Айниқса, касби доимий равишда ахборот билан ишлашга асосланган журналист учун бу босим яққолроқ сезилади. Кутилмаганда бир кун телефонсиз қолиш тажрибаси эса мен учун фақатгина кундалик ноқулайлик эмас, балки жиддий руҳий қайта тикланиш ва ҳаётий қадриятларни қайта баҳолаш фурсати бўлди.
Телефонни бир кунга четга қўйиш осонми? Айниқса, иши ахборот оқими билан чамбарчас боғлиқ журналист учун-чи? Бир қарашда бу деярли имконсиздек туюлади. Аммо кундалик суръатлар ичида тасодифан телефонни уйда унутиб, бир кун ундан бутунлай узоқда қолганимда, мен кутмаган бир муҳим ҳақиқатни англадим: баъзан нафақат кўзларимиз, балки миямиз ҳам рақамли экранлар чарчоғидан ҳордиққа муҳтож экан.
Уйдан чиқиб, анча узоққа кетгачгина телефон уйда қолганини пайқадим.
Аввалига бунга унчалик аҳамият бермадим ва “Бир кун телефонсиз юравераман”, деб ўйладим. Лекин кўп ўтмай, замонавий инсон ҳар қадамида алоқа воситаларига қанчалик боғланиб қолганини ҳис қилдим.
Бугун кўпчилик сингари мен ҳам манзилга етиб боришда харита ва локация хизматларига ўрганиб қолганман. Қаердан қайрилиш, қайси йўлдан боришни бир неча босиш орқали ҳал қилишга одатланганмиз. Телефон бўлмаганида эса йўлни мантиқ ва атрофдаги белгилар орқали мустақил излай бошлар экансан. Қолаверса, ҳар бир чиройли манзарани ёки кундалик воқеани зудлик билан суратга олиб, ижтимоий тармоқларга юклаш истаги ҳам йўқолди. Мен шунчаки манзарани телефон экрани орқали эмас, бевосита ўз кўзларим билан томоша қилдим. Балким, бу куннинг энг гўзал жиҳати ҳам шу бўлгандир.
Менинг касбим доимий равишда янгиликларни кузатиб боришни талаб қилади. Интернетдаги сўнгги хабарлар, муҳокамалар, видеолар ва ижтимоий тармоқдаги муносабатлар кундалик фаолиятимнинг ўзагини ташкил этади. Табиийки, “Бугун интернетда нима янгилик чиқдикин?” деган савол миямда айланиши керакдек эди.
Лекин ажабланарлиси — бу сафар бундай эҳтиёж ҳам, безовталик ҳам бўлмади. Қолаверса, ахборот оқими фақатгина қувончли воқеалардан иборат эмас. Кун давомида ўқиладиган турли салбий хабарлар, фожиалар, низолар ва жиноятлар инсон руҳиятига сезиларли даражада босим ўтказади. Бир кунлик “ахборот таътили” менга ана шу руҳий оғирликдан мутлақо халос бўлиш имконини берди. Янглишиб бирор ёмон хабарни ўқиб қолмадим, ҳеч нарсани ўтказиб юбораётганимдан хавотирга тушмадим. Кун охирида сезганим энг катта ўзгариш шу бўлдики, миям одатдагидек чарчамаган эди. Одатда телефонни титкилаш жараёнида жисмонан тинч ўтирсак ҳам, мия тинимсиз рақамли маълумотларни қайта ишлайди. Ҳар бир билдиришнома овоз чалғитади, диққатни бўлади. Ўша куни эса ҳеч қандай чалғитма овозлар бўлмади. Шунчаки атрофни кузатдим, инсонлар билан жонли мулоқот қилдим ва ўз хаёлларим билан ёлғиз қолдим.
Бунинг табиий натижаси сифатида кечки уйқу ҳам бошқача келди. Ухлашдан олдин одатга айланганидек экранни варақламасдан, хабарлар ўқимасдан хотиржам ухладим. Тонггача бўлган оромимиз телефон соясида қанчалик бузилганини айнан шу кеча яққол ҳис қилдим. Албатта, бу тажрибадан кейин жамиятдан ажралиб яшаш ёки технологиялардан бутунлай воз кечиш керак, деган хулосага келиб бўлмайди. Замонавий дунёда алоқа воситалари ҳаётимизни сезиларли даражада осонлаштиради. Аммо муаммо телефоннинг ўзида эмас, балки бизнинг унга ҳаддан ташқари ружу қўйганимиздадир. Шунчаки одат бўлгани учун ёки мақсадсиз равишда экранни ёқаверамиз.
Балки инсонга вақти-вақти билан ахборотдан холи давр — детокс керакдир? Ҳар бир бўш дақиқани рақамли маълумотлар билан тўлдирмасдан, баъзан телефонни четга суриб, ҳаётнинг ўз гўзаллигини кўриш вақти келди. Чунки дунёдаги барча хабарларни билиш мумкин ҳам, шарт ҳам эмас. Энг муҳими — ўз руҳий соғлиғимиз ва ички хотиржамлигимизни асраб қолишдир.
Зулхумор Акбарова