“Биз таълим билан бир қаторда илм-фан, замонавий технология ва инновацияларни ҳам тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили деб биламиз”, дея таъкидлади Президентимиз.
Алишер Навоий илмни инсонни камолот сари етакловчи, жаҳолатни бартараф этиб, маънавий оламни ёритувчи буюк куч сифатида тараннум этган. Унинг:
Жаҳолатдан илму йироқ қилғай,
Билим ила кўнглинг чароғ қилғай
деган ҳикмати бугун ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ. Миллатимизнинг икки фидойиси илгари сурган бу даъваткор фикрлар ҳар биримизни ёш авлод маърифати ҳақида қайғуришга чорлайди. Чунки бугунги замон талаби бундай: энди билимни эгаллашнинг ўзи кифоя эмас, уни таҳлил қилиш, янги ғояга айлантириш, технология билан уйғунлаштириш ҳамда инсон ва жамият манфаатига хизмат қилдириш ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Инсоният цивилизациясининг энг буюк ютуқлари, аввало, инсон тафаккурининг юксалиши билан боғлиқ. Одам оловни ўзлаштирди, ёзувни кашф этди, табиат қонуниятларини англади, коинот сирларини ўрганди, электр ва компьютерни ихтиро қилди. Бугун эса сунъий интеллект инсон тафаккурининг имкониятлари билан янги технологик босқични бошлаб бермоқда.
Шубҳасиз, тамаддуннинг асосий моҳияти билимнинг авлоддан авлодга ўтиши, янги билимга айланиши ва инсон ҳаётини ўзгартиришидир.
Учинчи Ренессанснинг
энг катта таянчи
Янги Ўзбекистон фалсафаси замирида инсон қадрини улуғлаш, халқ билан мулоқотни давлат бошқарувининг муҳим мезонига айлантириш ва ислоҳотлар самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётида акс эттиришдек теран ғоя мужассам.
Бугун минглаб маҳаллаларимизга янги Ўзбекистоннинг янги қиёфаси ва янгича тафаккури кириб бормоқда. Илгари мамлакатимиз иқтисодиётига йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, бугун ушбу кўрсаткич 40-50 миллиард долларга етмоқда.
Шу маънода, сўнгги ўн йилликда мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти ва стратегик аҳамиятини чуқур англаш учун илм-фан ва таълим тизимида юз берган ўзгаришларга назар ташлашнинг ўзи кифоя.
Зеро, мазкур янгиланишлар тасодифий эмас. Улар янги Ўзбекистонни барпо этишнинг узоқ муддатли мақсад ва вазифаларига уйғун стратегик қарорлар, изчил ислоҳотлар ҳамда давлатимиз раҳбарининг таълим-тарбия ва илм-фан соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратаётган доимий эътибори ва алоҳида меҳрининг мантиқий натижасидир.
Дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш, глобал рақобат муҳитида тараққиёт йўлимизни ишонч билан давом эттириш учун бизга, энг аввало, билимли, келажак касбларини пухта эгаллаган, креатив фикрлайдиган янги авлод мутахассислари керак. Зеро, замон ўзгаргани сари меҳнат бозори ҳам, таълимнинг вазифаси ҳам трансформация жараёнини бошдан кечирмоқда.
Шу боис, мамлакатимиз таълим тизимидаги ислоҳотлар жамиятнинг устозга ва маърифатга муносабатини ҳам тубдан ўзгартирди. Муаллимнинг жамиятдаги обрў-эътиборини тиклаш, меҳнатини муносиб қадрлаш ва даромадини изчил ошириб бориш бу жараённинг муҳим таркибий қисмига айланмоқда.
Эътиборлиси, ўтган ўн йилда аҳоли сони 8 миллионга кўпайгани ҳолда боғча қамрови 78 фоизга етказилди. Мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни очилди. Президент, ижод ва ихтисослашган мактабларнинг ташкил этилгани фарзандларимизга етакчи хорижий таълим масканларидагидан кам бўлмаган даражада чуқур билим олиш учун кенг имкониятлар эшигини очди.
Мустақиллик арафасида янги Ўзбекистон университети, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети, Ўзбекистон миллий кутубхонасининг муҳташам бинолари очилди.
Бундан ташқари, ёшларнинг хорижий тиллар ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун ҳам муносиб шароит яратилмоқда. Бу, аслида, ёшларга дунё билан мулоқот қилиш, билим ва тажриба алмашиш, ўз салоҳиятини халқаро миқёсда намоён этиш имкониятини бериш демакдир.
Олий таълим учун яратилаётган имкониятлар ҳисобига ҳозир талабалар сони 1 миллион 600 мингга етди. Ёшларнинг билим олишга иштиёқи кучайди. Ота-оналар учун фарзандини олий маълумотли қилиш эришиш мумкин бўлган аниқ мақсадга айланди.
Айниқса, талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани ўзига хос воқеадир. Зеро, аёлнинг таълим олиши — бир инсоннинг эмас, бутун бир авлоднинг интеллектуал келажагига қўйилган сармоя. Маърифатли қиз — билимли оила, бу эса, ўз навбатида, билимли авлод, пировардида маърифатли жамият демакдир.
Шунингдек, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг 7 та олий таълим муассасаси QS World University Rankings, 4 таси Times Higher Education World University Rankings, 59 таси эса THE Impact Rankings халқаро рейтингларига киритилди. Бу кўрсаткичлар мамлакатимизни Марказий Осиё ва Кавказ минтақасида мазкур рейтинглар бўйича етакчи давлатлардан бирига айлантирди. Ушбу натижалар янги Ўзбекистонда инсон капиталига сармоя киритиш, илм-фан ва таълимни давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида ривожлантириш ўзининг амалий самарасини бераётганини яққол намоён этмоқда.
Бу эса юртимизга инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва бошқарув тажрибаси, янги ишлаб чиқариш маданияти ҳамда иқтисодий имкониятлар кириб келяпти дегани. Натижада ислоҳотлар инсоннинг билими ва малакаси, меҳнат салоҳияти ва ҳаёт сифатида намоён бўлаётганини кўрсатади.
Шу маънода, Президентимизнинг таълим ва илмга меҳри ҳамда эътиборини миллатнинг интеллектуал келажагига қўйилаётган пойдевор сифатида англаш лозим. Чунки янги Ўзбекистоннинг илмли авлоди улкан қийматга эга инсон капиталидир.
Умуммиллий ҳаракат
Билим олиш фақат мактаб ёки университетнинг вазифаси эмаслигини тушуниб турибмиз. У инсон ҳаётининг муайян даврида эмас, балки бутун умр давом этадиган жараён. Бугун тез ўзгараётган дунёда бир марта эгалланган билимнинг ўзи кифоя қилмайди. Янги касблар, янги технологиялар, янги ижтимоий муносабатлар инсондан мунтазам ўрганиш, ўз устида ишлаш ва кўникмаларини янгилаб боришни талаб этмоқда.
Аслида, билимга эҳтиёжнинг инсон умри давомида сақланиши тараққий этган жамиятнинг муҳим белгиларидан. Шу маънода, таълимнинг ҳақиқий мақсади инсонни фақат бир касбга тайёрлаш эмас, балки уни бутун умр давомида ўрганиш ва ўзгаришга қодир шахс сифатида шакллантиришдир.
Бугун боғча ва мактаб ёшидаги болалардан тортиб, катта ёшдагиларга қадар турли авлод вакилларининг илм ўрганиш, янги касб ва замонавий кўникмаларни эгаллашга интилаётгани бежиз эмас. Бу интилишни мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам кўриш мумкин.
Таътил кунларида Бахмал туманидаги чекка қишлоқлардан бирида бўлганимда, ёзнинг иссиқ кунларига қарамай, ёшларнинг хорижий тиллар, математика каби фанлар бўйича ташкил этилган тўгаракларда кун давомида машғул бўлиб, ўз билими ва кўникмаларини оширишга интилаётганига гувоҳ бўлдим. Бу оддий манзара эмас, менимча. Чунки бир вақтлар қўшимча таълим, хорижий тил ёки замонавий касб ўрганишга асосан йирик шаҳарларга хос имконият сифатида қаралган бўлса, бугун бундай эҳтиёж чекка қишлоқларда ҳам тобора кучайиб бормоқда.
Мазкур тенденцияни рақамлар аниқ кўрсатиб турибди. Хусусан, 2025/2026 ўқув йили бошида мамлакатда 551 та нодавлат умумий ўрта таълим муассасаси фаолият юритган. Нодавлат умумий ўрта таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчилар сони 2016/2017 ўқув йилидаги 5309 дан 2025/2026 ўқув йилида 157 минг 471 нафарга етди. Бу қарийб 30 баробар ўсиш демакдир.
Шу маънода, ёшларнинг шахсий ривожланишга интилишини бугун бемалол умуммиллий ҳаракат деб аташ мумкин. Замонавий тил билан айтганда, ўз устида ишлаш, янги тил ва касб ўрганиш, замонавий кўникмаларни эгаллаш оддий тренддан кўра кенгроқ мазмун касб этмоқда. Бу — янги ҳаёт тарзи, янги тафаккур маданияти, энг муҳими, инсон ўз келажагини ўзи яратиши мумкинлигига ишончнинг кучайиши.
Мустаҳкам пойдевор
Инсоннинг билим олишга муносабати, фикрлаш қобилияти ва янги кўникмаларни ўзлаштириш салоҳияти пойдевори айнан мактабгача таълим даврида шакллана бошлайди.
Бинобарин, 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига болалар қамровини қисқа муддатда 100 фоизга етказиш вазифасининг белгиланиши стратегик аҳамиятга эга. Бунда хусусий боғчалар ташкил этиш бўйича имтиёзларни сақлаб қолиш орқали таълим хизматларини кенгайтириш ва ота-оналар учун танлов имкониятини таъминлаш ҳам назарда тутилмоқда. Бугун боланинг тайёрлов гуруҳида олган кўникмаси эртага мактабдаги ўзлаштиришига, кейинчалик касбий танлови ва узоқ истиқболда меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигига таъсир қилади. Асосий мезон барибир олинган билим сифати ва уни ҳаётда қўллай олиш қобилиятидир.
2026 йил 8 сентябрда PISA — 2025 халқаро баҳолаш дастури натижалари расман эълон қилинди. Унда 91 мамлакат ва таълим тизимидан 760 мингдан ортиқ 15 ёшли ўқувчи иштирок этди. Ўзбекистондан халқаро танлов асосида 233 та мактабда таҳсил олаётган 8652 нафар 15 ёшли ўқувчи қамраб олинди. Ўзбекистонлик ўқувчилар табиий фанлар бўйича 438 балл тўплади. Бу 2022 йилдаги 355 баллга нисбатан 83 балли ўсиш демакдир. 2025 йилда Ўзбекистон 91 мамлакат ва таълим тизими орасида 48-ўринни қайд этди. ИҲТТ ҳам 2022–2025 йиллар оралиғидаги 83 балли ўсишни иштирокчилар орасидаги энг катта ўсишлардан бири сифатида қайд этган.
Бироқ PISA натижалари бизга олдимизда турган вазифаларни ҳам кўрсатади. Энг муҳими, Президентимиз таъкидлаганидек, халқаро баҳолаш дастурларида иштирок этиш энди айрим мактаблар ёки алоҳида тадқиқотлар доирасидаги жараён бўлиб қолмайди. Барча мактабларни халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олиш вазифаси таълим сифатини баҳолашда ягона ва холис мезонларни шакллантиради.
Тарихий бурилиш остонасида
Бугун инсоният бир вақтнинг ўзида бир нечта улкан хавф билан юзма-юз турибди. Иқлим ўзгариши, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика, киберхавфсизлик, демографик жараёнлар, янги технологиялар ва сунъий интеллект — буларнинг ҳар бири нафақат янги ечимларни, балки янги билим, янги тафаккур ва янгича касбий кўникмаларни талаб этмоқда.
Илгариги бир авлод эгаллаган билим кейинги авлод учун етарли таянч бўлиб хизмат қилган бўлса, бугун билимнинг яроқлилик муддати қисқариб бормоқда. Шу боис, замонавий инсон учун мунтазам ўрганиш қобилияти энг муҳим кўникмалардан бирига айланмоқда.
Бугун инсоният яна бир тарихий бурилиш остонасида турибди. Сунъий интеллект инсон тафаккурининг имкониятларини рақамли муҳитда кенгайтиришга хизмат қилаётган янги восита сифатида намоён бўлмоқда. У ахборотни излаш, таҳлил қилиш, таржима, моделлаштириш, дастурлаш, илмий изланиш ва ижодий жараёнларнинг кўплаб босқичларига кириб келмоқда.
Шу маънода, биз шартли равишда сунъий интеллектгача бўлган ва сунъий интеллект кенг қўлланаётган давр ўртасидаги улкан цивилизацион ўзгариш жараёнини бошдан кечирмоқдамиз. Аммо тарих бизга бир ҳақиқатни ўргатган: технологик инқилобнинг ҳақиқий қиймати инсоннинг ундан қандай мақсадда фойдаланиши билан белгиланади.
Президентимиз нутқида АT, сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт каби йўналишларни ривожлантиришга янгича суръат бошлангани таъкидланди. Айни жараён доирасида 10 миллион ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кириш мақсади ҳам илгари сурилмоқда. Бу ўзгариб бораётган меҳнат бозори ва келажак касбларига тайёрлаш орқали ёшларимизни глобал рақобат муҳитидан муносиб ўрин эгаллашга тайёрлаш демакдир. Зеро, глобал рақобат тобора билим, малака, технология ва креативлик салоҳияти атрофида кечмоқда.
Бу жараёнда ёшларнинг салоҳиятини янги ғояларни яратиш ва иқтисодий қийматга айлантириш ҳам муҳим. Президентимиз таъкидлаганидек, “Ёшларимизнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланади”. Бу ёндашув ёшларни креатив иқтисодиётнинг фаол субъекти сифатида шакллантиришга хизмат қилади.
Бундай мақсадлар, ўз навбатида, келажак авлод таълими қандай бўлиши керак деган муҳим саволни кун тартибига қўяди. Менимча, келажак таълими, аввало, мослашувчан кўникмаларни ривожлантириш, сунъий интеллектни таълим жараёнига оқилона интеграция қилиш ва инсоннинг бутун умр узлуксиз таълим олишини таъминлаш тамойилларига таяниши лозим. Чунки келажак касбларини бугунги таълим мезонлари билан тўлиқ белгилаб бўлмайди. Биз ёшларга муайян касбдан кўра, ўзгариб бораётган дунёда янги билим ва кўникмаларни мустақил эгаллаш қобилиятини беришимиз керак.
Сунъий интеллект таълим соҳасига жадал кириб келаётган бир пайтда унинг имкониятларидан оқилона фойдаланиш билан бирга эҳтимолий хавфларни ҳам англаш муҳим. PISA асосчиларидан бири Андреас Шлейхернинг мулоҳазаларига кўра, сунъий интеллектни таълим тизимига масъулиятсиз жорий этиш мустақил тафаккур қилишга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун у таълимда инсон тафаккурининг ўрнини эгаллаши мумкин эмас. Аксинча, одамнинг билиш, таҳлил қилиш ва яратиш имкониятларини кенгайтирувчи восита сифатида қаралиши лозим. Демак, сунъий интеллект даврида танқидий фикрлаш интеллектуал хавфсизликнинг муҳим шартига айланишини асло ёддан чиқармаслигимиз шарт.
Назария ва амалиётни боғловчи кўприк
Шу йил 28 сентябрь куни Президентимиз ҳузурида мактаб таълимида янги авлод дарсликларини жорий этиш ҳамда олий таълим муассасалари ва корхоналар ҳамкорлигида дуал таълимни кенгайтириш бўйича тақдимот ўтказилди. Унда таълим стандарти, ўқув дастури, дарслик ва баҳолаш тизимини узвий боғлиқ ҳолда шакллантириш, дарсликларда ўқувчиларнинг танқидий фикрлаш, мулоқот, ҳамкорлик ва ижодкорлик кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратиш белгиланди. Шунингдек, учинчи ва тўртинчи босқич талабаларининг камида 80 фоизини, яъни 185 минг ёшни дуал таълимга қамраб олиш, 2027/2028 ўқув йилида 75 олийгоҳ ва 3500 корхонани жалб этиш режалаштирилмоқда. Бунда талабаларга тўланган иш ҳақининг 50 фоизини субсидия қилиш, корхоналарга божхона ва амортизация бўйича имтиёзлар бериш, 25 нафардан ортиқ талабани амалиётга қабул қилган корхоналарга давлат харидларида преференциялар қўллаш кўзда тутилмоқда. Мазкур ёндашувлар таълим ва амалиётнинг узвийлигини таъминлаб, ёшларни замонавий билим ва касбий кўникмаларга эга рақобатбардош кадрлар этиб тайёрлашга хизмат қилади.
Билим капиталга айланиши учун назария билан амалиёт туташиши керак. Шу нуқтаи назардан, дуал таълимнинг аҳамияти катта. Унда таълим муассасасида олинган назарий билим иш жойидаги амалий тажриба билан уйғунлашади. Ёшлар касбни фақат китобдан ўрганмайди, аксинча, унинг моҳиятини иш жараёнида англайди, жамоага мослашади, масъулиятни ҳис қилади ва ўз меҳнатининг натижасини кўради. Шу маънода, замонавий таълимнинг муҳим вазифаларидан бири назария билан амалиёт ўртасида мустаҳкам кўприк яратиш, билимни реал ҳаётда қўллашга ўргатишдан иборат.
Бугун мамлакатимиздаги 595 техникумда 329 касб ва мутахассислик бўйича 437,8 минг ёш таълим олмоқда. Уларнинг 67,4 минги 17 мингдан ортиқ иш берувчи билан ҳамкорликда дуал таълимга жалб этилган.
Президентимиз юртимиздаги техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этиш, ёшларимизни юқори даромадли касбларга ўқитишни йўлга қўйиш ва қамровни 1 миллионга етказиш орқали янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмаслигига эришиш вазифасини белгилаб берди. Бунинг замирида ёшларга ҳаётда ўз ўрнини топиш имкониятини бериш эзгу мақсади мужассам. Айниқса, техникумларда халқаро таълим стандартларининг жорий этилиши касбий таълим олдига янги талабларни қўяди.
Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган “Иккинчи имкон” лойиҳаси инсонпарвар ёндашувнинг амалий ифодасидир. Унда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган ёшларнинг ижтимоий ҳаётга тез мослашишини таъминлаш мақсадида замонавий касб ва кўникмаларга эга бўлишга қаратилган комплекс ёндашув назарда тутилган.
Яқинда Қашқадарё вилоятидаги ёпиқ муассасаларга миллий превентив механизм доирасида Омбудсман ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари билан мониторинг ташрифлари давомида ушбу лойиҳанинг том маънодаги инсон қадри лойиҳасига айланиб бораётганига гувоҳ бўлдик.
Энг муҳими, бу ерда ёшларга шунчаки бўш вақтини мазмунли ўтказиш ёки бирор ҳунарни ўргатиш эмас, замонавий ҳаёт ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш учун зарур бўлган янги билим ва кўникмаларни эгаллаш имконияти яратилмоқда. Улар АT, рақамли кўникмалар, хорижий тиллар ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган бошқа замонавий касб ҳамда мутахассисликларни ўрганиб, янги ҳаёт йўлини қуришга тайёргарлик кўрмоқда.
Бу жуда муҳим. Чунки жиноят йўлига қайта кириб қолмаслиги учун уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, қонуний меҳнат орқали ўз келажагини қуриши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ниҳоятда долзарб. Бунинг учун эса инсонга фақат озодликнинг ўзи эмас, янги ҳаёт қуриш учун зарур билим, касб, кўникма ва ишонч ҳам керак.
Шу маънода, “Иккинчи имкон”нинг энг катта қиймати инсонга фақат кечаги кунидан воз кечишни эмас, балки эртанги кунга тайёргарлик кўриш имкони берилишидадир. Касб эгаллаётган, АT ва рақамли технологияларни ўзлаштираётган, хорижий тил ўрганаётган ёш ўз келажагини кутиб ўтирмайди. Унинг учун зарур бўлган салоҳиятни бугундан шакллантиради.
Президентимиз илгари сураётган “Ҳеч ким ўз муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги керак” деган улуғвор ғоянинг моҳияти ҳам шунда. Инсонни фақат қилган хатоси билан эмас, унинг ўзгариш, ўрганиш, меҳнат қилиш ва жамиятга фойда келтириш салоҳияти билан ҳам кўра билиш инсон қадрини улуғлашнинг юксак ифодасидир.
Умуман олганда, касб-ҳунарни эгаллашга рағбат инсон ҳаётида ўз қобилиятини англаш ва уни ижтимоий-иқтисодий қийматга айлантиришга хизмат қилмоқда. Ҳар бир ёш ўз истеъдоди ва қизиқишини кашф этиши, уни муайян касбий маҳоратга айлантириши ва ўз меҳнати орқали муносиб ҳаёт қуриши учун зарур шароитга эга бўлиши керак.
Бекзод НАРИМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари, юридик фанлар доктори