Қонун лойиҳасига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар болага қарши жиноятлар ҳақида маълумот олганида жиноят ишини қўзғатиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилса, бу ҳақда Болалар омбудсманини хабардор қилиши шарт бўлади.
Таъкидланишича, мазкур тартиб суд жараёнларида, жумладан, вояга етмаганларга оид ишлар бўйича болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада тўлиқ ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, қонун лойиҳасида Болалар омбудсманининг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатлари ҳам белгиланмоқда. Унга кўра, бола манфаатларини кўзлаб фуқаролик ва маъмурий судларга ариза, шикоят ҳамда даъволар билан мурожаат қилишда вакил давлат божидан озод этилиши таклиф қилинмоқда.
Лойиҳада Болалар омбудсманининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш, уни сайлаш, дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳамда парламентга тақдим этадиган маърузасини эшитиш тартибини белгилаш масалалари ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Болалар омбудсмани билан мажбурий келишилиши белгиланмоқда.
Мажлис якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.