас. Бу қарор қабул қилиш жараёнида оила, қишлоқ, таълим, саломатлик ва инсонпарварлик нуқтаи назарининг кучайиши ҳамдир.
Амалий натижалар ҳам бор. 2022–2025 йиллар давомида “Аёллар дафтари”га киритилган 27,1 минг нафар хотин-қизларга 12,1 минг гектар ер ажратилди. Бугун республикада 91 712 та фермер хўжалигидан 3 145 тасини аёл ва қизлар бошқариб келмоқда. 2025 йил давомида ушбу аёл фермер хўжаликларига 1 триллион 556 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ва 21,8 миллиард сўм субсидиялар ажратилди.
Бу рақамлар ортида оддий инсон тақдири бор. Ер олган аёл учун бу фақат гектар эмас – бу ишонч. Кредит олган аёл учун бу фақат маблағ эмас – бу имконият. Субсидия олган аёл учун бу фақат ёрдам эмас – бу ўз меҳнатини кенгайтириш йўли. Фермер хўжалигини бошқараётган аёл учун бу фақат лавозим эмас – бу қишлоқдаги бошқа қизларга “мен ҳам қила оламан” деган ишонч манбаидир.
Шу маънода Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг миллий даражада “гендер чемпиони” сифатида эътироф этилиши тасодиф эмас. Бу эътироф ортида Президентимиз белгилаб берган сиёсий иродага амалий жавоб, халқаро ҳамкорлик, стратегия, тизимли иш, аёлларни қўллаб-қувватлаш ва аграр соҳада янги бошқарув маданиятини шакллантиришга қаратилган ҳаракат бор. Лекин ҳар қандай мукофотнинг энг катта маъноси – кейинги масъулиятдир. Чемпион бўлиш – финишга етиш эмас. Чемпион бўлиш – йўл кўрсатиш, натижани чуқурлаштириш ва уни ҳар бир ҳудуд, ҳар бир муассаса, ҳар бир фермер хўжалиги, ҳар бир корхона ва ҳар бир аёл ҳаётида кўрсатиш демакдир.
Қандай вазифалар олдимизда турибди?
Бугун дунёда қишлоқ хўжалиги янги босқичга кирмоқда. Сув танқислиги кучаймоқда. Иқлим ўзгармоқда. Тупроққа босим ортяпти. Бозор талабчан бўляпти. Озиқ-овқат хавфсизлиги ҳар бир давлат учун стратегик масалага айланмоқда. Бундай шароитда қишлоқ хўжалигини фақат техника ва инвестиция билан эмас, инсон капитали билан ҳам кучайтириш керак.
Инсон капитали деганда эса фақат дипломли кадрлар эмас, балки билимли деҳқон, масъулиятли фермер, илғор агроном, тадбиркор аёл, илмга интилган қиз, рақамли технологияни тушунадиган ёш мутахассис, озиқ-овқат технологи, логистика мутахассиси, бозорни тушунадиган тадбиркор ва жамоатда фикри эшитиладиган аёл ҳам тушунилади.
Бугун биз ақлли қишлоқ хўжалиги ҳақида кўп гапирамиз. Дронлар далани кузатади. Сенсорлар тупроқ намлигини ўлчайди. Рақамли платформалар фермерга маълумот беради. Сув тежовчи технологиялар ресурсни асрайди. Биотехнология, уруғчилик ва геномика ҳосилдорликни оширади. Лекин ҳақиқий ақлли қишлоқ хўжалиги фақат технологиядан иборат эмас. У инсонни ҳам кўрадиган тизим бўлиши керак.
Агар дрон даладаги касалликни кўрса-ю, бошқарув тизими хотин-қизларнинг кўринмас меҳнатини кўрмаса, бу ҳали тўлиқ ақлли тизим эмас. Агар сенсор тупроқ намлигини ўлчаса-ю, сиёсат аёлларнинг ресурсга етиш имкониятини ўлчамаса, бу ҳали тўлиқ адолатли бошқарув эмас. Агар экспорт рақамлари ўсса-ю, аёллар қиймат занжирида фақат арзон меҳнатчи бўлиб қолса, бу ҳали тўлиқ инсонпарвар тараққиёт эмас.
Энди олдимизда қуйидаги муҳим вазифалар турибди:
Биринчидан, гендер стратегияси ҳар бир ҳудудда тушунарли тилда тушунтирилиши керак. Бу ҳужжат фақат вазирлик кабинети ёки халқаро конференция материалларида қолиб кетмаслиги лозим. Вилоят, туман, фермер хўжалиги, аграр университет, коллеж, маҳалла, кооперация, корхона, омборхона, қайта ишлаш ва савдо тизими даражасида ҳам унинг маъноси тушунилиши керак.
Иккинчидан, гендер статистикаси кучайтирилиши зарур. Қанча аёл ўқиди? Қанча аёл кредит олди? Қанча аёл фермерлик қилаяпти? Қанча аёл раҳбарликка кўтарилди? Қанча аёл қайта ишлаш, логистика, экспорт ва агробизнесда фаол? Қайси ҳудудда тўсиқ кўпроқ? Қайси дастур ҳақиқий натижа берди? Бундай саволларга аниқ жавоб бўлмаса, сиёсат ҳам кўр-кўрона ҳаракат қилади.
Учинчидан, аёллар учун билим ва молия бирга бориши керак. Фақат ўқитиш етарли эмас, агар маблағга кириш бўлмаса. Фақат кредит бериш ҳам етарли эмас, агар агрономик, ҳуқуқий, бухгалтерия, рақамли саводхонлик ва бозор билими бўлмаса. Билимсиз молия хавфли; молиясиз билим самарасиз. Иккаласи бирга бўлса, тадбиркорлик ўсади.
Тўртинчидан, аёллар раҳбарлигига тайёрлов тизими керак. Раҳбарлик тасодифан пайдо бўлмайди. Устоз-шогирдлик, малака ошириш, амалиёт, жамоат олдида сўзлаш, рақамли кўникма, ҳуқуқий саводхонлик, лойиҳа бошқаруви – булар аёл мутахассисларнинг ўсиши учун зарур.
Бешинчидан, гендер тенглиги қишлоқ хўжалигининг барча янги йўналишларига кириши керак: рақамли агро-платформаларга, сув тежовчи технологияларга, иқлимга мослашув дастурларига, озиқ-овқат хавфсизлигига, кооперацияга, уруғчиликка, ветеринарияга, агробизнесга, экспортга, қайта ишлашга ва илмий тадқиқотларга.
Демак, қилинадиган ишлар талайгина. Осон бўлмаслиги ҳам аниқ, лекин йўлимиз тўғри.
Келажак Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги қандай бўлади?
У ерда далада дрон учади, аммо инсон қадри унутилмайди. У ерда сув тежовчи технология ишлайди, аммо оила ва жамият эҳтиёжи ҳисобга олинади. У ерда геномика ва биотехнология ривожланади, аммо оддий фермерга тушунарли тилда маслаҳат берилади. У ерда экспорт ошади, аммо аёл меҳнати арзон ва кўринмас бўлиб қолмайди. У ерда бозор фаол бўлади, лекин инсондан устун турмайди.
Бугун қишлоқ хўжалигига янги қараш керак. Ер – фақат ресурс эмас, ҳаёт манбаи. Сув – фақат ишлаб чиқариш воситаси эмас, авлодлар омонати. Илм – фақат мақола ёки патент эмас, халқ ҳаётига хизмат. Аёл – фақат ёрдамчи эмас, тараққиётнинг тўлақонли иштирокчиси.
Шунинг учун ФАОнинг миллий гендер профили бизга ойна тутди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025–2030 йилларга мўлжалланган гендер стратегияси эса шу ойнага қараб, амалий йўл танлади. Энди энг муҳим вазифа – бу стратегияни ҳаётга чуқур жорий этиш. Ҳар бир рақам ортида инсон борлигини, ҳар бир дастур ортида оила борлигини, ҳар бир имконият ортида келажак авлод борлигини унутмасликдир.
Ислоҳотнинг ҳақиқий мезони – ҳужжат қабул қилингани эмас, у инсон ҳаётида қандай ўзгариш яратганидир. Гендер стратегиясининг ҳам энг катта мақсади шу: хотин-қизларни кўриш, уларни эшитиш, қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон аграр тараққиётининг тенг ҳуқуқли бунёдкорига айлантириш. Аёл қадри кўринган далада барака, аёл овози эшитилган соҳада адолат кўпаяди. Янги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ҳам айнан шундай бўлиши керак: замонавий, ақлли, рақобатбардош, илмга таянган, бозорга очиқ, аммо энг аввало инсон қадрини юксак қўядиган соҳа.
Иброҳим Абдураҳмонов,
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, академик