Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги жорий йилги Ҳаж мавсуми олдидан хавфсизликни таъминлаш ва зиёратчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида янги тартиб ва чекловларни эълон қилди.
Унга кўра, 2026 йил 13 апрелдан бошлаб Маккага кириш учун махсус рухсатнома талаб қилинади. Рухсатномаси бўлмаган шахслар шаҳарга киритилмайди. Фақат Маккада яшаш рухсатномасига эга бўлганлар, Ҳаж визаси борлар ва муқаддас ҳудудларда ишлаш учун расмий рухсат олган шахсларга истисно қилинади.
Шунингдек, умра визаси билан келганлар учун мамлакатни тарк этишнинг сўнгги муддати 18 апрель этиб белгиланди.
18 апрелдан бошлаб 31 майга қадар умра рухсатномаларини бериш ҳам вақтинча тўхтатилади. Бу чеклов Саудия фуқаролари, Форс кўрфази давлатлари фуқаролари, мамлакат ичидаги резидентлар ва бошқа визалар эгаларига ҳам тааллуқли.
Бундан ташқари, 18 апрелдан эътиборан барча турдаги визалар эгаларига Макка шаҳрига кириш ёки у ерда қолиш тақиқланади. Фақат Ҳаж визасига эга бўлганларгина ушбу талабдан мустасно ҳисобланади.
Вазирлик ушбу талабларни бузган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жазо чоралари қўлланилишини таъкидлади.