Ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 21 апрель куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи М.С. вақтинча васийлигида бўлган 2017 ва 2019 йилларда туғилган қизларга нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказган. У болаларнинг хорижда бўлган онасидан пул ундириш мақсадида зўравонлик ҳаракатларини содир этиб, бу жараённи видео тасвирга олган.
Ҳолат жойига чиққан Болалар омбудсманининг ҳудудий вакили томонидан болаларни ҳимоя қилиш юзасидан зарур тезкор чоралар кўрилди.
Ҳозирда туман ички ишлар бўлими томонидан ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Шу билан бирга, васийлик органи — «Инсон» маркази масъуллари томонидан М.С. васийликдан четлатилди.
Болаларга етказилган тан жароҳатлари даражасини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинланган. Шунингдек, уларнинг руҳий ҳолатини барқарорлаштириш учун психолог жалб этилди.
Қизлар тумандаги оилавий болалар уйига жойлаштирилиб, улар учун хавфсиз муҳит яратилди ҳамда таълим муассасаларига расмийлаштирилди.
Айни пайтда хорижда бўлган онанинг ота-оналик мажбуриятларини бажариш даражаси ҳам ўрганилмоқда.
Болалар омбудсмани мазкур ҳолат бўйича болалар манфаатларини таъминлаш мақсадида назоратни давом эттирмоқда.