Фанлар академиясида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига киритилган ўзгартишларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжуманида шу каби саволларга эътибор қаратилди.

Тадбирда Фанлар академияси, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари, етакчи тилшунослар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мутахассислар таъкидлашича, янги Қонун миллий алифбони такомиллаштириш, имло қоидаларидаги ноаниқликларни бартараф этиш ва ўзбек тилининг рақамли технологиялар ҳамда компьютер дастурларига мослашувини енгиллаштиришга қаратилган.

Матбуот анжуманида фуқароларни қизиқтирган муҳим масалалардан бири — мавжуд ҳужжатларни алмаштириш заруратига ҳам ойдинлик киритилди.

«Балки 10 йил, балки 15 йилдан кейин қайсидир ҳужжатимизни алмаштириш муддати келар. Ҳужжатларнинг ўзини алмаштириш муддати келмагунча, уларни қайтадан тайёрлаш мажбурияти йўқ. Ҳеч қандай ҳужжатларга мажбурий тарзда ўзгартиришлар киритилмайди», — деди Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Мақсуд Асадов.

Матбуот анжуманида янгиланган алифбога ўтиш босқичма-босқич ва фуқаролар учун қулай тарзда амалга оширилиши таъкидланди.

Қайд этилишича, киритилган ўзгартишлар ўзбек тилининг замонавий рақамли муҳитда қўлланишини осонлаштириш ва ёзувдаги айрим мураккабликларни бартараф этишга хизмат қилади.